Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳиндистон 2040 йилда Ойга ўз космонавтини учиради
Ҳиндистон космик тадқиқотлар ташкилоти 2040 йилда Ойга ўз космонавтини учиришини ва у Ернинг табиий йўлдошига мамлакат байроғини ўрнатишини маълум қилди.
Ҳиндистон ўз космонавтини 2040 йилга бориб Ойга қўндиришга мўлжалланган космик дастурни яратди. Бу ҳақда Ҳиндистон космик тадқиқотлар ташкилоти (ISRO) раиси Шридхара Соманатх маълум қилди.
«Мустақиллигимизнинг 100 йиллигини нишонлаётган вақтимизда Ойда Ҳиндистон байроғи ҳилпираётган бўлади. Бизнинг одамимиз у ерга бориб, байроқни ўрнатади ва муваффақиятли қайтиб келади. Бу 2040 йилда содир бўлади», — дейди Соманатх.
Унинг сўзларига кўра, мазкур йўл харитаси доирасида Ҳиндистон 10 йилдан кейин ўзининг космик станциясини қуришни режалаштирмоқда. 2028 йилда учириладиган космик станция модули станцияни тўлиқ ишга туширишга замин яратади.
Жорий йилнинг октябрида ISRO Венера сайёрасини ўрганишга оид режаларини эълон қилганди. Унга кўра, Shukrayan-1 номини олган миссия 2028 йилнинг 29 март куни старт олади.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг ёзида Ҳиндистон Ойга космик кемасини муваффақиятли учирган эди. Ҳиндистон космик дастури 1960 йиллардан бери мавжуд. Дастлаб коинотга сунъий йўлдошларни учиришга эътибор қаратилди. Мамлакат энди ўз олдига янада улкан мақсадларни қўймоқда.