Ўзбекистоннинг иқтисодий хавфсизлиги учун муҳим – ИҲТ қандай ташкилот?
8-9 ноябр кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммити бўлиб ўтади. Kun.uz саммит олдидан ИҲТ қандай ташкилотлиги ва Ўзбекистон учун унинг аҳамияти ҳақида видео шарҳ тайёрлади. Иқтисодчи Орифжон Намозовга кўра, Ўзбекистон йирик давлатлар ўртасида қолиб кетмаслиги учун иқтисодиётини диверсификация қилиши керак – ИҲТ шунга имкон беради.
Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти аъзо мамлакатларнинг иқтисодий, маданий, фан ва техникавий ҳамкорлиги бўйича ташкил этилган халқаро минтақавий ташкилот бўлиб, унга 1985 йилда асос солинган. Ўзбекистон унга 1992 йилда аъзо бўлган.
Ташкилотга Марказий Осиёнинг бешта давлатидан ташқари Туркия, Озарбойжон, Афғонистон, Эрон ва Покистон ҳам аъзо.
2022-2023 йилларда Ўзбекистон илк бор мазкур халқаро тузилмага раислик қилди.
Бу ташкилот Ўзбекистон учун қандай аҳамиятга эга? Саммитдан нималарни кутиш мумкин? Kun.uz саволларига прогрессив ислоҳотлар маркази эксперти Орифжон Намозов жавоб берди.
“ИҲТга аъзо давлатларда катта иқтисодий потенциал бор”
Геосиёсат нуқтайи назаридан қарасангиз, Покистон, Эрон ва Туркия ихчам, ўртада турибди. Бу ҳудудда жуда катта иқтисодий потенциал бор: ҳали ривожланмаган ва ҳали кўп лойиҳалар, дастурлар олиб борилмаган. Ташкилотнинг асосий бешта вазифаси бор: иқтисодий ҳамкорлик, савдо, транспорт-логистика, туризм ва ижтимоий ривожланиш.
Хабарингиз бор, Ўзбекистон land locked, (денгизга чиқиш имконияти бўлмаган) мамлакат ҳисобланади. Шунинг учун логистика жуда муҳим рол ўйнайди, иқтисодий ривожланиш учун бизга йўл керак. Бу темирйўл ёки автойўллар. Бу ерда катта потенциал бор. Мултимодал логистик лойиҳаларга қарасангиз, Ўзбекистон бундай лойиҳаларнинг бир нечтасида иштирок этяпти. Бу ташкилот транспорт логистикасининг ривожланишига импулс беради.
Ташкилотга Ўзбекистон билан бирга, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон 1992 йилда аъзо бўлган, лекин уларнинг ривожланиши сезиларли даражада бўлмади.
“ИҲТ икки томонлама келишувларга имкон беради”
Транспорт фақатгина ташкилотнинг бир йўналиши. Ундан ташқари, ташқи савдо йўналиши ҳам бор. Ўзбекистон маҳсулотларини четга экспорт қилиш энг катта муаммо бўлиб қолган. Биз Россия бозорига ўрганиб қолганмиз. Маҳсулотлар сифатига қўйиладиган талаблар бу давлатда унча юқори эмас. Лекин бу ташкилот бозори бироз мураккаб. Туркия ва Эроннинг бозорига чиқиш учун анча инвестиция қилиш керак. Янги стандартлар киритиш керак. Бу ҳамкорлик шунга замин яратади. ЖСТга аъзоликка ҳаракат қиляпмиз, ИҲТ икки томонлама келишувларга имкон беради. Бу ташкилотнинг катта ижобий томони шундаки, маданий томондан бу давлатлар бир-бирига яқин. Шу нуқтайи назарда савдони ривожлантириш анча енгилроқ.
“Иқтисодиётни диверсификация қилишга муҳтожмиз”
Россия-Украина уруши бўлмаса, биз бир йўналишда кетардик: улар биздан юқори сертификация талабини қўймаяптими, демак шу бозорга экспорт қилишда давом этардик. Аммо жаҳон иқтисодиёти текис ривожланмаяпти. Бу биз иқтисодиётни диверсификация қилишга муҳтожлигимизни кўрсатмоқда. Бу ташкилот ҳамкорликнинг янги векторларига эришиш имконини беради. Ўзбекистон бу ерда катта имкониятга эга бўлиши мумкин.
Агар биз бу йўналишни ривожлантирмасак, Хитой, Россия ва Европа орасида қолиб кетамиз. Хитой билан магистралларни ривожлантириш керак, шу билан бирга ислом давлатлари, турк давлатлари билан муносабатларни кучайтириш керак. Бу Ўзбекистоннинг иқтисодий хавфсизлиги учун жуда зарур. Хитойга ёки Россияга қараб қолсак, барқарорлик йўқолади. Эрон, Туркия, Покистон каби давлатлари билан ҳудудий савдони ривожлантирсак, жуда яхши бўлади.
Мадина Очилова тайёрлади
Оператор ва монтажчи – Асрор Алмуродов
Мавзуга оид
16:43 / 27.12.2024
«Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темирйўли қурилишига старт берилди
16:33 / 25.11.2024
Ўзбек аёлларини ҳақоратлаган туркиялик стендапчи: унга қарши Истанбул прокуратурасига ариза топширилган
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
17:48 / 06.11.2024