«Маъюс кайфият» ва бўлажак «окоп жанглари»: урушдаги «боши берк кўча» ҳақида Киевда ва ғарбда нима дейишмоқда?
Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийнинг The Economist журналига берган интервюсида Россия билан урушда хатоларга йўл қўйилгани ва уруш «боши берк кўча»га кириб қолганини айтгани Украина ва жаҳонда муҳокама бўлмоқда. Шу кунларда Зеленский ҳам бош қўмондон билан сиртдан мунозарага киришган. Президент фронтдаги вазиятни пат деб ҳисобламайди, лекин Киев ҳарбий стратегияни ўзгартириш вариантларини кўриб чиқмоқда.
Украиналиклар бу ҳолатда кўпроқ рационал Залужнийга ишонишмоқда, деб ёзади ғарб матбуоти, унинг сўнгги резонансли баёнотлари жамиятда бўлиниш вужудга келтиргани, вазмин оптимизм ўрнини маъюс кайфиятлар эгаллаётганини таъкидлаб. Кўпчилик энди Россия устидан тезкор ғалаба қозонилишига ишонмайди, одамлар чўзилиб кетган урушнинг шафқатсиз реалликларидан чарчай бошлашган. Фронтдагилар эса бош қўмондоннинг гапларини маъқуллашган ва ҳолдан тойдирувчи «окоп жанги»га тайёрланишмоқда. Republic бу ҳақда батафсил мақола эълон қилди.
Зеленскийнинг реакцияси ва эҳтимолли сулҳ музокаралари тўғрисидаги хабарлар
Валерий Залужний The Economist саҳифаларида Россия ҳам, Украина ҳам ҳозир фронтда олдинга силжий олмаслиги, бунга сабаб технологик жиҳатдан бир хил қуролланганини айтиб ўтган. Бу унга Биринчи жаҳон уруши воқеаларини эслатади. Бош қўмондон «чуқур ва чиройли ёриб ўтиш» энди рўй бермаслиги, уруш позицион стратегик ва ҳолдан тойдирувчи янги босқичга ўтаётгани, бу душман учун фойдали экани, чунки ўз кучларини қайта тиклаб олишга имконият беришини қайд этган. Бундай жанговар ҳаракатлар йилларга чўзилиб кетиши мумкин ва «Украина давлатини ҳолдан тойдиради», деб прогноз қилган у.
Залужнийнинг сўзларига кўра, аввал бошда Украина қўшинлари Россия мудофаасини ёриб ўтиб, кунига 30 км олдинга силжийди, дея тахмин қилинган. «Агар сиз НАТОнинг ўқув қўлланмаларига қарасангиз, бизга Қримга етиб боришимиз, у ерда жанг қилиб, қайтиб келиб, яна кириб бориш учун тўрт ой етарли бўлиши керак эди», — дейди у сарказм билан.
Бунинг ўрнига қўшинлар ва замонавий техникалар мина майдонларида депсиниб қолган ва Россия артиллерия ва дронларининг доимий ҳужумларига нишон бўлган. Командирларни алмаштириш ва бригадалардаги ўзгаришлар ёрдам бермаган. Бу тузоқдан чиқиб кетиш учун, генералнинг фикрича, илғор ҳарбий технологиялар ва кўпроқ қурол-яроғлар керак.
«Моҳият шундаки, биз душман нималар қилаётганини кўриб турибмиз, улар ҳам бизнинг барча ишларимизни кўриб туришибди. Бу боши берк кўчадан чиқиш учун бизга қандайдир янги нарса керак, масалан хитойликлар ўйлаб топган порохдан биз ҳануз бир-биримизни ўлдириш учун фойдаланиб ётибмиз», — деган генерал.
Зеленский сўнгги кунларда Залужнийнинг сўзларига жавобан бир неча бор баёнот берди. Аввалига у ўз позициясини Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен билан бирга ўтган матбуот анжуманида очиқлади. Украина президенти урушда боши берк кўчага кириб қолиш йўқлигига ишонади, шунчаки Украина ўз аскарлари жонини сақламоқда.
«Бу пат вазияти эмас. Россия осмонни назорат қилмоқда. Улар осмонни назорат қилар экан, Россиядек одамларни тўпеми қилиб олдинга ташлашни ҳеч ким истамайди. <…> Бунга қарши қандай курашмоқ керак? F-16ʼни, йигитлар уни бошқаришни ўрганиб, қайтишларини кутиш керак. Фронтда ҲҲМ тизими бўлганда, ҳарбийлар техникадан фойдаланиб, олдинга интилади», — деган Зеленский.
У 2022 йилда Украина «янада оғирроқ вазият»да бўлгани, кўпчилик ўшанда ҳам Украина қўшинлари пат вазиятда деб ҳисоблагани, бироқ «бир неча ҳийлалар билан Харкив области озод қилингани»ни эслатиб ўтган.
«Ҳозир қўлларимизни туширишга ҳаққимиз йўқ. Қанақа муқобил бор? Давлатимизнинг учдан бир қисмидан воз кечамизми? Ахир бу интиҳонинг ибтидоси бўлади-ку? Ахир биз музлатилган можаро нима эканини яхши биламиз, хулоса чиқариб бўлганмиз. Ҳамкорларимиз билан ҲҲМ борасида кўпроқ ишлашимиз, осмонни очишимиз, жангчиларимизга олдинга силжишга имконият яратишимиз керак», — деган у.
Ўзининг асосий фикрини Украина президенти NBC нашрига берган интервюсида янада ривожлантирди. Зеленский Украинанинг урушдаги силжиши жуда секин экани ва можаро чўзилгани сайин «чарчоқ юз кўрсатаётгани»ни тан олди, лекин украин жангчилари «аввалгидек, Украинага бизни ўлдириш учун келган русларга нисбатан кўпроқ мотивацияга эга» эканини таъкидлаган. Украина етакчиси Киев ҳарбий стратегияни ўзгартириш вариантларини кўриб чиқаётганини ҳам қайд этган: «Бизнинг ҳарбийларимиз олдинга тезроқ силжиш ва Россияга кутилмаганда зарба бериш учун турли режалар, операцияларни ўйлаб топмоқда».
Украина президенти Россия билан уруш боши берк кўчага кириб қолгани ҳақидаги таъкидларни рад этган: «Улар бизнинг курагимизни ерга теккизамиз, деб ўйлашганди, лекин бундай бўлиб чиқмади... Мен буни боши берк кўча деб ҳисобламайман».
Бир вақтнинг ўзида NBC телеканали ўз манбаларига таяниб, АҚШ ва Европа Россия билан сулҳ музокараларни бошлаш имкониятлари борасида Украина билан муҳокамалар олиб бораётганини хабар қилди. Таъкидланишича, «нозик» суҳбатлар келишувга эришиш учун Киев кечишга рози бўладиган нарсаларнинг деталларига тааллуқли.
Музокаралар Украина иттифоқчиларининг фронтдаги вазият борасида ташвишланиши туфайли бошланган — айрим америкалик ҳарбийлар хос суҳбатларда вазиятни боши берк кўча деб атамоқда. Агар Украина ҚК 2023 йил охиригача ёки 2024 йил бошида муваффақиятга эришмаса Россия билан музокаралар муҳокамаси янада фаоллашиши мумкин, деган манбалар.
Оқ уйдагилар эса Владимир Путин сулҳ музокараларига тайёр эканига далил кўришмаётганини таъкидлашган. Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Эдриенн Уотсоннинг NBC’га таъкидлашича, музокара бўйича ҳар қандай қарор Украинага боғлиқ. Киев аввал бир неча бор Россия билан уруш РФнинг барча қўшинлари оккупация қилинган ҳудудларни тарк этгач, Украина суверенитети 1991 йилги, халқаро тан олинган чегараларда қайта тикланганидан сўнг тугашини таъкидлаб келган.
Зеленский Ғарб давлатлари Россия билан музокаралар ўтказишни бошлаш борасида унга босим қилмаётганини таъкидлаган:
«Барча менинг бу борадаги муносабатим Украина жамияти муносабати билан муштарак эканини билади. Ҳеч ким менга босим қилаётгани йўқ. Бу ишлар урушгача ва урушнинг бошида бўлган. Лекин бугун ЕИ, АҚШ етакчиларидан ҳеч бири менга босим қилмайди. Биз Россия билан бирга ўтириб, гаплашишимиз, ниманидир уларга беришимиз — бунақаси бўлмайди».
Украинадаги «оғир ўзгаришлар» ва Ғарбдаги «саросимали кайфиятлар»
Украина президенти офиси раҳбари ўринбосари Игор Жовква Залужнийнинг The Economist журналига фронтдаги вазият борасида берган интервюси ҳалқаро ҳамкорларда «саросимали кайфиятлар» уйғотганини таъкидлаган.
«Менга ҳамкор давлатлардан бирининг вазирлар маҳкамаси раҳбари қўнғироқ қилди, улар саросимага тушганча сўради: «Мен мамлакатимиз етакчисига нима деб ҳисоб берай? Сизлар чиндан ҳам боши берк кўчадамисизлар?» Биз бу мақола билан шундай самарага эришмоқчи бўлдикми?» — дея тан олган Жовква.
У фронтдаги вазиятни шарҳламаслик керак, деб ҳисоблайди, чунки бу «агрессорнинг ишини енгиллаштиради». Жовквага кўра, «қурол тинчликни яхши кўради», у ҳақидаги суҳбатлар «зиён етказади», шу сабабли Украина ҚК бош қўмондони баёнотлари кўплаб саволларни юзага келтирди.
«Агар шу йўл билан қандайдир муваффақиятга эришмоқчи бўлаётган бўлсак — бу эҳтимол қандайдир чуқур маъноли ва стратегик ўйланма. Лекин, ростини айтадиган бўлсам, менга бу жуда ғалати кўринди», — деган Украина президенти офиси раҳбари ўринбосари.
Украиналик сиёсатшунос, «Пента» амалий сиёсий тадқиқотлар маркази раҳбари Володимир Фесенко Залужний ғарблик ҳамкорларига Киевга шунчаки урушни ютқазмаслик учун минимал даражада ёрдам қилиш камлигини тушунтириб қўйган, деб ҳисоблайди.
«Залужнийнинг мақоласи АҚШ президентига Россия ва Украина ўртасидаги урушда АҚШнинг мақсадлари ва стратегияси борасида савол билан мурожаат қилган республикачи конгрессменлар гуруҳига ўзига хос ноформал жавоб бўлди. Залужнийнинг мақоласи ўта мавридида чиқди. Бош қўмондон Украина ҚКнинг эҳтиёжларини аниқ шакллантириб, Россия билан урушда ҳозирги кучлар мувозанатини Украина фойдасига ҳал қилиш учун нималар қилиш мумкин ва кераклигини ифодалаб берган. Ўзимдан қўшимча қилсам, бу Залужнийнинг айрим қўл остидагиларга ҳам сигнал», — деган эксперт.
Politico Залужнийнинг иқрорликларини «ҳайратомуз» деб атаб, Капитолий тепалигида яхшигина резонанс келтириб чиқарганини қайд этган. Республикачилар Американинг Киевга ёрдамини қайта кўриб чиқиш учун сабаб деб ҳисобламоқда. Украинага ёрдамни кўпайтириш масаласида скептик муносабатда бўлган сенатор Жош Ҳоулига кўра, Залужнийнинг очиқлиги АҚШ маъмуриятининг Украинага нисбатан юритаётган сиёсатида катта ёриқ ҳосил қилган: «Савол туғилади: бизнинг якуний стратегиямиз, режамиз қанақа? Менимча украинларда режанинг ўзи йўқ».
The New York Times газетаси ёзишича, Россия билан можаро «боши берк кўчага кириб қолган» ва тезда ечим кутилмаётган шароитларда украиналикларнинг руҳий ҳолатида «нохуш ўзгаришлар» юз бермоқда. Нашрнинг қайд этишича, аввал Украина аҳолисида вазмин оптимизм ва миллий бирлик чақини рўй берган бўлса, улар бугунга келиб чўзилиб кетган урушнинг шафқатсиз реалликларига дучор бўлишган. Социологик сўровномалар бирор айтарли натижа кўзга ташланмаётган қарама-қаршиликдан чарчаш ошиб бораётгани, мамлакатда муаммолар тобора илдиз отаётгани сабаб ҳукуматга ишонч сусаяётганини кўрсатган. Сулҳ шартномаси имзолашни қўлловчи одамлар сони ҳам борган сари ошмоқда, гарчи ҳамон кўпчилик тинчлик эвазига ҳудудлардан воз кечишга қарши бўлса ҳам. Бу воқеалар фонида армияга чақирувдан қочаётганлар сони ҳам кўпаймоқда.
Журналистлар Жовкванинг ҳарбийлар фронтда бўлаётган воқеаларни кенг оммага олиб чиқмаслиги керак, деган баёнотини таҳлил қилишган. Уларнинг фикрича, бу Украина учун осон бўлмаган ҳозирги дамларда «омма олдидаги яққол танбеҳ бўлган ва ҳарбийлар ҳамда фуқаролик раҳбарияти ўртасида бўлиниш борлиги ҳақида сигнал берган». Бунга Залужнийнинг ўринбосарларидан бири — Махсус операциялар кучлари қўмондони генерал Виктор Хоренконинг ишдан олиниши ҳам ишора қилади. The New York Times нашри қайд этишича, Хоренко билан ишлаган америкалик ҳарбийлар бу янгиликдан таажжубга тушишган.
Украина мудофаа вазири Рустам Умеров Хоренко бошқа жойда кераклигини айтиб изоҳ берган. Дарвоқе, Time нашри яқинда эълон қилган ва катта резонанс ҳосил қилган мақоласида Украина раҳбариятида ўзгаришлар ҳақида сўз борган эди. Мақолада фронтдаги қарши ҳужум «жуда секин ривожланаётгани» учун вазирлар ва генераллардан бири ишдан олиниши, жавобгарлик уларнинг бўйнига қўйилиши қайд этилганди.
CNN телеканали ҳам Украина жамиятида ҳарбий ҳаракатлардаги ноаниқликлар туфайли таранглик ошиб бораётганини таъкидламоқда. Украиналикларнинг кўпчилиги учун Залужнийнинг урушнинг боришига берган баҳоси янгилик бўлмаган, улар ҳар куни кечаси ғалабага ишониш ҳақида гапириб, муаммолар ҳақида ҳеч нарса демайдиган Зеленскийдан кўра генералга кўпроқ ишонишади.
CNN бу борада Украинанинг бир неча фуқароси билан суҳбатлашган. Уларга кўра, ҳозирча Россия устидан ғалаба қозониш мақсадига эришиш қийин, улар буни хос суҳбатларда муҳокама қилишмоқда, ижтимоий тармоқларда ёзишмоқда.
«Иккита реаллик бор: бири — миллий телемарафон трансляция қилаётган оптимистик руҳда. Иккинчиси — ҳақиқий реаллик. Мен Украинанинг ғалабасига ишонаман, лекин объектив реалликни ҳам ҳисобга олиш керак», — деган Гостомелда яшовчилардан бири.
Яна бир суҳбатдош, Донецк области Бахмут шаҳри остонасидаги артиллерия қисми командири ўринбосари Залужнийнинг фикрларини шахсий таркибга сўзлаб бермагани, ҳаммаси шундоқ ҳам аёнлигини айтган.
«Биз жойлашган ерда русларнинг разведкада ҳам, ўт очиш қудратларида устунлигини ҳар лаҳзада ҳис қиламиз. Уларнинг артиллерия воситалари жуда кўп. Улар аниқликда ютқазишади, бироқ снарядлар сонида устун. Айниқса, сўнгги пайтларда биз борган сари камроқ ўқ-дори олаётганимиз билиниб қолмоқда. Руслар йўқотишларга эътибор бермасдан, олға ҳаракат қилишда давом этишмоқда», — деган офицер.
Бу ҳолатда у «хато қилганини тан олишга журъат қилган» бош қўмондоннинг ростгўйлигидан ҳайратга тушган ва бу «кўп нарсани англатиши»ни айтган: «режа барбод бўлганини тан олиш учун жуда жасур одам бўлиш керак».
Харкивда яшовчи аёл Украина президенти фронтдаги вазиятни жуда бўяб-бежаб юбораётгани, аслида ҳар кунги реаллик бўлган «ёмон хабарлар»нинг йўқлиги қўрқитаётганини қўшимча қилган.
«Мен тушунаман, фуқаролар ўртасида саросима келтириб чиқармаслик керак, бироқ, афсуски, диққат бошқа нарсаларга қаратилаверса, одамлар ўзини ўзи тинчлантириб қолишига сабаб бўлади», — деган у.
Яна бир суҳбатдош Украина ҚКнинг қарши ҳужумидан жуда кўп нарсалар кутилгани — одамларга «ана-мана дегунча Қримни қайтариб оламиз, русларни тупроқларимиздан қувиб чиқарамиз» деган ваъдалар сингдирилиб, аслида бунга эришилмаганини қайд этди.
«Фикримча, одамлар уларнинг умидлари амалга ошмаганини тушунишди, лекин улар бу уруш жуда узоқ давом этишини тан олишдан қўрқишяпти», — дея хулосалаган у.
Украина армиясининг 32-бригадаси баталёни командири Дмитро Берлим The Times нашрининг можаро буёғига қандай давом этиши ҳақидаги саволига шундай жавоб берган: «Окоп жанги бўлади. Ҳамма хандақ қазиб жойлашиб олади. Худди Биринчи жаҳон урушидагидек». Бу ҳолда у фронтнинг олд чизиғида одамлар етарли экани, бироқ тўлдирилаётганлар сифати борган сари ёмонлашаётгани, унинг баталёнидаги ўртача ёш 45 атрофида эканини айтган.
У ғарб қуроллари урушнинг боришини ўзгартириш учун жуда кеч келганини қайд этган:
«Агар биз Америка ва Германия танкларини ўтган йилнинг кузида олганимизда, Қрим томон юриш муваффақиятли якунланган бўларди. Танклар бизга етиб келгунча улар ҳаммаёққа мина жойлаштириб чиқишди ва танклар ўзига юклатилган ролни бажара олмай қолди».
Баталён штаб бошлиғи Михайло Лисенко энди танклар ёрдамида ёриб ўтиш фантастика эканини айтган. Украина ҚК вакиллари қарши ҳужум бошланишидан аввал НАТО машғулотларида иштирок этишгани, ўрганилган тактикалардан бирортаси Россия қўшинларига қарши нафи тегмаганини айтиб ўтишди. Улар Залужнийнинг ҳар икки томон душмани нима қилаётганини жуда яхши томоша қилиб тургани тўғрисидаги фикрини маъқуллаб, бу ҳарбий ҳаракатларни жуда қийинлаштираётганини айтишган. Натижада Украина ва Россия қўшинлари «шунчаки бир-бирларини кузатишмоқда» ва чекланган ерусти операцияларини ўтказишмоқда. Бироқ улар тактик ва стратегик планда ҳеч қандай натижага олиб келмаяпти.
Мавзуга оид
07:56
Пентагон Украинага ёрдам учун қолган пул миқдорини эълон қилди
21:13 / 12.11.2024
Суджаликлар яна бир бор ўз яқинлари эвакуацияси учун гуманитар йўлак сўради
20:43 / 12.11.2024
НАТО бош котиби Украинадаги можаро «траекториясини» ўзгартиришга чақирди
14:56 / 12.11.2024