«Минтақада оқибатини ҳеч ким бартараф эта олмайдиган жуда жиддий ва жуда хавфли воқеалар бўлиб кетиши мумкин», деган шайх Наим Қосим BBC мухбири Орле Герин билан Байрутда ўтган интервюда.

Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган «Ҳизбуллоҳ» шиалар ҳаракати амалда Ливанни назорат қилади. Ҳаракат етакчиси ўринбосари ҳисобланган шайх Наим Қосим эса Яқин Шарқдаги энг таъсир доираси катта одамлардан бири. Бу интервю олинган вақтда ҲАМАС томонидан назорат қилинадиган Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги бўлғада Исроил ракета зарбалари оқибатида 10 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлганини хабар қилганди.

Исроил ҲАМАСнинг 7 октябрдаги рейдларига жавобан бир ойдан буён Ғазони ўққа тутмоқда. Етмаганига бўлгада қуруқлик амалиётини ҳам бошлади. Исроил томони ҲАМАС билан уруш бошланганидан кейин 1400 нафар фуқароси ҳалок бўлгани, уларнинг мингдан ортиғи тинч аҳоли вакиллари бўлганини билдирган.

«Можаро йириклашиб кетиши хавфи жуда юқори. Чунки Исроил агрессияни кучайтириб, тобора кўпроқ болалар ва аёлларни ўлдирмоқда. Ахир шунча ишлар бўлиб кетаётган бир вақтда минтақада можаро катталашмайди, деб айтиш мумкинми? Менимча, йўқ», деган шайх Наим Қосим.

Унинг фикрича, эскалация кучайишига фақат Исроил айбор бўлади: «Қилинажак ҳар қандай ишнинг жавоби бўлади», деган «Ҳизбуллоҳ» вакили.

Маълумот учун, «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатини Британия, АҚШ ва Араб давлатлари лигаси террорчилик ташкилоти деб билади. «Ҳизбуллоҳ» Ливандаги энг йирик сиёсий ва ҳарбий куч ҳисобланади.

Ҳозирча «Ҳизбуллоҳ» Ғазодаги урушга тўлақонли қўшилгани йўқ ва Исроил позицияларига ракета зарбалари бериш билан чекланмоқда. Исроил эса ҳаракатга авиазарбалар билан жавоб қайтармоқда. Исроил томонига кўра, 7 октябрдан буён «Ҳизбуллоҳ»нинг 70 нафар вакили ўлдирилган.

Якшанба куни, Исроилнинг Ливан жанубига берган ракета зарбаси оқибатида бир аёл ва уч бола ҳалок бўлганидан кейин «Ҳизбуллоҳ» можаро бошланганидан буён илк марта «Град» ракета тизими орқали Исроилни ўққа тутди. Оқибатда Исроил томондан ҳам тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.

Яқинда ҳаракат етакчиси Ҳасан Насруллоҳ кўпчилик узоқ кутган чиқишида Ливанда ўлдирилган ҳар бир тинч аҳоли вакили учун чегаранинг Исроил томонида ҳам кимнингдир ўлдирилиши кўринишида жавоб берилишини айтганди. Аммо «Ҳизбуллоҳ» лидери кўпчилик кутганига зид ўлароқ Исроилга уруш очилиши ҳақида эълон қилмади.