Исроилнинг «Моссад» разведка хизматининг икки собиқ ходими Американинг CBS телекомпаниясига Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» гуруҳининг пейжерлари ва рациялари портлатилиши билан боғлиқ амалиёт қандай тайёрлангани ва амалга оширилгани ҳақида сўзлаб беришди. Маълум бўлишича, гуруҳ аъзолари портловчи модда жойлаштирилган рацияларни ўн йил давомида кўтариб юришган.
Жорий йил 17 сентябр кунида минглаб пейжерлар портлаган бўлса-да, суҳбатдошларнинг сўзларига кўра, бу амалиёт рациялардан бошланганди.
«Моссад» ходимларидан биринчиси, ўзини Майкл деб атаган шахс (уларнинг иккиси ҳам эфирга ниқоб тақиб, қоронғиликда ўтирган ҳолда, ўзгартирилган овоз ҳамда тўқима исм билан чиққан) «Моссад» кейинроқ «Ҳизбуллоҳ»га сотилган рацияларнинг батареясига портловчи зарядларни жойлаштирганини айтиб берган.
Бу 16 минг рацияни «Ҳизбуллоҳ»га сотиш учун «Моссад сохта фирма очган ва «Ҳизбуллоҳ»га „ яхши нарх“ таклиф қилган».
«Бизда келиб чиқишини ҳеч қанақасига аниқлаб бўлмайдиган хорижий компаниялар яратиш учун ажойиб имкониятлар спектри мавжуд, — деган Майкл. — Сохта компания ортида бошқа бир сохта компания туради […] Биз ўйлаб топилган дунёни яратамиз. Биз — жаҳон киностудиясимиз. Биз сценарийларни ёзамиз, биз — режиссёрлармиз, биз — продюсерлармиз, биз — етакчи актёрлармиз, ва бутун дунё — бизнинг саҳна».
Аммо рациялардан, Сюжет муаллифи CBS эфирида тушунтиришича, «Ҳизбуллоҳ» вакиллари фақат жанговар шароитларда фойдаланган, яъни исталган вақтда минглаб қурилмаларни эгалари билан биргаликда портлатишнинг имкони бўлмаган ва «Моссад» уларга миналаштирилган пейжерларни ҳам сотишга қарор қилган.
«Моссад»нинг ўзини Габриэл деб атаган бошқа бир собиқ ходими пейжерлар амалиёти 2022 йилда бошланганини айтади.
Пейжерга портловчи моддаларни ўрнатиш учун исроилликлар Тайваннинг Gold Apollo фирмасининг оригинал маҳсулотини катталаштириши талаб этилади.
«Мен директоримиз олдига кириб, унинг столига [пейжернинг янги модификациясини] қўйган кунимни унутмайман. У ғазаб отига минганди — дейди Габриэл. — У айтди: ҳеч ким ҳеч қачон бундай катта девайсни сотиб олмайди! Уни чўнтакда олиб юриш ноқулай! У оғир! Бу бўлмайди! Кет ва бошқа вариант билан қайт».

















