Жаҳон | 11:40 / 13.11.2023
4623
2 дақиқада ўқилади

Шимолий Корея БМТнинг Жанубий Кореядаги қўмондонлигини тарқатиб юборишга чақирди

Пхенян АҚШ шафелигида фаолият юритаётган Жанубий Кореядаги БМТ қўмондонлигини «ноқонуний ҳарбий ташкилот» деб атади.

Фото: Lee Yong-Ho/dpa/picture alliance

Шимолий Корея КХДР ва Жанубий Корея ўртасидаги қуролсизлантирилган ҳудудни назорат қилувчи БМТ қўмондонлигини тарқатиб юборишга чақирди. Бу ҳақда 13 ноябр, душанба куни Шимолий Корея марказий телеграф агентлигига таяниб, Reuters хабар берди.

Пхенян АҚШ шафелигида фаолият юритаётган Жанубий Кореядаги БМТ қўмондонлигини «ноқонуний ҳарбий ташкилот» деб атади. 1950 йилда яратилган ушбу тузилма Корея урушини тугатган сулҳ шартлари бажарилишини назорат қилади. 

Баёнотга Сеулда АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин ва унинг Жанубий Корея ва Япониядаги ҳамкасблари Шин Вон Сик ҳамда Минору Кихара ўртасидаги учрашув сабаб бўлди. Музокаралар чоғида томонлар Шимолий Корея ракеталари бўйича реал вақт режимида маълумотлар алмашиш схемаси бўйича келишиб олди, КХДР ва Россия ўртасидаги кучайиб бораётган ҳарбий ҳамкорликни қоралаб, буни БМТ резолюцияларини бузиш деб атади, дея ёзмоқда Reuters. 

АҚШ Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик кучайиб бораётганидан хавотирда 

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 9 ноябр куни Жанубий Корея пойтахти Сеулга ташрифи чоғида Россия ва КХДР ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик кучайиб бораётганидан хавотир билдирди. Блинкен кореялик ҳамкасби Пак Чиннинг «жиддий хавотирлари»ни тушунишини айтди. Икки давлат ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари, шунингдек, Шимолий Кореядан келаётган таҳдидларга қарши курашиш учун кенгайтирилган тийиб туриш стратегиясини амалга ошириш ва Япония билан стратегик ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилган.

Жанубий Корея ва Қўшма Штатлар Хитойни КХДР ва Россия томонидан олиб борилаётган «қурол савдоси»ни тўхтатишга кўндириш учун ҳаракат қилади, деди Пак Чин. 

КХДР ТИВ Блинкеннинг «масъулиятсиз ва провокацион баёнотлари» Корея яримороли ва бутун минтақада сиёсий ва ҳарбий кескинликни ошираётганини маълум қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид