Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
У жазо эмас, мукофот эканини англаганингизда болалик тугаган бўлади. У нима? – “Заковат”нинг кузги мавсуми финалидан репортаж
Александр Солженицин “Бу ёруғ дунёда иккита жумбоқ бор. Бирининг жавобини эслай олмайсиз, иккинчисининг жавобини эса билмайсиз” деганда нималарни назарда тутган? Бирор киши ўзиники бўлмаган кўйлакни кийиб, кўчада худди ўзинидек кўрсатса, араблар уни Қуръони Каримда учрайдиган қайси сўз билан аташади? – “Заковат” телеўйини кузги мавсумининг бешинчи ўйинида Бобур Ёқубов сардорлигидаги терма жамоа иштирок этди.
Жамоа аъзолари (суратда чапдан ўнгга):
Нурбек Алимов - блогер;
Алишер Орифжонов - туризм мутахассиси;
Бобур Ёқубов - шифокор (жамоа сардори);
Жобир Аҳмедов - шифокор;
Хушнуд Худойбердиев - ҳуқуқшунос;
Рушана Ражабова - филолог.




Ўйинни суратга олиш жараёнидан лавҳалар
Кузги мавсумда ўйнаган барча жамоалар мағлубиятга учрагани учун турнир низомига асосан мавсумдаги турли жамоалардаги билимдонлардан финал учун терма жамоа шакллантирилди. Яқин орада терма жамоа ўйинига гувоҳ бўлмаган мухлислар учун бу ажойиб янгилик бўлди. Шундай қилиб, 2023 йилнинг кузги мавсуми финал ўйинида Бобур Ёқубов бошчилигидаги терма жамоа иштирок этади.
1-раундда ўзидан ўзи бошланиб, йўқ гапларни юзага чиқарадиган, чумолини фил, қумурсқани йирик махлуқ қила оладиган нарса ҳақида савол ўйналди. Жамоа муҳокамада турли йўналишларга кириб кўрган бўлса-да, 1-саволга жавоб топа олмади. Ҳисоб – 0:1.
2-раунд саволида япон шоирининг хоккусида тиланчи ёзда йўлда кетаётганда қайси икки нарса унинг бор-йўқ кийими бўлади, деган мазмундаги саволда ҳам билимдонларнинг ишлари юришмади ва ҳисоб яна телетомошабинлар фойдасига ҳал бўлди. Ҳисоб – 0:2.
3-раундда Гулханийнинг “Зарбулмасал” асарида Бойўғли узатмоқчи бўлган қизи учун қалин сифатида Япалоққушдан минг дона нимани сўрагани ҳақида савол ўйналди. Муҳокама бошидаёқ Рушана Ражабова саволга тўғри жавобни айтди ва жамоага илк очкони олиб келди. Ҳисоб – 1:2.
4-раундда Александр Солженициннинг “Бу ёруғ дунёда иккита жумбоқ бор. Бирининг жавобини эслай олмайсиз, иккинчисининг жавобини эса билмайсиз” деган учқур иборасида биринчи ва иккинчи дея нималар назарда тутилгани сўралди. Муҳокамани тўғри йўлга қўйган жамоа ушбу саволга ҳам тўғри жавоб бериб, ҳисобни тенглаштирди. Ҳисоб – 2:2.
5-раундда шаҳарда аҳоли турмуш даражаси ўсаётган ёки пасаяётганини қайси икки муассасадан билиш мумкинлиги ҳақидаги савол ўйналди. Илк сонияларда Рушана Ражабова томонидан айтилган тўғри вариантни Хушнуд Худойбердиев маҳкам “ушлаб олди” ва жамоанинг навбатдаги очкосига ҳисса қўшди. Ҳисоб – 3:2.
Кейинги раундда Венеция музейларидан бирида сақланётган тўрт жанговар от ҳайкали ҳақидаги савол ўйналди. Ушбу саволга Нурбек Алимов муддатидан олдин жавоб берди. Афсуски, муддатидан олдин берилган жавоб нотўғри бўлиб чиқди. Ҳисоб – 3:3.
7-раундда Достоевскийнинг бир асарида “Унинг сизга жазо эмас, мукофот эканини англаган кунингиз болалик тугаган бўлади” дейилганда нимага таъриф берилгани ҳақидаги савол ўйналди. Мазкур саволга жамоа осонлик билан тўғри жавоб топди ва ҳисобда олдинга чиқиб олди. Ҳисоб – 4:3.
Кейинги раундда Бобур Мирзо умрининг охирида ўғилларига ёзган васиятномада, қайси асар билан танишиб чиқишни сўрагани ҳақидаги савол ўйналди. Муҳокама давомида Бобур Ёқубовдан тўғри вариант чиққан бўлса-да, якунда жамоа шахмат вариантига тўхталди. Ҳисоб – 4:4.
9-раундда қайси миллат аёлларининг 70 фоизи ҳали ҳам анъанавий миллий либосларда юриши ва бунинг сабаби сўралди. Миллатни тўғри топиб, сабаби сўралган қисмда хатога йўл қўйилди ва терма жамоа ҳисобда ортда қола бошлади. Ҳисоб – 4:5.
10-раундда расмлар асосида тузилган қизиқарли савол ўйналди. Ушбу саволга Хушнуд Худойбердиев муддатидан олдин жавоб бериб ҳисобни 5:5 кўринишига келтирди.
Сўнгги раундда араблар бирор киши ўзига оид бўлмаган кўйлакни кийиб, худди ўзинидек кўчаларда сайр қилиб юрса, уни Қуръони Каримда учрайдиган қайси сўз билан аташлари ҳақидаги савол ўйналди. Муҳокама давомида ҳар хил кўчага кириб чиққан жамоа ушбу саволга жавоб топа олмади. Ҳисоб – 5:6.
Шундай қилиб, мавсумнинг барча ўйини билимдонларнинг мағлубияти билан якунланди. Бундай ҳолат ҳали ҳеч бир мавсумда кузатилмаганди.
Ўйин стенограммаси билан қуйида танишиб чиқишингиз мумкин.
1-раунд. Савол муаллифи: Моҳинур Шодиева, Сергели тумани, Тошкент
Бошловчи: У бамисоли бир махлуқ, ўзидан ўзи бошланиб, йўқ гапларни юзага чиқаради, улар атрофга ваҳима ойнаси билан қарайдилар, чумолини фил, қумурсқани йирик махлуқ қила оладилар. Тахминни худди ростдек қилиб кўрсатадилар, унинг 1 фоизи самимият, 99 фоизи шахсиятпарастликдан ўзга нарса эмас.
Диққат савол: Юқоридаги гаплар нима ҳақида?
Жавобни Хушнуд Худойбердиев беради: Буни айни қайси атама билан аташни билмадик, яъни бу хушомад, маддоҳлик, бир инсонни йўқ нарсалар билан мақташ
Тўғри жавоб: Бу фикрлар рашкка нисбатан айтилган
Ҳисоб: 0 - 1
Савол муаллифи Моҳинур Шодиева 2 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
2-раунд. Савол муаллифи: Адҳам Қўзибоев, Нуробод тумани, Самарқанд
Бошловчи: Япон шоири Такарайи Киккаку ижодидан хокку: тиланчи йўлда, ёзда унинг бор-йўқ кийими Алфа ва Бетта. Алфа ва Бетталар ғариб ва ночор тиланчига энг яқин номлар.
Диққат савол: Алфа нима? Бетта нима?
Жавобни Жобир Аҳмедов беради: Айтайлик, бу ҳеч нарсаси йўқ тиланчи бўлгандан кейин, унинг балки кийими ҳам йўқ, балки булар мажозий маънода бу қуёш ва соя.
Тўғри жавоб: Булар ер ва осмон.
Ҳисоб: 0 - 2
Савол муаллифи Адҳам Қўзибоев 4 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
3-раунд. Савол муаллифи: Дилобар Абдиева, Тошкент
Бошловчи: Гулханийнинг "Зарбулмасал" асари Гулханий яшаган давр Хоразм ҳаётидаги воқеаларни жонзотлар орқали сатира билан баён қилган. Бир ҳикоятда Бойўғли ва Япалоққуш қуда бўлмоқчи бўлади. Бойқуш узатмоқчи бўлган қизи учун минг дона У ни сўрайди. Бойўғли қалин учун сўраган минг дона У Хоразмда топилмайди. Чорасиз қолган Япалоққуш уларни Хоразмдан эмас Бухородан топиб беради
Диққат савол: Бойўғли қалинга нима сўраган эди?
Жавобни Рушана Ражабова беради: Тахминимизча, мингта хароба сўраган.
Тўғри жавоб: Асар сатира жанрида ёзилган дейилди. Ўша вақтдаги Хива хони Саид Умархон Бухоро билан тескари бўлган. Гулханий Япалоққуш орқали Саид Умархон ғазабига учрамаслик учун бу маълумотни киргизган. Тўғри жавоб мингта вайрона уй сўраган.
Ҳисоб: 1 - 2
Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
4-раунд. Савол муаллифи: Алберт Холмуродов, Самарқанд
Бошловчи: Александр Солженициндан учқур ибора: бу ёруғ дунёда иккита жумбоқ бор. Бирининг жавобини эслай олмайсиз, иккинчисининг жавобини эса билмайсиз. Бу жумбоқ ер юзидаги ҳамма инсонларга тегишли.
Диққат савол: Жумбоқнинг ҳар иккаласини айтинг.
Жавобни Хушнуд Худойбердиев беради: Биринчиси бу туғилиш, иккинчиси - ўлим.
Тўғри жавоб: Жавоб тўғри
Ҳисоб: 2 - 2
Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
5-раунд. Савол муаллифи: Абдулазиз Дўстмуҳаммад, Тошкент шаҳри
Бошловчи: Социолог олимларнинг тадқиқотлари кўрсатишича, шаҳарда аҳоли турмуш даражаси ўсаётган ёки пасаяётганини иккита муассасадан билса бўлар экан. Агар шаҳарда биринчилар кўпаяётган бўлса, аҳоли турмуш даражаси ўсмоқда. Агар бирор ҳудудда иккинчилар кўпаётган бўлса, аҳоли турмуш даражаси пасаймоқда. Айтиш мумкинки, биринчининг ҳам, иккинчининг бир-бирига ўхшаш томонлари бор.
Диққат савол: Биринчи ва иккинчини айтинг.
Жавобни Хушнуд Худойбердиев беради: Иккинчисидан бошласам, қашшоқлашаётганидан билсак бўлади - агар шаҳарда ломбардлар кўпайса, яъни одамларга пул керак, қимматбаҳо нарсаларини гаровга қўяди ва ўрнига қарз олади. Биринчисига келадиган бўлсак, банклар бўлиши мумкин, омонатга қўйишлар кўпаяди, яъни ўша шаҳарда пул кўпайгандан сўнг.
Тўғри жавоб: Жавоб тўғри
Ҳисоб: 3 - 2
Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
6-раунд. Савол муаллифи: Пардавой Умрзоқов, Оқолтин тумани, Сирдарё
Бошловчи: Экранга эътиборингизни қаратинг.

Бу Венеция музейларидан бирида сақланаётган тўрт жанговар от ҳайкалининг сурати. Олтин, мис ва бронза қоришмасидан ясалган бу улкан отлар музейнинг олдида кўрк тўкиб туради. Уларнинг бўйнида бўйинбоғи бор, одатда бу каби бўйинбоғли отлар форсларга мансуб бўларди. Аммо ҳайкал эрамиздан аввалги IV асрда римлик ҳайкалтарош томонидан ясалган.
Диққат савол: Нега унда бу отларга худди форсларникидек бўйнига бўйинбоғ тақишган?
Жамоа муддатдан олдин жавоб беради.
Жавобни Нурбек Алимов беради: Бу отларнинг бошини босқинчилар кесиб кетишган, кейин жойига қайтиб улаш учун шунақа маскировка қилинган.
Тўғри жавоб: Бу отлар бошқа шаҳарда ясалиб, Венецияга кемада олиб келинган. Кемага ортиб туширишда қийинчилик бўлмаслиги учун танасини алоҳида, бошини алоҳида қилиб кесиб олиб келишган. Кейин бошқатдан улашган. Бирлашган жойининг чоки билиниб қолган, кейин бўйинбоғлар тақишга мажбур бўлишган.
Ҳисоб: 3 - 3
Савол муаллифи Пардавой Умрзоқов 6 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
7-раунд. Савол муаллифи: Малоҳат Рўзиева, Қамаши тумани, Қашқадарё
Бошловчи: Машҳур ёзувчи Фёдор Михайлович Достоевский бир асарида "болалик қачон тугайди?" деган саволга шундай таъриф берган: болалар ёқтирмайдиган Унинг сизга жазо эмас, мукофот эканини англаган кунингиз болалик тугаган бўлади. Уни юз фоиз одамлар болаликда ёқтирмайди.
Диққат савол: Адиб болалик ва улғайишни нима билан таққослаган?
Жавобни Бобур Ёқубов беради: уйқу
Тўғри жавоб: Жавоб тўғри
Ҳисоб: 4 - 3
Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
8-раунд. Савол муаллифи: Файруза Раҳматуллаева, Навоий вилояти
Бошловчи: Марҳамат, “Заковат” сандиқчаси олиб чиқилсин. “Бобурнома”да ёзилишича, Бобур Мирзо умрининг охирида ўғилларига ёзган васиятномада, сиз ҳам, сизларнинг фарзанд-у набираларингиз ҳам сандиқчадагидан чуқур хабардор бўлмоғи керак, деган. Айниқса, тахтга ўтиришдан олдин.
Диққат савол: Сандиқчада нима бор?
Жавобни Хушнуд Худойбердиев беради: шахмат
Тўғри жавоб: “Темур тузуклари” китоби эди
Ҳисоб: 4 - 4
Савол муаллифи Файруза Раҳматуллаева 8 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
9-раунд. Савол муаллифи: Наргиза Қаҳҳорова, Тошкент шаҳри
Бошловчи: Ҳозир барча миллатлар ўз либосларидан воз кечиб, замонавий кийимларга ўтиб кетишмоқда. Японлар киманони ечишган, ўзбеклар яктак, белбоғларни тақмай қўйишган. Фақат бир миллат аёлларининг 70 фоизи ҳалиям анъанавий миллий либосларда юришади.
Диққат савол: Ўша миллат ва нима сабабдан садоқат билан миллий либосларда юришини айтинг.
Жавобни Жобир Аҳмедов беради: Катта эҳтимол билан бу ҳинд аёллари. Чунки, Ҳиндистон иқлими жудаям иссиқ, шунинг учун улар учун жудаям қулай.
Тўғри жавоб: Бу ҳиндлар, сабаби эса мамлакатдаги ночорлик. Ҳинд аёллари озгина пулга анчагина мато сотиб олади.
Ҳисоб: 4 - 5
Савол муаллифи Наргиза Қаҳҳорова 10 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
10-раунд. Савол муаллифи: Турсунхон Мамажонова, Тўрақўрғон тумани, Наманган
Бошловчи: Экранга қаранг.

Бир шеърнинг сўзлари шу суратлар орқали берилган.
Диққат савол: Суратлардан маъно тўпланг ва қайси шеър эканини айтинг.
Жамоа вақтдан олдин жавоб беради.
Жавобни Хушнуд Худойбердиев беради: Барча заковатчиларнинг севимли шеъри Анвар Обиджон қаламига мансуб шеър.
Тўғри жавоб: Жавоб тўғри
Ҳисоб: 5 - 5
Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
11-раунд. Савол муаллифи: Жаҳонгирмирзо Абдуллаев, Чортоқ тумани, Наманган
Бошловчи: Араблар, бирор киши ўзига оид бўлмаган кўйлакни кийиб, худди ўзинидек кўчаларда сайр қилиб юрса, уни бир сўзи билан аташар экан. Қуръони Каримда бу сўз бир неча маротаба тилга олинган. Бу жуда залворли сўз, ҳаммамиз биладиган унинг туркий аналогини ҳам сиз яхши биласиз.
Диққат савол: 1 дақиқадан сўнг хоҳ арабча варианти, хоҳ туркий номдаги атамасини айтинг.
Жамоа қўшимча дақиқадан фойдаланди.
Жавобни Бобур Ёқубов беради: Ўйлашимизча, бу сўз - мунофиқ
Тўғри жавоб: У ҳам бошқадан олган нури эвазига ўзини бутун оламга кўз-кўз қилади. Бировни кўйлагини кийиб юрувчи кишини араблар қамар сўзи билан аташади. Қамар сўзини таржимаси шундан келиб чиққан. Қамарни туркий номи ой.
Ҳисоб: 5 - 6
Савол муаллифи Жаҳонгирмирзо Абдуллаев 12 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
14
Энг яхши савол муаллифи - Жаҳонгирмирзо Абдуллаев, қамар (ой) ҳақидаги савол билан
Жаҳонгирмирзо Абдуллаев 50 млн сўм пул мукофотини қўлга киритди.
Ўйиннинг тўлиқ видеосини ушбу ҳаволада томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
21:21 / 18.12.2025
Интеллектуал олимпиада ўйинлари ғолиблари тақдирланди
11:41 / 24.10.2025
Саида Мирзиёева “Zakovat-Gambit” ғолибларини табриклади
21:03 / 21.08.2025
Саида Мирзиёева Қирғизистонда ўтган “Заковат” турнири ғолибларини табриклади
20:27 / 18.08.2025