“Ўзбекистонда ўзимни чет эллик деб ҳис қилмайман” – Самарқанддаги университетнинг туркиялик ректори доктор Чидем Жанбай Туркйилмаз
Доктор Чидем Жанбай Туркйилмаз хоним 2021 йилдан буён Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети ректори лавозимида фаолият юритиб келмоқда. Яқинда турк нашрларидан бирида Туркйилмаз хоним билан унинг Ўзбекистондаги меҳнат фаолияти, мамлакатда олий таълимни ривожлантириш бўйича режалари ҳақида суҳбат эълон қилинди.
Ўзбекистонга илк бор қачон келгансиз?
Ўзбекистонга биринчи марта 2021 йилнинг март ойида, иккинчи марта июнда келганман. Шундан сўнг 2021 йилнинг сентябр ойидан бошлаб Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ректори лавозимида фаолият бошладим. Шу билан бир вақтда Туркиянинг Йилдуз техника университети Архитектура факультети профессори ҳам ҳисобланаман.
Туркия фуқароси сифатида хорижда ректор бўлиб меҳнат фаолиятимни олиб бораётганим менга ғурур бағишлайди. Билишимча, Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган биринчи турк аёл ректори ҳисобланаман. Яқинда мен АҚШда ректорлик лавозимида иш бошлаган яна бир туркиялик аёл профессор-ўқитувчи ҳақидаги хабарни ўқидим ва бу менда, муваффақият ҳиссини уйғотди.
Менга шундай имконият яратиб бергани ва университетимизни доимий қўллаб-қувватлаб келаётгани учун Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевдан миннатдорман.
Ҳозирда ўзингиз ректор сифатида фаолият юритаётган университет ҳақида қисқача маълумот бера оласизми?
Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети 1966 йилда ташкил этилган. Дастлаб институт сифатида ташкил этилган ОТМ 2022 йилда президент қарори билан университетга айлантирилди.
Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетида 2023 йил 2-чорак маълумотларига кўра 7975 нафар талаба таҳсил олмоқда. Ҳозирда 4 та факультет ва 19 кафедрада 311 нафар профессор-ўқитувчилар фаолият кўрсатади. Университет тасарруфида профессионал таълим муассасаси ва академик лицей ҳам мавжуд.
Университетда иш фаолиятингизни нимадан бошладингиз? Хорижий мамлакатда олий таълим муассасаси раҳбари сифатида ишлаш сизга қийин бўлмадими?
Ўзбекистонда ишлашга қарор қилганимни эшитганларида бундан менинг баъзи яқинларим ҳайрон бўлишди, бошқалари эса танловимни қўллаб-қувватлашди. Кўпчилик мендан нима учун Истанбулдан кетиб Самарқандни танлаганим ва ўзимни хорижда бегонадек ҳис қилишим ёки йўқлиги ҳақида сўрашади. Илгари хорижий мамлакатларда истиқомат қилганим учун, менимча, Ўзбекистонда ўзимни чет эллик деб ҳис қилмайман.
Ўзбек ва турк ҳамжамиятлари ўртасидаги ўзаро муштарак тарихий ҳамда тобора кучайиб бораётган сиёсий, иқтисодий ва маданий дўстона алоқалар менга қўшимча мотивация беради.
Университетга келган илк кунларимда дастлабки асосий вазифам университетдаги мавжуд вазиятни ҳар томонлама баҳолаш деб билдим. Бунда инсон ресурсларини баҳолаш, таҳлилий материаллар тайёрлаш ва мавжуд камчиликларни аниқлаш учун ахборот технологиялари инфратузилмасини текшириш ишлари амалга оширилди.
Университетимизда профессор-ўқитувчилар ва талабалар билан ўзаро мустаҳкам алоқалар ўрнатилди. Биз биргаликда университетимизни ривожлантиришга интиляпмиз. Мен ходимларга ҳам, талабаларга ҳам очиқ эшиклар сиёсатини олиб бораман ва уларнинг муаммоларига ечим топиш устида астойдил меҳнат қиламан. Бироқ, бу борада баъзида фикрлар ва қарашлар турлича ҳам бўлиб туради, баъзилар университет ректорининг ҳамма билан ҳам мулоқот қилавериши маъқул эмас дейишади. Шунга қарамай, раҳбар сифатида ўз жамоам билан инклюзив ва конструктив муносабатларни ривожлантиришим кераклигига қатъий ишонаман ва бу ёндашувни доим қўллаб-қувватлайман.
Фикрингизча, Ўзбекистонда олий таълим тизимида қандай муаммолар бор ва уларни ҳал қилиш учун нималар қилиниши керак?
Архитектура ва қурилиш соҳаларида етарлича тажрибага эга архитектор сифатида мен Ўзбекистондаги амалдаги олий таълим тизимидаги муаммолар ҳақида ўз нуқтаи назаримни билдириб, уларга потенциал ечимларни таклиф қилмоқчиман.
Муҳим масалалардан бири – бу таълим соҳаларида тақдим этилаётган энг сўнгги ва долзарб маълумотларнинг етишмаслиги. Бундан ташқари, олий таълим ва саноат ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида, хусусан, архитектура-қурилиш каби амалиётга боғлиқ таълим ўртасида сезиларли тафовут мавжуд. Бу тўсиқларни бартараф этиш учун Ўзбекистонда ихтисослик малакаларини қайта кўриб чиқиш ва таълим дастурларини шунга мослаштириш муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.
Туркиянинг Болония жараёнидаги иштироки ва унинг натижасида ихтисослик, илмий даража ва унвонларга қўйилган талабларнинг қайта белгиланганлигини ўрганиб, Ўзбекистонда ҳам худди шундай ёндашувни жорий этишни таклиф қиламан.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда берилаётган айрим мутахассисликлар ва ихтисосликлар халқаро эквивалентига эга эмас, бу эса ўз навбатида диплом ва унвонларнинг халқаро даражада тан олинишида қийинчиликларга олиб келмоқда. Дипломларнинг тан олиниши халқаро аккредитацияга боғлиқ бўлиб, бу диплом берувчи олий таълим муассасаси томонидан тақдим этилаётган таълим дастурлари қатъий стандартларга жавоб беришини кўрсатади. Диплом эквивалентини ҳал қилиш муҳим аҳамиятга эга ва бу соҳадаги ислоҳотларни тезлаштириш учун ЮНЕСКОдан бошлаб биргаликда ҳаракат қилиш керак.
Келажакда Ўзбекистонда хорижлик мутахассисларга эҳтиёж қолмаслигини турли суҳбатларда билдирганингизни таъкидлаб ўтдингиз. Бу борадаги фикрларингиз билан ўртоқлаша оласизми?
Дарҳақиқат, аввал ҳам бир неча суҳбатларимда архитектура ва қурилиш соҳасида Ўзбекистонда хорижий мутахассисларга бўлган талаб кейинги беш йил ичида аста-секин камайиб, уларга эҳтиёж қолмаслигига ишончим комил.
Бу борадаги энг муҳим воқеа Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 8 ноябрдаги қарори билан Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтига “университет” мақоми берилгани бўлди. Мазкур қарор университетимизга нафақат кенг қамровли ваколатларни, балки ўз навбатида катта масъулиятни ҳам юклади.
Бизга юклатилган ушбу вазифани сифатли амалга ошириш ҳаракатидамиз, чунки уларнинг амалга ошиши университетимиз тараққиёти билан бевосита боғлиқ.
Ушбу қарорда назарда тутилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, биз 2023 йилнинг сентябр ойидан бошлаб тўлиқ янгиланган ўқув дастурлар ва режаларни амалиётга жорий қилдик.
Битирувчиларимиз яқин келажакда ишлаб чиқаришнинг тегишли тармоқларда муҳим масъулиятли вазифаларни ўз зиммаларига оладилар, бу эса хорижий мутахассисларга бўлган эҳтиёжнинг аста-секин камайишига олиб келади, деб умид қиламиз.
2021 йил сентябрида ректорлик фаолиятимни бошлаганимдан бери биз университетимизда инновациялар ва ўзгаришлар устида ишламоқдамиз. Ўйлайманки, биз эришган муҳим ютуқларни қуйидагича таснифлаш янада тушунарлироқ бўлади.
· Глобал таълим муҳитини яратиш: Бу борада хорижий мутахассислар таълим жараёнига жалб қилиняпти.
· Халқаро даражадаги таълим дастурлари: Глобал саноатнинг ўзгарувчан талабларига жавоб бериш учун халқаро стандартларга мувофиқ 22 та янги таълим дастури ишлаб чиқдик.
· Тадқиқот, инновация ва ишлаб чиқариш билан ҳамкорлик: Маҳаллий ҳокимият органлари билан ҳамкорликда, хусусан, Самарқанд шаҳри ва вилояти миқёсида архитектура, дизайн ва қурилиш лойиҳаларини ишлаб чиқишда фаол иштирок этяпмиз.
· Технологиялар трансфери офиси ва Инкубация маркази: 2023 йилнинг май ва июнь ойларидан бошлаб фаолият юритаётган ушбу марказлар инновациялар, тадбиркорлик ва илғор технологиялар трансферини қўллаб-қувватламоқда.
· Халқаро лойиҳалар бўйича ҳамкорликни кенгайтириш: Сўнгги бир ярим йил ичида биз халқаро лойиҳалардаги иштироклар сонини сезиларли даражада оширдик.
· Глобал ҳамкорликни кенгайтириш: Испания, Полша, Жанубий Корея, Туркия ва Венгриядаги нуфузли олий таълим муассасалари билан ўнлаб янги ўзаро Англашув меморандумларини имзолаш орқали манфаатли халқаро ҳамкорликни йўлга қўйдик. Туркия ва Жанубий Корея билан ҳамкорликда 2+2 қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, академик мобиллик ҳамда ўқув-методик ҳамкорлик ҳам шулар жумласидан.
Бу ташаббуслар халқаро стандартларга асосланган, инновацион ва инклюзив таълим муҳитини яратиш сиёсатига содиқ эканлигимизни кўрсатади.
Реклама ҳуқуқи асосида