Жаҳон | 11:40 / 15.11.2023
9882
4 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Хитой раҳбарлари музокара ўтказиш учун Сан-Францискога етиб келди

АҚШ президенти Жо Байден ва Хитой раҳбари Си Жинпинг Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги саммити доирасида учрашади. Бу Хитой раҳбарининг 2017 йилдан бери АҚШга илк ташрифидир.

Фото: Reuters

15 ноябрь, чоршанба куни Сан-Францискода АҚШ президенти Жо Байден ва Хитой раҳбари Си Жинпинг шахсий учрашуви ўтказади, бу уларнинг сўнгги бир йилдаги илк учрашуви бўлади ва икки давлат ўртасидаги қарама-қаршилик кескинлашган вақтда бўлиб ўтади. Музокаралар Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммити доирасида ўтказилади, улар шаҳарнинг аниқ қаерида ташкиллаштирилиши ҳозирча номаълумлигича қолмоқда.

Хитойнинг Xinhua ахборот агентлиги хабарига кўра, Хитой раҳбари Америка ғарбидаги шаҳарга кеча кечқурун етиб келган. Шу куни Оқ уй раҳбарининг самолёти Сан-Францискога қўнди. Бу Си Жинпингнинг 2017 йилдан бери АҚШга илк ташрифидир. 

Саммит иштирокчи давлатларига жаҳон иқтисодиётининг бешдан уч қисми тўғри келади

APEC саммитида АҚШ ва Хитойдан ташқари яна ўн тўққиз давлат вакиллари иштирок этади. Иштирокчи давлатлар умумий улуши жаҳон иқтисодиётининг 60 фоизини ташкил қилади, дея қайд этади AFP. 

АҚШ Давлат департаментининг APEC’даги юқори мартабали расмий вакили Мэтт Мюррейга кўра, Россиядан саммитда Ғарбнинг, жумладан, Европа Иттифоқининг турли санкциялар рўйхатига киритилган бош вазир ўринбосари Алексей Оверчук қатнашади. Шу билан бирга, Оверчук Россиянинг аксарият юқори раҳбариятидан фарқли ўлароқ, АҚШ санкциялари остида эмас. 

АҚШ президенти учрашув бўйича ўз умидлари билан бўлишди

Сешанба куни эрталаб Жо Байден Қўшма Штатлар Хитойдан узоқлашмоқчи эмас, балки муносабатларни яхшилашни хоҳлаётганини айтди. «Биз Хитойдан узоқлашишга ҳаракат қилмаяпмиз. Биз муносабатларни яхши томонга ўзгартиришга интиляпмиз», деди у Сан-Францискога учишидан бироз олдин Оқ уйда журналистларга.

«Учрашувда нимага эришмоқчисиз?» деган саволга, Америка Қўшма Штатлари президенти «нормал муносабатларга қайтишни, инқироз пайтида телефонни кўтариб, ўзаро гаплаша олишни; (ҳарбий) кучлар ҳали ҳам алоқада эканига ишонч ҳосил қилишни», деб жавоб қайтарди.

Мутахассислар Вашингтон ва Пекин муносабатлари тикланишини кутмаяпти

Reuters агентлиги билан суҳбатлашган экспертларга кўра, дунёнинг икки йирик иқтисодиёти етакчилари бир-бирини ўн йилдан ортиқ вақтдан бери билади ва Байден инаугурациясидан кейин бўлиб ўтган олтита учрашув давомида бир неча соат музокаралар олиб борган. Уларнинг учрашувида глобал муаммолар, жумладан, Яқин Шарқдаги можаро, Россиянинг Украинага бостириб кириши, Шимолий Кореянинг Россия билан алоқалари, Тайван, инсон ҳуқуқлари, сунъий интеллект, шунингдек, савдо-иқтисодий алоқалар муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Хусусан, Байден Хитойни Яқин Шарқдаги можарони кенгайтирмаслик учун Эронга таъсиридан фойдаланишга ундаши кутилмоқда. Бироқ, экспертларнинг ҳеч бири муносабатлар тикланишини ёки мамлакатларнинг бир-бирига бўлган муносабатини тубдан ўзгартирадиган йирик битимлар имзоланишини кутмаяпти. «Биз ҳали ҳам узоқ давом этаётган рақобат ва кескинлик ҳолатидамиз, - деди Вашингтонда жойлашган Янги Америка хавфсизлиги маркази (CNAS) ходими Ричард Фонтейн. - Ҳеч қандай катта ютуқлар бўлмайди, моҳиятнинг ҳақиқий ўзгариши юз бермайди». 

Мавзуга оид