Жаҳон | 09:31 / 15.11.2024
2068
3 дақиқада ўқилади

Европа Байдендан кетишидан олдин Украинага ёрдамни оширишни сўрамоқда

Европа етакчилари АҚШ маъмуриятини Украинага қурол-яроғ ва ўқ-дорилар етказиб беришни оммавий равишда оширишга, шунингдек, Жо Байден Оқ уйни тарк этишидан олдин Россия Федерациясига қарши янги санкциялар жорий этишга чақирди, деб ёзади Bloomberg.

Фото: Saul Loeb/AFP/Getty Images

Европа давлатлари АҚШ маъмуриятидан Жо Байденнинг президентлик муддати тугагунига қадар Украинага ёрдамни кенгайтиришни сўради. Европа давлатлари раҳбарлари ва расмийлари Вашингтонни Киевни кўпроқ қурол ва ўқ-дорилар билан таъминлашга, шунингдек, Россия даромадлари ва тақиқланган технологияларни қўлга киритиш имкониятларини чеклаш учун унга қарши янги санкциялар жорий этишга чақирди, деб ёзди Bloomberg 14 ноябр, пайшанба куни бундай сўровлар билан таниш манбаларга таяниб.

Bloomberg бу сўровларни Байден маъмуриятига Оқ уйни тарк этишидан олдин иложи борича Украина позициясини мустаҳкамлаш учун «сўнгги умидсиз мурожаат» деб атайди. Агентлик суҳбатдошларининг аниқлик киритишича, мурожаатларнинг аксарияти норасмийдир.

Европа АҚШдан УҚКнинг Россияга чуқур зарба йўллашига рухсат беришни сўрамоқда

Агентликнинг ёзишича, Европанинг бир қанча етакчилари Қўшма Штатларни Украина ҳарбийларининг Россиядаги ҳарбий нишонларга зарбалари учун Ғарб қуролларидан фойдаланишга рухсат беришга ундамоқда. Киев ва унинг иттифоқчилари фикрича, бу Украина муҳим инфратузилмасининг Россия ҳужумларидан ҳимояланиш қобилиятини сезиларли даражада кучайтиради.

Ҳозирча Байден бу сўровларни қондирмади, чунки унинг фикрича, Украинага Россия Федерациясидаги нишонларга зарба йўллашга рухсат бериш фронтдаги вазиятга фақат чекланган таъсир кўрсатади ва эскалация хавфини оқламайди, деб таъкидлайди Bloomberg.

Шу билан бирга, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 13 ноябр куни «шошилинч равишда Брюсселга сафар» қилиб, Европа Иттифоқи ва НАТО иттифоқдошларини Вашингтон Украинага сайланган президент Доналд Трампнинг инаугурацияси олдидан ёрдам ўтказиш бўйича саъй-ҳаракатларини кучайтиришига ишонтирди, деб ёзади агентлик. Унинг сўзларига кўра, гап 2024 йил бошида АҚШ Конгресси томонидан қабул қилинган 61 миллиардлик пакетдан пул, ўқ-дорилар ва қуроллар ҳақида бормоқда. Украинага ёрдам бериш учун Байден маъмуриятида мавжуд бўлган ҳар бир доллар зудлик билан юборилади, деди Блинкен.

Блинкен: АҚШ Трамп келишидан олдин Украинага ёрдамни кучайтиради

АҚШ Давлат департаменти раҳбари Энтони Блинкен 13 ноябр куни АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп ҳокимиятга келгунига қадар Вашингтон ихтиёридаги «ҳар бир доллар»ни Киевга ўтказишга ваъда берди.

Блинкен НАТО штаб-квартирасида журналистларга ҳаво ҳужумидан мудофаа, артиллерия ва зирҳли машиналар каби ҳарбий ёрдам воситаларини санаб ўтиб, «Вашингтон Украинанинг Россия агрессиясидан самарали мудофаасини таъминлаш учун биз қилаётган барча ишларимизга асосланишда давом этади», деди. Брюсселда у НАТО бош котиби Марк Рютте ҳамда алянс раҳбарияти билан икки томонлама учрашув ўтказди ва унда Украинани янада қўллаб-қувватлаш масаласи муҳокама қилинди.

Мавзуга оид