Жаҳон | 22:08 / 22.11.2023
10947
6 дақиқада ўқилади

Ғазода оташкесим, ЕИ сари одимлаётган Украина ва чегараларини ёпмаган Финландия — кун дайжести

Дунёда кун давомида содир бўлган воқеа-ҳодисалар, янгиликларнинг қисқа ва лўнда тафсилотлари билан Kun.uz’нинг янги лойиҳаси — Жаҳон хабарлари дайжестида таништирамиз.

ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги гаровдагиларни озод қилиш бўйича келишувга эришилган. Унга кўра ҲАМАС гаровда ушлаб турилган исроиллик 50 нафар аёллар ҳамда болаларни озод қилади, Исроил эса ҳибсда сақланаётган 150 нафар маҳбусларни. Оташкесим эртага эрталабдан кучга киради.

Исроил ҳукумати ҳам ҲАМАС билан тўрт кунлик оташкесим режими жорий этиш ва гаровда ушлаб турилганларнинг бир қисмини озод қилиш тўғрисидаги битимни маъқуллаган.

Исроил адлия вазирлиги ҲАМАС билан келишувга кўра озод қилинадиган 300 нафар фаластинлик маҳбус рўйхатини тайёрлаган. Рўйхатдаги 287 киши 18 ёшдан катта бўмаган ўсмирлар, 13 нафари аёллар.

Дарвоқе, ҲАМАС билан олиб борилаётган уруш Исроилга жуда қимматга тушмоқда. 7 октябрдан буён давом этаётган жанговар ҳаракатлардан сўнг Исроил валютаси — шекел 3 фоизга қадрсизланган. Чунки Исроил армияси ҳар куни урушга 240 млн доллар сарфламоқда.

Исроил фонд биржаси 11 фоизга қулаган. Туризм даражаси нолга тушган. Заводлар тўлиқ ёпилган. Мактаблар, офислар ва компаниялар иши тўхтатилган. 500 мингдан ортиқ исроилликлар ўз уйларини ташлаб чиқишга мажбур бўлишган.

Исроилликлар ўз ҳукуматига қарши, ҳар куни мамлакатда норозилик намойишлари бўлиб турибди.

Мавзу юзасидан яна бир кичик хабар: туркиялик бир гуруҳ адвокатлар Халқаро жиноят судига Нетаняҳу дохил исроилнинг олий мартабали шахсларини ҳибсга олиш учун ариза ёзиб мурожаат қилишди.

Албатта, Ғазодаги қайғули рақамлар кундан кунга ўсиб бормоқда. Исроил ҳужумлари туфайли бир кунда ўлдирилганлар сони 828 нафарга кўпган. Жами ўлганлар сони 14 минг 128 нафарга етган. Уларнинг 5840 нафари болалар ва 3920 нафари аёллар.

Энди сайёрамиздаги яна бир қайноқ нуқта — Украинадаги уруш ва унинг атрофидаги воқеа-ҳодисаларга ўтамиз.

Россияга нисбатан Европа Иттифоқининг санкциялари 12-пакети тайёрланмоқда. Чехия Россияга қарши санкцияларнинг 12-пакетига россиялик дипломатларнинг Европа Иттифоқи бўйлаб ҳаракатланишга чеклов жорий этишни таклиф қилди.

Чехия ҳукуматининг фикрича, россиялик дипломатлар бутун Шенген зонасида эмас, фақат ўзи борадиган давлат ҳудудида ҳаракатланиши мумкин бўлган вазифлар ва истиқомат гувоҳномаси олиши керак.

Financial Times наўрига кўра, таклиф ҳали бошланғич босқичда. Мураккаб юридик масалалар туфайли бу ташаббус 12-пакетдан ўрин олмаслиги ҳам мумкин.

Санкциялар ўз йўлига, Россия Украинанинг ўзи оккупация қилган ҳудудларидан миллиардлаб рубл солиқлар йиғишга муваффақ бўлган. Россия федерал солиқ хизматига кўра, январ-сентябр ойида юридик жиҳатдан Украинага тегишли ҳудудларда йиғилган солиқлар миқдори 144 млрд рублга етган.

Аннексия остидаги ҳудудларда 138 мингта фирма ва компаниялар фаолият кўрсатмоқда, маҳаллий юридик шахслар Россия ҳуқуқий майдонига интеграция қилинган.

Кейинги кунларда трендда бўлиб турган масалалардан бири — Финландия ҳозирча Россия билан чегараларни тўлиқ ёпмайдиган бўлди. Мамлакат адлия вазирлиги ҳукуматнинг Россия билан чегарада чекловларни кучайтириш тўғрисидаги таклифини рад этди.

Адлия вазирлиги ўзининг рад этишини чегарадаги чекловлар учун етарли сабаблар йўқлиги билан изоҳлаган. Шунингдек, чекловлар жорий этиш хориждан кириб келаётганларга бошпана сўраш бутунлай йўққа чиқарарди. Бу ҳуқуқ эса Финландия конституциясида, Европа Иттифоқиа қонунчилиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенцияси ва бошқа ҳужжатлар билан мустаҳкамланган.

Киевга сафар қилган Европа Кенгаши раҳбари Шарл Мишел декабр ойида бўлиб ўтадиган саммит чоғида Евроиттифоқ раҳбарлари билан Украинанинг ҳамжамиятга қўшилиши ҳақидаги музокаралар бошланиши бўйича ижобий ечим топиш учун «барча ишни қилиши»ни ваъда қилган.

Украина президенти Володимир Зеленский бунга жавобан Украина Европа Иттифоқидан «совғалар кутмаётгани»ни айтган. «Лекин, мен мамлакат уруш ҳолатида турганига эътибор қаратилишини истардим. Биз учун декабрдаги қарор — мотивация уйғотувчи ва барчамизни бирлаштирувчи қарор», — деган Зеленский.

Зеленский, шунингдек, Украинанинг Европа Иттифоқига кириши бўйича музокаралар бошланишига Венгрия томонидан вето қўйилиши хавфини кўрмаётгани, бироқ Киевдагилар «ҳар нарсага тайёр»лигини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз: аввалроқ Венгрия бош вазири Виктор Орбан Украина Евроиттифоққа аъзо бўлишдан бир неча ёруғлик йили нарида эканини писанда қилган эди.

«Брюсселда бюджет муҳокамаси, шунингдек Украинага музокараларни бошлаш тўғрисидаги хато ваъдаларни тўғрилаш бизнинг асосий вазифамиз, чунки Украина айни дамда Европа Иттифоқидан бир неча ёруғлик йили масофасида турибди», – деган Орбан.

Қозоғистон Илон Маскнинг Starlink сунъий йўлдошли интернетига уланишни маъқуллади.

Бунинг учун Қозоғистон ҳукумати алоқа соҳасидаги тегишли қонунчилик ҳужжатларига ҳам ўзгартириш киритмоқчи. Қозоғистон алоқа вазири Бағдат Мусиннинг айтишича, бу борадаги ўзгаришлар келгуси йилда амалга киритилади. Шу пайтгача қозоғистонлик фуқароларга Starlink орқали интернетга уланиш ноқонуний ҳисобланган ва жаримага сабаб бўлган.

Мавзуга оид