Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Фаластин: Ғазодаги вазият

Исроил авиаҳужумлари туфайли ўтган тун Ғазо секторида камида 20 киши ҳалок бўлди. Фаластин тиббиёт ходимларининг маълум қилишича, ҳужумлардан бири «ҳуманитар ҳудуд» деб аталувчи Ал-Мавасийдаги қочқинлар лагерга йўналтирилган.

Хон Юнус шаҳридаги Носира шифохонасига кўра, бу ҳужум натижасида камида ўн киши, жумладан, икки бола ҳалок бўлган.

Al Jazeera мухбирининг хабар беришича, Исроил қўшинлари Нусайрат қочқинлар лагеридан бошпана топган фуқароларга ёрдам бераётган мактабни қуршаб олишган.

«Одамлар ҳаракатланиши чекланди, бинодан чиқишга рухсат берилмади. Баъзи вақтларда дронлар ва оғир артиллериядан ўт очилди. Ҳалок бўлганлар бор», — дейилади телеканал хабарида.

Фаластин: Ғарбий Соҳилдаги вазият

Исроил сўнгги 6 ой ичида Ўрдун дарёсининг босиб олинган Ғарбий соҳилида 7 та ноқонуний манзилгоҳ қурган, деб хабар бермоқда Peace Now нодавлат ташкилоти.

Ташкилот маълумотларига кўра, яшаш пунктларининг 5 таси Байтлаҳмнинг шарқи ва жануби-шарқидаги кенг ҳудудларда қурилган. Қолган иккиси эса Айн-Ябруд ва Ғарбий соҳилнинг шимолий қишлоқлари ерларида барпо қилинган.

Ўрдун дарёсининг Ғарбий соҳилида 451 мингдан ортиқ, Шарқий Қуддусда эса тахминан 230 минг исроиллик фаластинликларнинг ерларини босиб олган ҳолда яшамоқда. Халқаро ҳуқуққа кўра, бу ўзлаштиришлар ноқонуний ҳисобланади.

«Моссад»нинг Эронга ҳужум таклифи

Исроил ташқи разведка хизмати — «Моссад» раҳбари Дэвид Барни яманлик ҳусийчилар томонидан ракеталар ва дронлар ёрдамида амалга оширилган ҳужумларга «жавоб» сифатида Эронга ҳужум қилишни таклиф қилди.

Исроил ОАВ маълумотига кўра, Барни юқори мартабали шахслар иштирокидаги ёпиқ йиғилишда ракеталар ва дрон ҳужумлари юзасидан фикр билдирган.

Эрон қўллаб-қувватлаётган ҳусийчилар Исроилга қарши ракеталар ва дронлар орқали ҳужумларини давом эттирмоқда.

21 декабр куни ҳусийчилар томонидан Тел Авивга қарата учирилган ракета Исроилнинг ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизими томонидан тўхтатиб қолинмади. Натижада 16 нафар исроиллик жароҳат олган.