13:34 / 22.11.2023
3360

Россия суди Нобел мукофоти лауреати Муратовни «чет эл агентлари» рўйхатида қолдирди

«Новая газета»нинг собиқ бош муҳаррири Муратов «дўст бўлмаган» мамлакатлар ОАВга интервю берган ва шунинг учун Россия ҳақида ижобий ёки нейтрал гаплар айта олмаган, деди суд жараёнида Россия Адлия вазирлиги вакили.

Фото: Татьяна Брицкая / «Новая газета»

Москванинг Замоскворецк суди 21 ноябр, сешанба куни «Новая газета» собиқ бош муҳаррири Дмитрий Муратовнинг Россия Адлия вазирлигига «чет эл агентлари» деб аталувчи реестрдан чиқаришни талаб қилган даъвосини рад этди. Адлия вазирлиги 2023 йил 1 сентябрда тинчлик бўйича Нобел мукофоти совриндори Муратовни ушбу рўйхатга киритди. Идора маълумотларига кўра, журналист «чет эл агентларининг чекланмаган миқдордаги хабарлари ва материалларини яратиш ҳамда тарқатишда иштирок этган, Россиянинг ташқи ва ички сиёсатига салбий муносабатни шакллантиришга қаратилган фикрларни тарқатиш учун хорижий платформалардан фойдаланган».

21 ноябр куни бўлиб ўтган суд мажлисида Россия Адлия вазирлиги вакили Муратов «дўст бўлмаган мамлакатлар» – Латвия ва Буюк Британия ОАВга интервю берганини, бу «даъвогар томонидан Россия ҳақида ижобий ёки нейтрал материаллар ва фикрлар тарқатилишини истисно қилишини» айтди.

Муратов хориждан молиялаштирилганини рад этяпти 

Дмитрий Муратов чет элдан маблағ олмаганини ва ҳеч қачон олмаганини айтди. «Новая газета» собиқ бош муҳаррири сўзларига кўра, журналист ишининг моҳияти маълумот тарқатишдан иборат ва «чет эл агентлари» рўйхати аъзоларидан иқтибос келтириш қонун билан тақиқланмаган. Шунингдек, у Россия конституциясининг 29-моддаси Россия ҳудудида цензурани тақиқлашини эслатди. 

Россияда «чет эл агенти» тушунчасини муомалага киритиш тўғрисидаги қонун 2010-йилларнинг бошида қабул қилинган. Биринчидан, у Адлия вазирлигига хориждан маблағ оладиган ва сиёсий фаолият билан шуғулланувчи нотижорат ташкилотларни «чет эл агенти» деб тан олишга рухсат берди. 2022 йил 1 декабрдан бошлаб қонун нафақат хориждан маблағ оладиган, балки чет элдан «қўллаб-қувватлаётган» ҳамда «чет эл таъсири остида» бўлганларни ҳам «чет эл агенти» деб эълон қилишга имкон яратди. Бугунги кунда Россиядаги «чет эл агентлари»нинг расмий рўйхатида 600 га яқин турли шахслар ва ташкилотлар мавжуд. 

Top