Хитой ва БРИКС Ғазодаги урушда қандай рол ўйнаши мумкин?
Душанба куни араб давлатлари дипломатлари Пекинда, БРИКС аъзолари эса виртуал тарзда Исроилнинг Ғазога босқини масаласини муҳокама қилди. Хўш, Хитой ва БРИКС аъзолари бу можарога қандай таъсир қила олади?
Мавзуни таҳлил қилиш учун студиямизга сиёсий таҳлилчилар Фарҳод Толипов, Камолиддин Раббимов ва Ҳикматилла Казакбаевни таклиф этдик.
— Душанба куни мусулмон давлатлар дипломатлари Пекинга ташриф буюриб, Хитой ташқи ишлар вазири билан Ғазодаги вазиятни муҳокама қилди. Хўш, Хитой Ғазога реал таъсир қила оладими?
Фарҳод Толипов: Хитой дипломатик томондан қандайдир ишлар қилиши мумкин, лекин можарога фундаментал ечим беришга ожизлик қилади. Хитой охирги йилларда ўз фаоллигини турли йўллар билан баён этиб келяпти. Хитой билан ҳамма ҳисоблашиши керак, деган гапни ҳам очиқ айтяпти. Хитойнинг халқаро муносабатларда ўрни ортаётганини тан оламиз, лекин ҳар бир можаро, вазиятнинг ўз келиб чиқиши, динамикаси бор ва таъсир воситалари бўлади. Шу нуқтайи назардан Хитойдан кўра бошқа қудратли давлатларнинг тутадиган йўли муҳимроқ, хусусан, АҚШнинг. Бу можароларда АҚШнинг ўрни жуда муҳим. Хитой ҳам бошқа бир дипломатик йўллар орқали ўз ҳиссасини қўшиши мумкин.
— Хитой муаммонинг чўзилиб, коллектив ғарбнинг узоқроқ обрўсизланиши ва “Бир камар, бир йўл” лойиҳасига рақобатчи лойиҳа – Ҳиндистон орқали Европага ўтувчи йўлнинг кечикишидан манфаатдорми?
Ҳикматилла Казакбаев: Хитой ҳеч қачон Яқин Шарқда биринчи рақамли таъсир кўрсатувчи давлат бўлмаган. Тарихан ҳам асосан АҚШ, СССР ва Россиянинг таъсири бўлган. Араб лигаси давлатлари вакиллари Хитойга боришидан мақсад, менимча, Хитойдан ёрдам кутиш эмас, балки ўзларида мавжуд воситалардан фойдаланиш назарда тутилган, масалан, Эрон. Жорий йил баҳорида Саудия ва Эрон муносабатлари Хитой воситачилигида яхшиланди. Араб давлатлари мана шу воситачиликдан умид қилган бўлиши мумкин.
Биламизки, Эрон томонидан қўлланадиган гуруҳлар бор. Араб давлатлари мана шу воситалардан фойдаланишни назарда тутишгандир. Бу вазиятда барибир асосий ўйинчи – АҚШ. Охирги вақтларда икки халқ учун икки давлат ғояси анча кенгроқ илгари суриляпти, Байден ҳам шу ҳақида гапирди.
Камолиддин Раббимов: Хитой Совет иттифоқи қулагандан буён яқин 20 йил ичида Яқин Шарқ муаммоларига аралашмас эди. Шу йил бошида Маҳмуд Аббос Пекинга таклиф этилди. Геосиёсий мантиқдан келиб чиқиб, Исроилнинг ҳомийси АҚШ бўлса, Фаластиннинг ҳомийси Хитой бўлиши керак деган тафаккур бор эди.
Араб-Исроил конфликти – позициялар, ғоялар ва геомафкуравий қарашлар курашидир. Ким ким тарафда, қандай жамоалар бор, кимнинг позицияси қандай бўлади, деган маънода. Хитойнинг асосий роли шундан иборатки, у истаса, кучли спекулянт бўлиши мумкин. Дунёдаги кайфиятни бўрттириш ёки вазминликка чақириши мумкин.
Хитой манфаатлари шундайки, айни вақтда араб давлатларини ўзига оғдириш ва шу жараёнда Исроилга душман бўлиб кўринмаслик. Октябр ойида Хитой раҳбари Исроил ўзини ҳимоя қилишга ҳақли деб, Исроилнинг ёнини олди. Лекин тинч аҳоли ўлавергач, уруш тўхтатилиши керак, деган позицияга ўтди.
Хитойнинг ички хавотирлари ҳам бор. Чунки унинг ўзида мусулмонлар яшайдиган катта ҳудудлар бор. Хитойнинг ўзига қарата савол қўйилиши мумкин. Байден ва Си учрашувида асосий эътибор берилган масалалардан бири – эҳтиросларга берилмаслик, дунёдаги Фаластин тарафдорларига у қадар мужда бериб қўймаслик бўлди. Эронни назорат қилиш масаласи ҳам бор.
— Одатда БРИКС аъзолари иқтисодий масалалар сабаб йиғилади ва охирги вақтларда уларни антиғарб жамоаси дейиш ҳам мумкин, лекин бу галги онлайн саммитда Ғазо масаласи муҳокама қилинди. БРИКС Ғазо инқирозида Ғарбга таъсир қила оладими?
Фарҳод Толипов: БРИКС – иқтисодий ташкилот, лекин унинг сиёсий ва геосиёсий мотиви доим бўлган. Август ойидаги саммитда миллий валюта ғоясини ҳам илгари суришди. Миллий валюта таклифининг ўзи БРИКСнинг аксилғарб ташкилот эканини кўрсатади, геосиёсий омил барибир бор экан.
БРИКС аъзоларининг АҚШ билан савдо-иқтисодий алоқалари кучли, долларда бўлади айланмалар. Миллий валюталари ҳам у қадар кўламли, қадрли эмас. Ғазо масаласини ҳам кўтаришди, олдинроқ Украина уруши масаласида фаоллик кўрсатишга ҳаракат қилишганди, гарчи фойдасиз бўлса-да. Фаластин масаласида ҳам БРИКС ожиз, менимча. Шунчаки ўз позицияларини билдириш учун платформа сифатида фойдаланишган бўлиши мумкин.
Россия, Хитой, Аргентина, ЖАР президентлари турлича фикр билдирди бу масалага. Яъни якдиллик йўқ бу бўйича. Улар ўз позицияларини ифодалаб, якдил эмасликларини ҳам кўрсатишди. Саммитнинг қўшма баёноти ёки декларацияси ҳам қабул қилинмади.
Ҳикматилла Казакбаев: БРИКС G7 давлатларига қарама-қарши тузилган ташкилотга ўхшаб қолган. Глобал Жануб сифатида Ғарбга қарши туриши керак деган тушунча ҳам шаклланяпти охирги пайтда.
Бу сафарги БРИКС саммитига Эрон ҳам таклиф этилган. Эрон ташкилот аъзоси эмас, лекин шунга ҳаракат қиляпти. Фаластин-Исроил масаласида Раисий томонидан фикрлар билдирилди. Бу нарса Саудия томонидан қўллаб-қувватланди, лекин Араб лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти қўшма саммитида бундай бўлмаганди.
Юқорида айтилгандек, ташкилот доирасидаги давлатларнинг якдиллиги масаласи бор. Маҳмуд Аббоснинг Пекинга ташрифи пайтида стратегик шериклик шартномаси тузилган. Хитой 1967 йилги чегараларга қайтишни қўллаган. Лекин Ҳиндистоннинг позицияси бошқача, Россияники ҳам фарқли. ЖАР буткул Фаластин тарафида, Исроил билан дипломатик алоқаларни узишни ҳам кўриб чиқди. Умуман олганда, ташкилотда бу масалада якдиллик йўқ. Шунинг учун ҳам БРИКСнинг таъсири кучли бўлмайди.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
22:47 / 25.12.2024
Путин яна “тарихий ҳудудлар” ҳақида гапирди. У қаерларни айтяпти?
19:57 / 25.12.2024
Хитойда ёлғиз инсонларни оила қуришга ундовчи тарғиботлар кучайтирилди
14:53 / 25.12.2024
Хитой компанияси Аския бозорини 225,6 млрд сўмга сотиб олди
14:07 / 25.12.2024