Жаҳон | 20:44 / 29.11.2023
9792
8 дақиқада ўқилади

Ғазода узайиши мумкин бўлган сулҳ, Россияга янги санкциялар лойиҳаси ва чет элликлар учун «содиқлик битими» — кун дайжести

Ғазода давом этаётган оташкесим режими янада узайтирилиши мумкин. Украинада бош разведкачисининг рафиқаси симоб ва маргимуш билан заҳарланди. Россияда сафарбар қилинганларнинг аёллари норозилик акциялар ўтказишмоқда. Шу ва бошқа хабарларнинг қисқача тафсилоти кундалик жаҳон хабарлари дайжестида.

Ғазода икки кунга узайтирилган муваққат сулҳ доирасида гаровдагилар ва маҳбуслар алмашинуви давом этди.

«Уч кишига бир киши» нисбатида амалга ошириаётган алмашинувлар доирасида кеча ҲАМАС ҳаракат 10 нафар гаровда ушлаб турилган исроилликларни Халқаро Қизил Хоч қўмитасига топширган. Исроил эса, ўз навбатида, аёллар ва болалардан иборат 30 нафар маҳбусни қамоқхоналардан озод қилган.

ҲАМАС ўзи гаровда ушлаб турганларни алмашиш бўйича Исроил билан кенг қамровли келишув тузишга тайёр эканини билдирган. Al-Jazeera телеканали ҳаракатнинг раҳбарияти вакили Ғози Ҳамаднинг сўзларини келтирмоқда.

«Агар Исроилда ўзининг асирдаги одамларини озод қилиш бўйича жиддий ният бўлса, биз кенг қамровли келишув тузишга тайёрмиз», — деган Ҳамад.

Айни пайтда ҲАМАС қўлида 7-ОКТЯБР куни олиб кетилган 200 га яқин инсон гаровда ушлаб турилибди. Ҳаракат уларни исроил қамоқхоналарида ўтирган тарафдорларига алмашмоқчи.

Исроил вақтинчалик оташкесимни яна 5 кунга чўзишга тайёрлигини ҳам билдирган. Исроил ҳукумати вакили Эйлон Левининг таъкидлашича, ҳарбий ҳаракатлардаги ҳозирги пауза яна «уч кишига бир киши» алмашинув шарти билан яна 5 кунга чўзилиши мумкин.

«Агар ҲАМАС биз истагандек, гаровда ушлаб турилганларни озод этишда давом этадиган бўлса, биз яна 50 нафар фаластинлик аёлларни қамоқхоналардан чиқаришга рухсат беришимиз мумкин», — деган у.

Левига кўра, ҲАМАС гаровдагиларни қайтаришни бас қилиши ҳамоно, уларга ҳарбий босим қайталанади.

7 октябрдан буён Исроилнинг Ғазога ҳужуми натижасида ўлдирилган фаластинликлар сони 15 минг кишидан олди. Уларнинг 6150 нафари ёш болалар, 4000 дан зиёди аёллар, деб хабар беради Ғазо ҳокимияти матбуот хизмати.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Ғазодаги вазият бўйича БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан телефон орқали суҳбатлашди. Суҳбат асносида Эрдўған Исроил ҳалқаро ҳуқуқни ҳеч нарсани ўйламасдан поймол қилаётгани ва содир этган жиноятлари учун албатта жавоб бериши лозимлигини таъкидлаган.

Дарвоқе, Би-Би-Си ҲАМАС Исроилга ҳужум қилиш учун уч йил тайёргарлик кўрганини хабар қилди. Ҳаракат ҳарбий қаноти гаровга олиш ва аҳоли пунктлари бўйлаб рейд ўтказиш машқларини чегарадан бир километр нарида ўтказишган. Дастлабки машқлар 2020 йилда бошланган. Энг сўнггиси 2023 йилнинг 12 сентябрида ўтказилган. Машқларнинг видеоларини жангчилар ижтимоий тармоқларга ҳам мунтазам жойлаб боришган. 

Украинага ўтамиз. Мамлакат разведкаси бошлиғи Кирилл Будановнинг рафиқаси Марианна Буданова узоқ вақт давомида оғир металлар (симоб ва маргимуш) билан заҳарланиб келгани маълум бўлди.

Худди шунда заҳарланиш Украина Бош разведка бошқармасининг бир неча ходимларида ҳам кузатилган. Заҳарланганларнинг барчаси айни вақтда даволаниш курсларини ўтамоқда. Тегишли органлар тергов-суриштирув ишларини олиб бормоқда. 

АҚШ Украинани музокаларга мажбурлаётгани ҳақидаги хабарларни рад этди. АҚШ давлат департаменти котибининг Европа ва Евроосиё ишлари бўйича ёрдамчиси Жеймс О’Брайен АҚШ ва Германия Украинага қурол-яроғ жўнатишни бас қилиб, Москва билан сулҳ келишувини имзолашга мажбурлаётгани тўғрисидаги хабарларни рад этди. Унга кўра, Вашингтон Украинани сузокара столига ўтқазишга мажбурловчси сиёсат қилламаяпти. «Биз доим бу Украинанинг шахсий иши, деб келганмиз», деган у. 

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг вақти келса Украина Шимолий Алтантика алянсига аъзо бўлишини таъкидлаган. Аммо бу қачон рўй беришига аниқлик киритмаган. «Барча шартлар бажарилса ва иттифоқчилар рози бўлса, Киев таклифнома олади», деган у.

Столтенберг алянс Украина ҳудудида жанговар ҳаракатлар кучайишича тайёр бўлиши, шу муносабат билан Киевга ҳарбий ёрдам фаоллаштирилиши кераклигини ҳам айтган. Бош котиб можаронинг эҳтимолли авж олишини батафсил баҳолашни рад этган ва «урушнинг ривожланишини олдиндан айтиб бўлмайди», деган.

Столтенбергнинг баёнотларини шарҳлаган Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков НАТО Россияни тийиб туришга хизмат қилаётгани ва Россияга қарши курашда Украина халқини қурбон қилаётганини айтган. 

G7 давлатлари Украина хавфсизлигини таъминлаш борасида узоқ муддатли кафолатлар устида ишламоқда. Канада ташқи ишлар вазири Мелани Жоли қандай кафолатлар ҳақида гап бораётганини очиқламаган, бироқ «яқин кунлар» ичида кўпроқ маълумот очиқланишини айтган. Жолининг сўзларига кўра, НАТО давлатлари Яқин Шарқдаги можаро авж олганига қарамасдан, Украинага диққат-эътиборни давом эттиришлари керак. 

Европа Иттифоқининг 12-пакетдаги санкциялари доирасида Россия олмослари тақиқланади. Еврокомиссия Россия олмосларини тақиқлаш тўғрисидаги таклифни маъқуллаган. Яқин орада ҳужжат Европа Иттифоқига аъзо барча давлатларга ўрганиб чиқиш учун жўнатилиши мумкин.

12-пакетдаги санкцияларга Россиянинг ракета ва пилотсиз парвоз қурилмалари ишлаб чиқариш қобилиятини сусайтиришга қаратилган чоралар ҳам киритилади. Бу ҳақда Украина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба Евроиттифоқ ташқи сиёсат масалалари бўйича олий комиссари Жозеф Боррел билан брифингда маълум қилган.

Кулеба, шунингдек, Россиянинг музлатилган активларидан Украинани қайта тиклаш учун фойдаланиш масаласи бўйича якуний қарор кутилаётганини ҳам маълум қилган. 

Украина ҳудудида Россиянинг яна бир генерали ҳалок бўлгани хабар қилинмоқда. 14-армия корпуси раҳбарининг ўринбосари генерал-майор Владимир Завадский 28 ноябр куни минага дучор бўлиб, портлаб кетган. 

Россияда армияга сафарбар қилинган аскарларнинг рафиқалари Россия ҳокимиятига янги мурожаатнома билан чиқиш қилишди.

Сафарбар қилинганларнинг аёллари ва қариндошлари демобилизация ўтказиш ва 2022 йилнинг сентябрида сафарбар қилинганларни уйларига қайтаришни талаб қилишган. Аёллар Россия ҳокимияти вакиллари «улардан сунъий душман ясаб, телевидение орқали уларнинг устидан мағзава ағдаришаётгани»ни ҳам таъкидлашган.

«Бизнинг ўз ҳаётимиз бор эди. Уни тортиб олишга қандай ҳақларинг бор? Бизнинг ўз ҳаётимиз қайтариб берилсин. Бизнинг ўрнимизда бўлмаганлар овозимизни ўчиришга ҳақли эмас», — дейилади мурожаат матнида.

Кеча сафарбар қилинган россияликларнинг рафиқалари ва қариндошлари муддатсиз сафарбарликка қарши манифест ва петиция эълон қилишди. «Бизни лаққиллатишди, сизни ҳам албатта алдашади», — деб ёзган улар.

Россияда урушга сафарбар қилинган ҳарбийларнинг аёллари бутунроссия флешмобини ҳам ўтказишди. Улар машиналарига «Верните мужа» (Эримни қайтаринглар), «Верните зятя» (Куёвимни қайтаринглар) каби сўзлар битилган стикерлар ёпиштириб олишди. 

Россия Ички ишлар вазирлиги чет эл фуқароларига Россияга кириб келиш чоғида «содиқлик битими» имзолашни таклиф қилмоқда. Идора ишлаб чиққан қонун лойиҳасига кўра, битим бир қанча чекловларни, жумладан Россия Федерациясида давлат сиёсатини танқид қилишга тақиқни назарда тутади.

Мавзуга оид