Қайта бомбаланаётган Ғазо, Дубайдаги иқлим саммити ва сайловлардан қутилган Украина — кун дайжести
Ғазода гуманитар сулҳ узайтирилмади ва Исроил бомбалашни қайта бошлади, Дубайда кўплаб мамлакатлар раҳбарлари иштирокида иқлим саммити бошланди, Украинада уруш тугагунча сайловлар ўтказилмайдиган бўлди — шу ва бошқа хабарлар тафсилотлари кун дайжестида.
Ғазода етти кун давом этган гуманитар оташкесим якунланди.
Исроил томони ҲАМАС гаровдан озод қилиниши режалаштирилган асирларнинг рўйхатини бермагани, Исроил томонга ракета учирганини рўкач қилиб ҳарбий ҳаракатлар қайталанганини эълон қилди.
Аллақачон Ғазо секторидаги Жабалия ва Хон Юнус шаҳарларига Исроил зарба бергани ҳақидаги тасвирлар пайдо бўлди. Аллақачон 10га яқин инсонлар ҳалок бўлгани ва яна кўплаб одамлар жабрлангани ҳақида маълумотлар тарқатилмоқда.
«Биз ҲАМАСни йўқ қиламиз деб қасам ичганмиз, мен қасам ичганман. Бизни ҳеч нарса тўхтат олмайди. Биз урушни давом эттирамиз», — деган Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу.
Тунда Ғазода асирларнинг 7-гуруҳи алмашилган эди. ҲАМАС олти нафар гаровда ушлаб турилганларни озод қилган. Бунга аввалроқ озод қилинган икки нафар Россия фуқаролигига ҳам эга икки аёлни ҳам қўшиб ҳисоблашган.
Исроил эса келишувга мувофиқ, рўйхати берилган 30 нафар маҳбусларни озод қилган.
Дубайда иқлим ўзгариши муаммолари муҳокама қилинади. Дунёнинг 140 давлати етакчилари, 70 минг делегат — сиёсачтилар, бизнесменлар, халқаро ташкилотлар таҳлилчилари, активистлар, туб аҳоли вакиллари ва журналистлар Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида БМТнинг иқлим ўзгаришлари бўйича музокараларини ўтказиш учун йиғилишди. Улар глобал иқлим исишини чеклаш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш масаласини муҳокама қилишади
COP28 конференцияси тезкор ғалаба билан бошланди. Чунки мамлакатлар табиий офатлар ҳолдан тойдирган давлатлар учун»зарар ва зиёнлар» фонди ташкил этишга келишиб олишди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам кўплаб давлат раҳбарлари иштирок этаётган ушбу конференцияда қатнашиш учун Дубай шаҳрида бўлиб турибди. Мирзиёев конференцияда биринчилардан бўлиб нутқ сўзлади.
Қайд этиб ўтиш керак, дунёнинг нуфузли етакчиларидан Владимир Путин, Жо Байден ва Си Жинпинг Дубайга келмаган.
Украинада уруш тугагунга қадар президентлик ва парламент сайловлари ўтказилмайдиган бўлди.
Халқ депутатлари тегишли ҳужжатни имзолашган. Украинада ҳарбий ҳолат бекор қилинганидан сўнг камида 6 ой ўтгач Украинада сайлов ўтказилади.
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Россия армиясининг Украинадаги йўқотишлари 300 минг кишидан ошганини таъкидлади.
«2022-йилнинг февралида мамлакатга бостириб кирган РФ президенти Владимир Путин мунтазам армиясининг катта қисмидан, юзлаб самолётлар, минглаб танклардан айрилди. Уруш Россияни сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан кучсизлантирди. Лекинга унга етарли баҳо бермаслик керак эмас. Россия иқтисодиёти ҳарбий релсларга ўтказилди», — деди Столтенберг.
НАТО раҳбарига кўра, Россия қиш учун ракеталарнинг улкан захирасини тўплаган, Украина халқини совуқ ва қоронғиликда қолдириш учун унинг энергия тизими ва инфратузилмасига зарба беришга янги уринишлар бўлмоқда.
Жаҳон банки Япония ҳукумати кафолати остида Украинага 1,2 млрд доллар қарз ажратилишини маъқуллади.
АҚШ эса дастлабки маъқулланган бюджет доирасида Украинага қурол-яроғ етказишда давом этмоқда, бироқ маблағ тугаб бораяпти, дейилади Пентагон баёнотида.
Европа Иттифоқи давлатлари Украина учун 4 йилга мўлжалланган 50 млрд евролик молиявий ёрдам пакетини маъқуллади. Бюджет масалалари бўйича еврокомиссар Йоҳаннес Ҳанн ёрдам пакетини эълон қилди, хусусан, ёрдам пакети ҳажми бўйича Евроиттифоқ давлатларидан бирортаси эътироз билдирмаган.
Дубайдаги иқлим конференциясига жўнаб кетиш олдидан Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ўз партиясига мурожаат қилди. Адолат ва тараққиёт партияси 31 март куни ўтказиладиган маҳаллий сайловларга тайёргарлик кўрмоқда.
«Бизнинг мақсадимиз — муниципал хизматлардан бебаҳра қолиб қийналаётган Истанбул ва Анқара бошчилик шаҳарларни яна қайта қўлга киритишдир. ЖХПдан мэр сайланган шаҳарларда фуқароларимиз кичик-кичик хизмат кўрсатишлардан ҳам қийналишмоқда. Биз яна шаҳарларимизни 5 йил йўқотишга кўнмаймиз. Биз каттароқ фоизларда ғалаба қозонамиз», — деган Эрдўған.
Энди қолган янгиликларнинг қисқача тафсилотларига ўтамиз.
Россиянинг энг йирик нефт ва газ компаниялари тушуми 2023-йилнинг 9 ойида 41 фоизга тушиб кетган. Бу ҳақда Россия Марказий банки «Молиявий барқарорлик шарҳи»да хабар қилган. «Бунга нарх конъюнктураси ёмонлашуви ва санкциялар қатъийлаштирилиши фонида нефт экспорти ҳажми камайиши, логистика занжирлари ва молиявий оқимларни қайта йўлга қўйиш сабаб бўлган», дейилади шарҳда.
Тунда Россия жанубидаги Ростов шаҳрида энг йирик буюм бозорида ёнғин чиқди. Олов 4500 метр квадрат майдонни қоплаб олган. Жабрланганлар ҳақида маълумотлар берилмади. Ёнғинни тонгга яқин ўчиришга муваффақ бўлишган.
Сўнгги бир йил ичида жаҳондаги миллиардерлар сони 7 фоизга ошиб, 2542 кишига етган. Швейцариянинг USB банки маълумотларига кўра, уларнинг умумий бойлиги 9 фоизга кўпайиб, 12 триллион доллардан ошган. Ўтган йили миллиардерларнинг умумий бойлиги 11 триллион доллардан сал кўпроқ эди.
Мавзуга оид
14:14 / 24.12.2024
Ғарбий соҳилдаги оккупация, «Моссад»нинг Эронга ҳужум таклифи ва трансгендерларга қарши Трамп — кун дайжести
13:18 / 23.12.2024
Оташкесимга яқин келган Ғазо, пулини ўзгартираётган Эрон ва немис журналистларига босимлар — кун дайжести
13:59 / 21.12.2024
Сувсиз қолаётган ғазоликлар, Полшага боришдан чўчиётган Нетаняҳу ва Ғарбий Африканинг ягона валютаси — кун дайжести
14:33 / 20.12.2024