Бугун «cовет иттифоқи» дейилганда кўпчилик ёвуз бир салтанатни эслайди. Бу давлат иккинчи жаҳон урушида 20 миллиондан ошиқ қурбон бергани етмагандай, Сталиннинг 31 йил давом этган ёвуз бошқаруви туфайли ўзининг 20 миллиондан ортиқ аҳолисини қатағон қилган.

Агар тарихга назар ташланса, ўша қатағонлар тасодифан бўлмаган, ёвуз тузум унга анча аввалдан тайёргарлик кўрганди. Сталин СССРни қамоқхоналар мамлакатига айлантиришни 1920-йилларнинг иккинчи ярмида, мамлакатда коллективлаштириш сиёсатини ўтказиш даврида бошлаган эди.

Ўшанда миллионлаб деҳқонлар, ҳунармандлар ва бошқалар «бой-қулоқ» қилиниб, уйларидан сургун қилинган. Қамоқхоналарга тиқилган ва ўлдириб юборилган. Шундан сўнг қатағонлар тинмаган ва у Сталин вафотигача давом этган.

Сталин давридаги энг йирик қатағонлардан бири 1937 йил 31 июлдан 1938 йил ноябр ойигача ўтказилган ва шу даврда қарийб 2 млн одам ҳибсга олинган.

Уларнинг қарийб ярми ўлим жазосига ҳукм қилинган. Қолганлари узоқ йилларга қамалиб, ГУЛаг қамоқхона лагерларида ўлиб кетган. Тарихда советларнинг бу қатағони «Катта террор» деб номланади.

«Катта террор» давом этар экан жуда кўп инсонлар қамалади. Бошқалари эса овлоқ жойларга олиб чиқилиб, отиб ташланади. Сўнг оммавий қабрларга кўмилиб, уларнинг усти киши билмас қилиб текислаб юборилади.

Ана шундай оммавий қабрлардан бир нечтаси 1997 йилда Россиядаги «Мемориал» жамияти вакиллари томонидан Карелиядаги Сандармох ўрмонидан топган эди.

Сандармох ўрмонидаги оммавий қатллар ўтказилган жой
lenta.ru

Сандармох қатлиоми

1930-йиллар иккинчи ярмида ҳам Карелиядаги СССР ва Финландия ўртасидаги чегара тўлиқ назорат қилинмас, қалин ўрмонлар ва ботқоқликлар орқали ўтиб қайтиш мумкин эди.

Айнан шуни баҳона қилган советлар «Катта террор» вақтида Карелияда жуда кўплаб одамларни жосусликда айблаб ҳибсга олади. Ўшанда республика аҳолисининг 2,2-2,5 фоиз аҳолиси қамалади. СССР бўйлаб бошқа ҳудудларда қамалганлар сони ўртача 0,8 фоиз бўлган.

Бир неча ойда Карелияда 12 мингдан ошиқ одам қамалади ва улардан 11 минг нафари, 87 фоизи ўлдирилади. Ўша пайтда СССРда қамалганларнинг ўртача 50 фоизи ўлдирилган. Карелияда ўлдирилганлар сони фоиз ҳисобида анча кўп эди.