Ҳужум зонасини кенгайтирган Исроил, қўшнисини босиб олишни маъқуллаган Венесуэла, дунёда авж олаётган болалар пневмонияси — кун дайжести
Исроил Ғазо секторида ер усти операцияси олиб борилаётган зонани кенгайтирди, Украинада раҳбарлар рейтинги солиштирилди, Венесуэлада референдумда президент Мадуро кутган натижа қайд этилди. Шу ва бошқа кун янгиликлари халқаро хабарлар дайжестида.
Исроил армияси хабарига кўра, ҲАМАСга қарши жанговар ҳаракатлар энди аввал секторнинг хавфсиз ҳудуди деб эълон қилинган, шимолдан одамлар мажбурий кўчирилган жанубий қисмида ҳам олиб борилмоқда. БМТ хабарига кўра, ўз уйларини тарк этган ғазолик қочиқинлар сони 1,8 миллион кишини ташкил этади. Исроил энди уларни ҳам бомбалайди. Бу эса тинч аҳоли орасида қурбонлар сони кескин ортишига олиб келиши шубҳасиз.
Ҳозирга келиб Ғазода ҳалок бўлган инсонлар сони 15 минг 523 нафарга етган. Уларнинг катта қисми болалар ва аёллардан иборат. Яъни тинч аҳоли вакиллари. Биргина гуманитар паузадан сўнг қайталанган ҳужумлардан сўнг ўлганлар сони 200 га яқинлашиб қолди.
Ғазода шу вақтгача ҳалок бўлган Исроил аскарлари сони эса 400 нафарга яқинлашиб қолди, деб хабар беради The Times of Israel газетаси.
Ғазо фуқаролик мудофааси ташкилоти Исроил ҳужумлари оқибатида вайрон бўлган бинолар ва иншоотлар остида минглаб инсонларнинг жасади борлигини таъкидлаган ва тинимсиз давом этаётган жанговар ҳаракатлар ва зарур техникалар етишмаслиги туфайли уларни чиқариб олишнинг имкони бўлмаяпти.
АҚШ вице президенти Камала Ҳаррис ҳам Ғазода жуда кўплаб бегуноҳ инсонлар ҳалок бўлганини қайд этган. «Ғазода содир бўлаётган воқеалар ва тинч аҳолининг изтироблари киши даҳшатга солади», деган у Дубайда ўтаётган иқлим конференциясида.
Қолаверса, Америкадаги ёшларнинг жуда катта қисми Ғазога Исроил ҳужумларини оқламаслиги маълум бўлди.
Gallup компанияси томонидан ўтказилган сўровномаларга кўра, Америкадаги аёлларнинг 52 фоизи, 18–34 ёшдаги ёшларнинг 67 фоизи Исроилнинг ҳужумларини асло қўллаб-қувватламасликларини билдиришган.
Украинадаги воқеаларга ўтамиз.
Айни пайтда Украинада бош қўмондон Валерий Залужнийнинг рейтинги мамлакат раҳбари Володимир Зеленскийнинг рейтингидан баландроқ бўлиб турибди, деб ёзади Украинанинг «Информатор» нашри. Бош қўмондонга украиналикларнинг 82 фоизи ишонса, Зеленскийнинг ишонч рейтинги 72 фоизга тенг. Бироқ, сўрономаларга кўра, бу иккиси президентлик сайловида қатнашадиган бўлса, Зеленский биринчи турда 47,4, иккинчи турда 42 фоиз овоз билан Залужний устидан ғалаба қозонган бўларди.
Украина жамиятида президентнинг рейтинги тушиб бораётгани Киев мэрини ҳайрон қолдирмаяпти. «Одамлар ким самарали эканлигини кўриб-билиб турибди. Кутилмалар жуда кўп эди ва ҳамон кўп. Зеленский ўзи йўл қўйган хатолар учун жавоб беради», — деган Виталий Кличко швейцариялик журналистнинг саволига жавобан.
Умуман олганда, Залужний The Economist нашрига берган интервюсида фронтдаги вазият боши берк кўчага кириб қолганини айтганидан буён президент Зеленский билан иккисининг орасида оламушук ўтиб қолгани ҳақида турли хабарлар ва миш-мишлар янграмоқда.
Бу орада Полша Украинага 18 та Krab ўзиюрар гаубицасини топширди. 155 мм диаметрли снарядларни отувчи бундай машиналардан яна 56 таси етказиб берилади.
Гарчи Полша аввалги келишувлар бўйича ҳарбий техникалар етказиб бераётган бўлса-да, Украинага ғарб давлатларнинг келгусидаги ёрдами ҳам хавф остида қолган. Украина Европа Иттифоқи томонидан ваъда қилинган 50 миллиард еврони Германиядаги бюджет кризиси ва айрим давлатларда ўта ўнг партиялар позициялари кучайгани сабабли қўлга кирита олмаслиги мумкин, деб ёзади Financial Times нашри.
Украинадаги фронт чизиғидаги окопларда ҳаддан зиёд кўпайиб кетган сичқон, каламуш ва илонларга қарши курашиш учун украинлар аскарларга мушук жўната бошлашди.
ASB нашрининг хабарига кўра, окоплардаги кемирувчилар ва илонлар Украина армияси учун ҳақиқий бош оғриқ бўлмоқда. Сичқонлар ва каламушлар блиндажларда дам олаётган аскарларнинг ухлашига халақит бермоқда, тишлаб ҳужум қилмоқда, кўзига кўринган нарсани кемириб кетмоқда, ҳаттоки қуролларнинг ёғоч қўндоқларини ҳам.
Бу муаммони ҳал қилиш учун волонтёрлар қопқон ясаш учун пул йиғмоқда, ҳарбийлар эса энг яхши восита мушук эканини айтишган.
Россияда эса қандай қилиб мамлакатда туғилиш ва аскарлар сонини кўпайтириш устида бош қотиришмоқда.
Мамлакат парламентида қизиқ таклифлар янграмоқда. Масалан, Думанинг бир эмас икки депутати армияда мажбурий чақирув бўйича хизмат қилишни яна икки йилга кўтаришни таклиф қилишди. Мудофаа бўйича қўмита аъзоси генерал Гурулёв аскарларни тайёрлаш учун бир йил етарли эмаслигини таъкидлаган. Унинг гапларини яна бир генерал Соболев қўллаб-қувватлаган.
Россияда, шунингдек, бефарзандлик учун солиқ жорий этилиши режалаштирилмоқда. Давлат думаси депутати Фёдоров СССР чоғида бундай амалиёт қўлланилгани ва бюджетга бадаллар «ўзини жуда самарали кўрсатгани»ни эслатган.
Давлат думаси вице-спикери, журналист Пётр Толстой эса аёлларни ҳомиладорликни узишдан қайтарган врачларни мукофотлашни таклиф қилган. Бу ҳолатда абортларни тақиқлаш тўғрисида гап бормаётганига ҳам урғу берган.
Россияда 2030 йилга бориб ишчиларнинг етишмовчилиги 2–4 миллион кишига етиши мумкин, деб ёзади «Коммерсант» нашри «Яков и партнёры» консалтинг фирмаси маълумотларига асосланиб. Тадқиқот муаллифлари малакали ишчиларнинг етишмаслиги аллақачон маошлар кўтарилишига олиб келганини қайд этишган.
Жанубий Америкада ҳам бир қайноқ нуқта пишиб етилмоқда. Венесуэла ҳукумати қўшни Гайанадаги Эссекибо ҳудудини аннексия қилиш бўйича 3 декабр, якшанба куни мамлакатда ўтказилган референдумда қатнашган овоз берувчиларнинг 95,3 фоизи «ҳа» деб жавоб берганини эълон қилди.
Николас Мадуро ҳукумати энди қўшни давлатнинг 70 фоиз ҳудудини ўзига қўшиб олиш учун Халқаро суд қарорига терс ўлароқ ҳаракат қилади. Мадуро «Венесуэла халқи баланд ва аниқ қилиб ўз фикрини билдиргани»нини таъкидлаб, бу ғалаба ўзига тегишли эканини айтган.
Гайана президенти Ирфон Али, ўз навбатида, халқига мурожаат қилиб, жуда кучли халқаро қўлловга эга эканликларини таъкидлаб, мамлакат армияси қатъиятли эканидан огоҳлантирган.
Эслатиб ўтамиз, агар аҳолиси қарийб 30 миллион бўлган Венесуэла Гайанага ҳарбий ҳужум қилса АҚШ ва Буюк Британия аҳолиси 750 минг бўлган Гайанага ёрдам беришини эълон қилган.
АҚШ Қизил денгизда учта тижорий кемага Яманнинг Эрон қўллаб-қувватлаётган қўзғолончи-ҳусийчиларнинг «Ансоруллоҳ» ҳаракати тўрт бор ҳужум уюштирди, деб ҳисоблаш учун барча асосларга эга эканини маълум қилган. Бу ҳақда АҚШ Қуролли кучлари марказий қўмондонлиги хабар қилган.
Дунё бўйлаб болаларга ёпишаётган ғалати зотилжам — пневмония касаллиги авж олмоқда. 5–12 ёшдаги болаларни тўшакка михлаётган пневмониянинг авж олиши Хитой, Дания, Франция ва Нидерландияда кузатилмоқда, деб хабар беради CNN. Шунингдек, касаллик кутилмаган АҚШнинг Оҳайо штатининг бир округида қўзғалгани қайд этилган.
Бир неча кун аввал Хитой пневмония микропазмаси бактерияси чақирган касаллик туфайли педиатрия касалхонлари тўлиб тошиб кетганини хабар қилган эди.
Мавзуга оид
14:14 / 24.12.2024
Ғарбий соҳилдаги оккупация, «Моссад»нинг Эронга ҳужум таклифи ва трансгендерларга қарши Трамп — кун дайжести
13:18 / 23.12.2024
Оташкесимга яқин келган Ғазо, пулини ўзгартираётган Эрон ва немис журналистларига босимлар — кун дайжести
13:59 / 21.12.2024
Сувсиз қолаётган ғазоликлар, Полшага боришдан чўчиётган Нетаняҳу ва Ғарбий Африканинг ягона валютаси — кун дайжести
14:33 / 20.12.2024