Ўзбекистон | 21:53 / 04.12.2023
40037
9 дақиқада ўқилади

“Ёғли” бюджет, элитар коррупция ва кечикаётган декларациялаш — Акмал Бурҳонов билан суҳбат

Давлат харидларида коррупция содир қилган тадбиркорларнинг рўйхати юритилади, улар харидларда қатнаша олмайди. Ҳукумат қарори билан буюртмаларни тендерсиз бериш ҳам чекланади, дейди Kun.uz’га интервю берган Аксилкоррупция агентлиги директори Акмал Бурҳонов. Бундан ташқари, соҳада миллиард сўмлик қонунбузарлик қилиб, арзимас жарима билан қутулиб қолаётганлар учун ҳам жазо чоралари кучайтирилади. 

27 ноябр куни Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш ва давлат ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини оширишга доир президент фармони қабул қилинди. Фармон билан очиқланиши керак бўлган маълумотлар сони кўпайди, агентликка янги ваколатлар берилмоқда. Шунингдек, фармон билан тасдиқланган 2023-2024-йилларга мўлжалланган дастурда кўплаб ташкилотларга топшириқлар берилган. Kun.uz соҳада кутилаётган ўзгаришлар ва фармон юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов билан интервю ташкил қилди.

Фармонга кўра, 4-5 ой ичида ишлаб чиқилиши керак бўлган яна бир ҳужжатда давлат харидида коррупцион ҳуқуқбузарлик содир этган ёки манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган юридик шахс мансабдорларини Инсофсиз ижрочилар реестрига киритиш, уларнинг харидлардаги иштирокини чеклаш назарда тутилади? Нима деб ўйлайсиз, бунинг имкони бўладими? Масалан, баъзида ҳукумат қарорлари билан тўғридан тўғри харидлар орқали ҳатто тендерларни ҳам айланиб ўтишади.

— Тўғридан тўғри давлат харидларини амалга ошириш маълум бир вазиятда ҳукумат ёки президент қарори билан истисно тарзда бўлиши мумкин. Биз бу қонунни ишлаб чиқаётганда нафақат тендер орқали харидлар, балки тўғридан тўғри харидлар бўйича ҳам инсофсиз ижрочиларнинг реестри бўлади. Реестрга тушдими, тендерда ҳам, тўғридан тўғри бўлсам ҳам, бунда иштирок этолмайди, яъни умумий реестр ҳисобланади. Режаларимиз шундай.

Энди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан ишлаяпмиз, яъни онлайн тарзда назорат қилиш тизимини яратиш бўйича. Фирмалар, юридик шахслар битта одамга бориб тақаладиган ҳолатлар ҳам бор. Шундай ҳолат аниқланса, биз тақдимнома киритиб, харидни бекор қиламиз. Лекин бу тизим қўлда ишлаяпти, энди айтганимдек, онлайн платформа устида ишлаяпмиз. Автоматик тарзда иккинчи фирма иштирок этолмайди бу платформада.

— Фармонга кўра, бу соҳада агентликка қонунбузарлик ҳолатлари юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиш, судларга бож тўламасдан даъво киритиш ваколати берилиши мумкин. Нима учун агентлик бу ваколатларни ўзига олмоқчи, ҳозир прокуратура органларида оширилаётган ишлар охирига етмаяптими?

— Янги таҳрирдаги давлат харидлари тўғрисидаги қонунда уларнинг назоратини амалга оширувчи идоралар қаторига Коррупцияга қарши кураш агентлиги ҳам киритилган. Шу маънода агентлигимиз давлат харидларининг қонунийлиги бўйича жойларда ва онлайн тарзда мониторинг олиб боряпти. Афсуски, бир йилда юзлаб қонунбузарлик ҳолатларини аниқлаяпмиз. 2023 йилнинг ўтган 11 ойи ичида 150 та ҳолатда 243 млрд сўмлик хато-камчиликлар аниқланган, 147 та тақдимнома киритилиб, 105 та давлат хариди бекор қилинган, 29 та интизомий чоралар, 3 та жиноят иши қўзғатилган, 42 та маъмурий ишлар қўзғатилган.

Агентликка маъмурий баённомалар тузиш ваколатини бериш баъзи функцияларнинг такрорланмаслиги, ўз вақтида жавобгарлик таъминланишини таъминлайди. Фақат агентлик эмас, Ҳисоб палатасида ҳам шундай ваколат бўлади.

Юқорида айтганим, 143 млрд сўм зарар, бу – кутилаётган зарар бўлган, яъни олди олинган шунча зарарнинг. Агар икки томонлама шартномалар тузиб қўйилган ва тадбиркор ишга/буюртмага киришган бўлса, энди бу иш фақат суд орқали бекор бўлади. Шунинг учун ҳам судга даъво киритиш ваколати керак бизга. Биз ҳозирги ваколат билан фақат олдини олишимиз мумкин, аммо шартнома қилиниб ўтиб кетган қанчадан-қанча харидлар бор, ўшалар бўйича ҳам судга ариза бериш ваколати керак бўлади.

— Умуман, фармон матнига эътибор қилсак, давлат харидлари соҳасини тартибга солиш асосий ўринга чиқиб қолгандек. Агентлик энг кўп эътибор қилган соҳа ҳам дейиш мумкин. Ягона етказиб берувчилар, инсофсиз ижрочилар реестри, агентликка ваколатлар ва бошқалар. Агентлик давлат харидларидаги коррупциявий ҳолатларни илмий таҳлил ҳам қиладими?

— Бизнинг вазифаларимиз фақатгина текшириш, мониторинг тадбирларини ўтказиш эмас, балки ўша коррупцияни келтириб чиқараётган омиллар, шарт-шароитларни ўрганиш ҳам вазифамиздир. Ҳар бир мониторинг ва йил якуни бўйича биз таҳлиллар олиб борамиз. Аниқланган ишларнинг тергов, суд жараёнлари ўтгунга қадар ҳам доимий назоратда бўлади. Прокуратура органларидан маълумотлар олиб, доимий мониторингни юритамиз, юқорида келтирилган рақамларим ҳам шундан. Таҳлиллардан сўнг эса бундай ҳолатлар келиб чиқмаслиги учун нималар қилиш кераклиги бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқамиз. Ҳозирги реестр юритиш, баённома тузиш каби ўзгаришлар ҳам шу таҳлиллар асосида шаклланган таклифлардир. Ҳозир энди давлат харидлари тўғрисидаги қонунни бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш бўйича янги таклиф ишлаб чиқяпмиз.

Ҳозирги ҳолатда кўпроқ маъмурий жавобгарликка тортилиб, миллиард сўмлик ноқонуний харидлар қилган бўлса ҳам БҲМнинг бир неча баробари миқдорида жарима билан қутулиб кетяпти. Бундай бўлгач, жаримасини тўлайман, деб яна қонун бузаверади-да. Бундан ташқари, давлат харидлари тўғрисидаги қонунни бузганлик учун фақат мансабдор шахсларга жавобгарлик бор. Лекин фаолиятимизда кўриняптики, оддий оператор ходим ҳам бу қонунни бузиши мумкин. Лекин уни жавобгарлик тортиш учун ҳуқуқий асос йўқ, эндиги таклифимизда шундай ҳолатлар ҳам назарда тутилган.

Яна бир оғриқли масала: тўғридан тўғри давлат харидлари кўламини қисқартириш. Яъни фақат президент қарори билангина истисно тарзда тўғридан тўғри тендер ўтказиш мумкин бўладиган таклиф ишлаб чиқяпмиз.

— Сизнингча, шунча тақиқлар ва курашга қарамай нега мансабдорлар ёки тадбиркорлар давлат харидларидаги коррупциядан ўзини тия олмаяпти?

— Агентлик элитар коррупция билан шуғулланяптими деган саволлар кўп бўлади бизда. Элитар коррупция бу — коррупцияга қарши курашиши керак бўлган инсонлар томонидан ёки у ё бу соҳада тизимли тарзда коррупцияга йўл қўйиш, фуқароларнинг давлат идораларига бўлган ишончи пасайиши, давлат имижига жиддий зарар етказувчи ҳолатлардир. Мансабдорларнинг пора олмаса ҳам, кўнглига келганини қилиши ҳам элитар коррупциядир.

Агентлик бу каби коррупцион ҳолатларга биринчи ўринда эътибор қаратади. Энг катта ютуқ — давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши. Бундан ташқари, амалдорларнинг одоб-ахлоқи бўйича низом қабул қилингани ҳам яхши бўлди.

Ҳар қандай давлатда тендерларни ютиб олиш элитар коррупция ҳисобланади. Ва ҳар бир давлатда коррупцияга қарши курашиш идораларининг асосий вазифаси давлат харидлари тўғрисидаги қонунни такомиллаштириш ва шу бўйича жиноятларнинг олдини олиш ҳисобланади. Биз ҳам бу борада ишлар олиб боряпмиз. Лекин афсуски, давлат харидларида ҳали ҳам жиноятчилик бор. Энг катта қадамларимиздан бири 2021 йилдан давлат харидлари онлайн платформада амалга оширилиши, жамоатчиликка очиқ бўлиши бўлди.

Нима учун камаймаяпти дейдиган бўлсак. Ўзи бошқа давлатларда ҳам давлат бюджетини ўзлаштириш бўйича жиноятлар жуда кўп бўлади. Чунки бюджет маблағлари давлат хизматчилари учун энг “ёғли жой”. Яна бир омил борки, йилдан йилга давлатдан ажратилаётган бюджет турлари кўпайиб боряпти. Яъни туманларда, вилоятларда солиқларнинг бир қисми ва бошқа тушумлар қоляпти. Коррупционер эса, албатта, бундан олишга ҳаракат қилади. Умуман, бу борада коррупцион омиллар, хатарлар юқори бўлади. Айни шу соҳага бизнинг агентлик катта эътибор беради ва катта ўзгаришлар бўляпти. Лекин ҳали қиладиган ишларимиз жуда кўп. Бу сафарги давлат дастури тўғрисидаги фармонда ҳам давлат харидларини тартибга солувчи янги меъёрлар қўшиляпти. Бу ҳам коррупцион ҳолатларнинг олдини олишга катта хизмат қилади. 

Тўлиқ интервью билан юқоридаги видео орқали танишишингиз мумкин.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.
Тасвирчилар: Муҳиддин Нидо, Шохруз Абдурайимов,
Монтаж устаси: Муҳиддин Нидо.

Мавзуга оид