Жаҳон | 19:56 / 05.12.2023
12508
8 дақиқада ўқилади

Ғазо жанубига ҳужум, ёрдамсиз қолаётган Украина ва президентликни кўзлаётган Конор Макгрегор — кун дайжести

Дунё диққат марказида бўлиб турган Ғазо ва Украинадаги вазият, шунингдек, жаҳонда ўтган кун давомида содир бўлган энг муҳим воқеа, ҳодиса ва янгиликлар билан одатдагидек жаҳон хабарлари дайжестида таништирамиз.

Исроил армияси ҲАМАС етакчилари қочқинлар билан бирга секторнинг жанубига кўчиб яширинганини гумон қилиб, Ғазонинг жанубий қисмини ҳам бомбалашни бошлаганини аввал ҳам хабар берган эдик.

БМТнинг Ғазодаги ташкилоти директори Томас Уайт Исроил аввал хавфсиз зона, деб эълон қилинган Рафаҳ шаҳрига ҳам ҳужум қилмоқда. «Болалар ва аёллар хавфсиз бошпага сўрашмоқда, лекин биз уларга ҳеч қандай ёрдам кўрсата олмаяпмиз», деган у.

БМТ вакили 7 октябрдан буён Ғазо аҳолисининг 80 фоиз аҳолиси шимолдан жанубга кўчирилгани, 1,2 млн ички қочоқлар БМТнинг Ғазодаги 156 та объектида жон сақлаётганини маълум қилди. У ерда яна 600 мингга яқин маҳаллий аҳоли ҳам истиқомат қилади.

UNICEF вакили Жеймс Элдернинг айтишича, жанубдаги ҳужумлар шимолдагидан қолишмайди. «Сукут — жиноятда иштирок этиш. Мен Ғазо жанубидаги 1,8 миллион инсон ҳақида ўйлашдан ўзимни чалғита олмаяпман», деган у.

Фаластинлик қочқинларга ёрдам берувчи БМТ агентлиги «Ғазога етиб келаётган ёрдам денгиздан томчи экани, Ғазода ўткир ичак касалликлари 4 баробарга, тери касалликлари 3 баробарга ошганини таъкидлаган.

Исроил армияси Ғазонинг шимолида ҲАМАСни енгиб бўлмаётганини таъкидлаган. Армия вакилининг CNN’га маълум қилишича, ҳозирча улар ҲАМАС устидан айтарли ғалаба қозона олишмаган ва бу ҳудуддаги операция ва жойлардаги вазият ўта мураккаблигини маълум қилган.

The Wall Street Journal нашрининг хабар қилишича, ҲАМАС жанговар қаноти томонидан Ғазо сектори остида қурилган 500 километрлик туннелларни денгиз сувига тўлдириш учун Исроил бутун бир насослар тизимини ҳозирламоқда. Агар Исроил бу чорани қўллайдиган бўлса, шундоқ ҳам сувсизликдан қийналаётган Ғазодаги ер ости чучук сувларини истеъмол учун яроқсиз ҳолга келтиради.

Ғазо ҳокимияти матбуот хизмати Ислом ҳамкорлиги ташкилотини Ғазо секторидаги фалокатга ечим топиши учун бирлашишга чақирган.

Франциянинг БМТдаги доимий вакили Николя де Ривиер Хавфсизлик Кенгаши Ғазода гуманитар паузаларга чорлаш билангина тийилмасдан, сулҳ тузилиши ва ўт очишни тўхтатишга эришиши кераклигини айтди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Исроил бош вазирини Бинямин Нетаняҳу ҳарбий жиноятчи сифатида суд қилинишини таъкидлади.

Чили президенти Габриэл Борич Исроилнинг Ғазога ҳужуми минглаб болаларнинг ўлимига олиб келгани, шу сабабли Исроил босқинини ноинсоний шафқатсизлик деб қабул қилиш кераклигини таъкидлаган.

Украинадаги янгиликлари. Агар Конгресс янги маблағлар ажратмаса, Украинанинг ҳолига вой бўлади. Оқ уйдагилар АҚШ Украинага қурол-яроғ етказа олмай қолиши мумкин, дейишмоқда.

Конгресс томонидан Киевга ёрдам учун аввал ажратилган маблағларнинг таги кўриниб қолган, Жо Байден администрацияси эса Украинага қурол-яроғ ва ҳарбий техника етказишни давом эттириш қудратига эга эмас. Буни брифингда АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жейк Салливан тасдиқлаган.

Украина президенти Володимир Зеленский АҚШ сенатида Украинага ёрдам кўрсатиш бўйича овоз бериш жараёни олдидан онлайн чиқиш қилади. Украинага 6 млрд долларлик ёрдам пакетини маъқуллаш демократлар ва республикачилар ўртасидаги миграция соҳасидаги ислоҳотлар борасидаги зиддиятлар туфайли тўхтаб турибди.

Зеленский ҳарбий масалаларни бош қўмондон Валерий Залужнийни айланиб ўтиб генераллар билан муҳокама қилмоқда ва бу генералнинг чоғланишини пасайтиради, деб ёзмоқда Украина ОАВлари.

Бош қўмондон билан орасида зиддиятлар борлигига қарамасдан, Зеленский командаси Залужнийнинг истеъфога чиқарилишига қарши. Чунки бу ҳолатда Залужнийнинг сиёсий вазни ортиб кетади ва унинг «Украина сиёсатининг янги юлдузи»га айланишига йўл очади, деб ёзмоқда украина нашрлари.

АҚШ мудофаа вазирининг яқинда Киевга қилган ташрифи чоғида Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний Украинани озод қилиш учун 17 миллионта снаярд ва 350–400 млрд доллар пул керак бўлишини айтган. «Украинская правда» нашрининг ёзишича, Остин «юмшоқроқ қилиб айтганда, жуда таажжубда қолган, чунки бутун дунё йиғилса ҳам бунча снарядни тўплаб бўлмайди».

Украина президенти офиси раҳбарининг ёрдамчиси Михайло Подоляк қуролли кучлар тактикани ўзгартираётганини таъкидлади. Унга кўра, айни кунда маълум бир йўналишларида олдинга силжиш, бошқасида мудофаани ташкил қилиш бўйича тактикалар ўзгартирилмоқда. Украина қўшинлари тактикасида Қрим ва Қора денгиз ҳудудида «махсус стратегик операциялар», шунингдек, критик инфратузилмани ҳимоя қилиш учун сезиларли ўзгартирилган ракетага қарши мудофаа тизими» ҳам киради.

Россия билан урушдаги мураккаб вазиятда Европа Иттифоқи етакчилари Украинани тақдир ҳукмига ташлаб қўйишлари мумкин, деб ёзмоқда Financial Times. Чунки Киевга 50 млрд евро ажратилиши масаласи таҳдид остида, Венгрия эса Украинанинг евроиттифоққа аъзо бўлиш масаласини барбод қилиши билан қасам ичмоқда.

Россия президенти Владимир Путин ҳафта ичида Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистонига боради, деб ёзмоқда Bloomberg нашри.

Агар постсовет давлатлари ҳисобга олинмаса, бу Путиннинг Украинага босқин уюштирилганидан буён учинчи хорижий ташрифи бўлади. 2022 йилда у Эронга борган, 2023 йилнинг октябрида эса Хитойга.

Маълум қилинишича, бу ишчи ташриф бўлади, энг аввало Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон билан музокаралар бўлиб ўтади. Унгача Путин Бирлашган Араб Амирликларида ҳам ишчи ташриф билан бўлиб, фойдали музокараларда иштирок этади.

Қизиғи, Хитойга расмий ташриф билан борган Александр Лукашенко ҳам Минскка қайтмасдан, йўлини Дубайга бурган.

Қиш қишлигини қилиб, қаҳратон кунлар бошланмоқда. Юртимизга ҳам совуқлар шимол ва ғарбдан, Қозоғистондан кириб келиши кутилммоқда.

5–7 декабрь кунлари Қозоғистонга совуқ антициклон аста таъсир эта бошлайди. Россия жанубидаги совуқ антициклон жабҳаси 5-6 декабрь кунлари Қозоғистон шимоли ва ғарбига ғарбдан циклонни тортиб, ундан кучли қор бўронлари, кучли шамол ҳодисаларини келтириб чиқариши прогноз қилинмоқда.

6 декабрь куни Қозоғистонга шимоли-ғарбий совуқ ҳаво оқимининг кириб келиши бошланади. 7 декабрда эса республиканинг шимол ва шимоли-ғарбида ҳаво ҳарорати минимуми –33°С гача пасаяди.

Айни пайтда Қозоғистоннинг шимолий тўртта вилоятида — Ақмўла, Шимолий Қозоғистон, Қўстанай ва Ақтўбе областларида кучли қор ва йўлларда ҳосил бўлган музлама туфайли республика ва област аҳамиятидаги йўллар ёпилган.

Дунё бозорларида олтин нархи янги рекордлар ўрнатмоқда. 4 декабр куни Comex биржасида олтиннинг бир троя унцияси тарихий рекорд 2140 долларга нархланди. Аввал ҳеч қачон олтиннинг спот нархи унциясига 2100 доллардан ошмаган эди.

UFC бўйича собиқ чемпион Конор Макгрегор Ирландия президентлиги сайловларига ўз номзодини илгари суриши мумкинлигини айтди. Сайловлар 2025 йилда бўлиб ўтади. Макгрегор ҳозир 35 ёшда. У икки дивизионда UFC чемпионлик камарларига эгалик қилган. Сўнгги жангини 2021 йилнинг июлида ўтказган.

Мавзуга оид