Жаҳон | 20:34 / 08.12.2023
11149
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда 46 кончи ҳалок бўлган кўмир шахтаси хорижлик инвестордан қайтариб олинди 

Ҳукумат 3,5 миллиард долларлик шахтани 286 миллион долларга қайта сотиб олди. 

Фото: Tengrinews

Қозоғистон ҳукумати «АрселорМиттал Темиртау» (АМТ) компанияси билан Костенко кўмир конини сотиб олиш бўйича келишувни якунлади. Бу ҳақда Қозоғистон саноат ва қурилиш вазири Қанат Шарлапаев маълум қилди. 

Корхонани баҳолаш ва уни сотиб олиш бўйича келишув 2022 йил 9 декабрда имзоланган ва АМТ 3,5 миллиард доллар сўраган эди. Бироқ, бир қатор авариялардан сўнг, жумладан, 2023 йил октябр ойида 46 кончи ҳалок бўлганидан кейин давлат активлар қиймати 3,5 миллиард доллардан 286 миллион долларга пасайтирилди. 

«Алоҳида таъкидламоқчиманки, 286 миллион доллар тўлиқ ишлаётган иккита корхонага сарфланган маблағдир. Бундан ташқари, АМТ Қозоғистон ҳукуматига ҳеч қандай даъво қилмайди. Шартнома ҳуқуқий асосда, халқаро ҳуқуқ нормаларига тўлиқ мос равишда тузилди», деди вазир. 

Янги инвестор Ҳиндистоннинг ArcelorMittal бош компанияси олдида тўрт йил ичида 250 миллион доллар миқдоридаги қисқа муддатли кредит ва 450 миллион доллар миқдоридаги узоқ муддатли кредитни тўлаш мажбуриятини олади. 

Аввалроқ Allur Group директорлар кенгашини бошқараётган Андрей Лаврентиев «АрселорМиттал Темиртау» корхоналарига янги инвестор бўлгани маълум қилинган эди. 

Қарағанда вилоятидаги Костенко конида авария 28 октябрга ўтар кечаси юз берди. Портлаш оқибатида 46 кончи ҳалок бўлди. Фожиадан кейин президент Тўқаев ҳукуматга кон эгаси билан сармоявий ҳамкорликни тўхтатишни буюрди. Қозоғистон ҳукумати келгуси уч йил ичида камида 3 миллиард доллар сармоя киритиши керак бўлган ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун маҳаллий хусусий инвесторни жалб этиш режаларини эълон қилди.

Мавзуга оид