Бундан бир неча кун олдин Россия ҳудудида шаклланган антициклон жанубга қараб ҳаракатлана бошлади ва Қозоғистон ҳудудида гигант антициклонга айланди.

Натижада, шу кеча-кундузда Россия ва Қозоғистоннинг кўплаб шаҳарларида жуда кучли совуқ ҳаво ҳукм сурмоқда.

Ана шу антициклоннинг бир чети Ўзбекистон ҳудудидан ўтмоқда ва шу сабабли юртимизда ҳаво ҳарорати кескин пасайди. Мамлакат шимолида, шунингдек, Тошкент ва Сирдарё вилоятларида тунда –15..., –20 даража атрофида совуқ кузатилди.

Тошкентда қиш манзараси

Об-ҳаво кузатувчилари антициклон сусая бориши ва эртадан Ўзбекистонда қаттиқ совуқ чекинишини айтмоқда.

Ўзбекистон нисбатан илиқроқ иқлимда жойлашган ва бундай совуқ ҳаво гоҳ-гоҳида бўлиб туради. Бироқ дунёнинг энг совуқ жойлари бизга узоқ эмас. Айниқса, Қозоғистонда қишда ҳарорат жуда паст бўлади.

Шу кеча-кундузда қўшни давлат шимолий қисмида ҳаво ҳарорати тунда –30 даражадан паст бўлмоқда. Қозоғистон пойтахти Остона дунёдаги энг совуқ пойтахтлардан бири ҳисобланади.

Қуйида дунёнинг энг совуқ пойтахтлари ҳақида маълумот тақдим этамиз.

Пхеняндаги қорли манзара
koreanradio.info

10. Пхенян, КХДР

Шимолий Корея пойтахти дунёдаги энг совуқ пойтахтлар қаторида туради. Бу ерда қишда ўртача ҳарорат 0 даража атрофида бўлади. Тунда эса бироз совийди ва ўртача -3 даражани ташкил қилади.

Пхенянда ҳаво ҳарорати жуда совиб кетадиган кунлар ҳам бўлиб туради. Бу ерда қайд этилган энг совуқ ҳаво ҳарорати –26,5 даража бўлган.

Рига
www.alamy.com

9. Рига, Латвия

Ригада йилнинг энг совуқ ойи январ ҳисобланади. Айрим пайтларда январда бу шаҳарда ҳаво ҳарорати баъзан –20 ва ҳатто –30 даражагача совиб кетади.

Бироқ бундай совуқ ҳарорат табиий равишда Болтиқбўйи давлатлари учун хос эмас. Латвия пойтахтида қишда ўртача ҳаво ҳарорати –2 даража, тунда кўпинча –3..., –5 даража атрофида бўлади.