14 декабр куни Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сенатнинг навбатдаги мажлиси кун тартибига киритилиши режалаштирилган қатор қонунлар кўриб чиқилган.
Таъкидланишича, мамлакатда дарахтларни асраш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш ва сақлаб қолиш бўйича тизимли чоралар кўрилишига қарамасдан, уларга зиён етказиш билан боғлиқ ҳолатлар ортиб бормоқда. Саноат, ишлаб чиқариш, қурилиш кўламининг жадал кенгайиши аҳоли пунктларига тушаётган салбий экологик босимни камайтириш механизмларини янада такомиллаштиришни тақозо этаяпти.
Шу сабабли “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳамда “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Жумладан, дарахт, бута, бошқа ўсимлик ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, шикастлаш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш учун белгиланган жарима миқдори беш баробарга ошириляпти. Бундай ҳуқуқбузарлик учун жарима фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваридан 50 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 50 бараваридан 75 бараваригача кўпайтирилмоқда. Ушбу ҳуқуқбузарлик бир йил давомида такрор содир этилганда эса жаримани фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 75 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 75 бараваридан 100 бараваригача ошириш ёки ҳуқуқбузарга нисбатан ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олиш жазо турини қўллаш назарда тутилмоқда.
Эндиликда давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини ғайриқонуний равишда кесганлик, йўқ қилганлик учун юридик шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваригача молиявий санкциялар қўлланади. Қоидабузарлик билан кесилган ҳар бир дарахт ўрнига қимматлиги жиҳатидан ундан кам бўлмаган юз туп дарахт кўчатини экиш ва уч йил давомида парвариш қилиш шартлиги кўзда тутилмоқда.
Қўмита мажлисида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш ҳамда ҳудудларни яшиллаштириш бўйича олиб борилаётган фаолият юзасидан ахбороти ҳам эшитилган.
Қайд этилишича, мамлакатда атмосферага ташланаётган ифлослантирувчи моддалар миқдори сўнгги ўн йилда қарийб 21 фоизга ортиб, ҳозирда йилига ўртача 900 минг тоннани ташкил этмоқда. Корхоналардаги мавжуд 6 мингдан ортиқ чанг-газ тозалаш ускуналаридан 60 фоизининг тозалаш самарадорлиги ўртача 86,5 фоизни ташкил этяпти.

















