
Ҳароратнинг кескин пасайиши ва узоқ давом этадиган ғайритабиий совуқлар инсон саломатлигига ёмон таъсир қилади ҳамда гипоксияга олиб келиши мумкин.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, қон айланиш тизими, мажозий қилиб айтганда, кўп сонли найчалар ва каналчалардан иборат бўлиб, улар юрак ва мияга кислород етказиб бериш вазифасини бажаради. Кексаликда бу найчаларнинг эластиклиги бироз ўзгаради ва қоннинг ёпишқоқлиги ҳам шунга монанд ўзгаришларга юз тутади. Бу эътиборга олиш керак бўлган муҳим аспектлардан бири бўлиб, айнан ана шу бузилишларнинг инсултга олиб келиш хавфи бор.
Ҳаво ҳароратининг пасайиши натижасида организмнинг кислород билан таъминланишида узилишлар кузатилиб туради. Бу асосан гипоксия (кислород танқислиги)нинг енгил вариантлари билан намоён бўлиши, яъни қон томирларининг қисқариши туфайли кислород етишмай қолиши кузатилиши мумкин.

Кексалар ва сурункали касалликка чалинганлар учун ҳаво ҳароратининг пасайиши хатарли
Шифокорлар совуқ мавсумда айрим гуруҳдаги инсонлар учун саломатликнинг ёмонлашиши мумкинлигини тасдиқлайдилар. Бу, айниқса, 65 ёшдан ошган ва аллақачон бирон бир сурункали касалликка чалинганлар учун айниқса хавфлидир. Мутахассислар қиш ойларида энг заиф бўлган ва ҳар доим ҳам керакли хизматларни ололмайдиган кекса авлод вакилларига эътиборни кучайтиришни қатъий тавсия қилишади.

Бироқ совуқ мавсумда ёшлар ҳам эҳтиёт бўлишлари керак. Инсон организми қайси ёшда бўлишидан қатъий назар ҳаво ҳароратининг кескин совиши натижасида қуйидаги саломатлик муаммолари билан юзлашиши мумкин.
· Тромб ҳосил бўлиши. Афсуски, қишда сиз қон томирларида тиқин ҳосил бўлиши ёки ҳатто юрак хуружи каби жиддий саломатлик муаммоларига дуч келишингиз мумкин. Ҳароратнинг кескин ўзгариши танада термал стрессни келтириб чиқаради ва тананинг доимий ҳароратни сақлаб туриш учун кўпроқ ишлашини талаб этади. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, буларнинг барчаси қишда тромб пайдо бўлиш эҳтимолини оширади. Шунингдек, совуқ мавсумда тез-тез учрайдиган нафас йўлларининг инфекциялари ҳам беморларда тромб ҳосил бўлишини рағбатлантириши мумкин. Олимлар буни совуқ ҳаво шароитида қон томирларининг торайиши ва натижада тромб хавфи ошиши билан изоҳлашмоқда.














