Жамият | 14:25 / 15.12.2023
20519
12 дақиқада ўқилади

Самарқанд қозикалони Абу Тоҳир Умар Хайёмнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун нега унга бўш китоб берган? – “Заковат”нинг қишки мавсуми иккинчи ўйинидан репортаж

XIX аср охирларида Қўқонда ниманинг қўлболаси тери, сим, мумга ўралган гугурт ва порохдан ясалган? – “Заковат” телеўйини қишки мавсумининг иккинчи ўйинида Нодира Турғунова жамоаси иштирок этди.

Жамоа аъзолари (суратда чапдан ўнгга):

Назокат Абдусайитова - педагог;

Мадина Мирзараҳматова - Ўзбекистон Миллий университети магистранти;

Нодира Турғунова - инглиз тили ўқитувчиси (жамоа сардори);

Муаззам Узоқова - араб тили ўқитувчиси;

Нодира Раҳмонова - Ўзбекистон Миллий университети магистранти;

Майсара Очилова - Республика маънавият ва маърифат маркази мутахассиси.

Нодира Турғунова жамоаси 2023 йилнинг қишки мавсум иккинчи ўйинида иштирок этади.

1-раундда француз композитори Морис Равелнинг “Балеро” мусиқаси қўйиб берилиб, жамоадан ушбу мусиқани бастакор қандай заводда бўлганидан илҳомланиб яратгани сўралди. Жамоа муҳокамада турли йўналишларга кириб кўрган бўлса-да, 1-саволга жавоб топа олмади. Ҳисоб – 0:1.

2-раундда Самарқанд қозикалони Абу Тоҳир Умар Хайёмни суд қилиб уни ўлимдан сақлаб қолгани ва кейинчалик унга ўзини эҳтиёт қилиши учун қандай китоб совға қилгани ҳақида савол ўйналди. Ушбу саволда жамоа тўғри жавобни осонгина топди ва ўйиндаги илк очкони қўлга киритди. Ҳисоб – 1:1.

Жамоа сардори Нодира Турғунова 

3-раундда Хитойда сон ва рақамларни ифодалаш учун оддий иероглифлардан ташқари яна учинчи турдаги ноодатий иероглифлар ҳам бўлгани ва улардан қайси ҳолларда фойдаланилгани ҳақида савол ўйналди. Муҳокамада тўғри жавобга жуда яқин келинган бўлса-да, жавоб беришда бироз бошқача жавоб берилди. Бошловчи жавобни қабул қилиш-қилмаслик бўйича магистрлар фикрини сўраганида магистрлар жавобни нотўғри деб топди ва ҳисоб телетомошабинлар томонига оғди. Ҳисоб – 1:2.

Жамоа аъзоси Мадина Мирзараҳматова 

4-раундда 1986 йилда режиссёр Гарри Бардин томонидан яратилган “Банкет” мултфилмида бир персонажга овоз бериш учун таклиф қилинган тажрибали актриса режиссёр Гарри Бардиндан нега суви бор стакан талаб қилгани ҳақида савол ўйналди. Назокат Абдусайитова томонидан муҳокамада тўғри жавоб айтилган бўлса-да, якунда у бошқа вариантни жавоб сифатида берди ва ҳисоб 1:3 кўринишини олди.

Жамоа аъзоси Назокат Абдусайитова 

5-раундда XIX аср охирларида Қўқонда ниманинг қўлболаси тери, сим, мумга ўралган гугурт ва хориждан келтирилган яна бир нарса орқали ясалгани  ҳақидаги савол ўйналди. Жамоа ҳар қанча уринмасин, бу саволга ҳам жавоб топа олмади. Ҳисоб – 1:4.

Жамоа аъзоси Муаззам Узоқова 

Кейинги раундда “Заковат” сандиқчаси олиб чиқилиб, у ҳақидаги шеърий савол берилди. Муҳокама бошидаёқ Нодира Раҳмонова жамоани тўғри йўналишга бошлашга уринган бўлса-да, фикрлар тарқоқ бўлди ва вақт тугаши билан жамоа клуб ёрдамини олиш истагини билдирди. Клуб жамоага ёрдам бериши натижасида жамоа ўзининг иккинчи очкосини олди. Ҳисоб – 2:4.

Жамоа аъзоси Нодира Раҳмонова 

7-раундда машҳур ёзувчилар ва уларнинг асарлари ҳақидаги блиц саволлари тушди. Газетада бир навниҳол йигитни Гренобл шаҳар суди ўлимга ҳукм қилганлиги ҳақидаги хабарни ўқиб қолганидан сўнг қайси ёзувчи ўзининг машҳур асарини ёзишга киришгани ҳақидаги илк саволдаёқ жамоа нотўғри жавоб берди ва ҳисоб йириклашди. Ҳисоб – 2:5.

Жамоа аъзоси Майсара Очилова 

8-раундда 2009 йилда дунё бўйлаб катта иқтисодий инқироз рўй бергач, ҳамма халқлар инқироз даврида ўта тежамкор бўла бошлагани ҳақидаги савол ўйналди. Ушбу даврда французлар қачон ўз ҳисобларидан отгул олишгани сўралган саволга ҳам афсуски жамоа тўғри жавоб топа олмади ва ўйин нисбатан эрта якунланди.

Шундай қилиб, мавсумнинг иккинчи ўйини Нодира Турғунова жамоасининг 2:6 ҳисобидаги мағлубияти билан тугади. Ушбу мағлубиятдан сўнг жамоанинг кейинги мавсумга ўтиш имконияти пасайиб кетди. Ҳаммаси кейинги ўйинларнинг натижасига боғлиқ бўлади. 

Ўйин стенограммаси билан қуйида танишиб чиқишингиз мумкин. 

1-раунд. Савол муаллифи: Саидакбар Мақсудов, Тошкент шаҳри

Бошловчи: Француз композитори Морис Равелнинг Балеро асаридан парча:

Морис Равел бу асарини испан ва араб оҳангларидан илҳомланиб яратган. Шу яратиш пайтида ногаҳон бир ишлаб чиқариш корхонасига кириб қолади. Завод ишлаб чиқараётган маҳсулотнинг конвейерлардаги ҳаракатини кузатиб, яратаётган куйининг ритмини бу маҳсулотнинг ҳаракати тезлигига қараб белгилаган.

Диққат савол: У нима ишлаб чиқарадиган заводда бўлган?

Жавобни Назокат Абдусаитова беради: Ўйинчоқ аскарчалар.

Тўғри жавоб: Ниманингдир секин ҳаракатланишига ўхшайди. У пўлат эритиш заводида бўлган. Махсус ариқларда оқишига қараб мусиқа ритмини белгилаган.

Ҳисоб: 0 - 1

Савол муаллифи Саидакбар Мақсудов 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. 

2-раунд. Савол муаллифи: Абдураҳим Султонов, Сирдарё вилояти

Бошловчи: Самарқанд қозикалони Абу Тоҳир Умар Хайёмни суд қилиб уни ўлимдан сақлаб қолади. Кейинчалик унинг ижодининг мухлиси сифатида бир китоб совға қилади. “Буни ол, бундан кейин лабларинг ва тишларинг мустаҳкам дарвоза бўлади” – дейди.

Диққат савол: Айтинг-чи, у берган китобнинг бошқа китоблардан фарқи нимада бўлган?

Жавобни Мадина Мирзараҳматова беради: Фикримизча, ўша китобнинг бошқаларидан фарқи унинг ичида ҳеч нима ёзилмаганлиги, бўш варақлардан иборатлиги.

Тўғри жавоб: У китобнинг фарқи саҳифалари бўш бўлган. Худди блокнотга ўхшаш оппоқ, ҳеч нарса ёзилмаган китоб бўлган. Умар Хайём ёзган шеърларини омма олдида ёдлаб ўқиб юрган. "Худони менсимаяпти" деб – дин пешволари, "бизни устимиздан куляпти" деб – савдогарлар уни қозининг олдига олиб келаверишган. Қози унга раҳм қилиб "мана бу китобни ол, шеърларингни омма олдида ўқиб, ўзингга душман орттирмай шу китобга ёзиб юр" дейди.

Ҳисоб: 1 - 1

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. 

3-раунд. Савол муаллифи: Латофат Зоирова, Бухоро вилояти, Қоровулбозор тумани

Бошловчи: Экранга қаранг.

Одатда Хитойда сон ва рақамларни ифодалаш учун оддий иероглифлардан фойдаланишади. Суратда 3 та устун берилган. Биринчи устунда 1 дан 9 гача рақамлар замонавий кўринишда берилган. 2-устунда Хитой иероглифлари орқали тасвирланган. Лекин баъзан Хитойда 3-устундаги махсус иероглифлардан фойдаланишади.

Диққат савол: Қандай ҳолларда учинчи устундаги иероглифлардан фойдаланишган?

Жавобни Нодира Раҳмонова беради: Демак, учинчи устундаги рақамларнинг ифодаланиши иккинчи устундагидан мураккаброқ. Бу расмий ҳужжатларда давлат даражасидаги ҳужжатларда ишлатилади. Умумий расмий ҳужжатларда ишлатилади.

Тўғри жавоб: Одатий ҳаётда фойдаланадиган иероглифларни ўзгартириш осон. 3-устундаги сонлар анча мураккаб кўринишга эга, уларни ўзгартириш жуда қийин. Шунинг учун банк операциялари вақтида 3-устундаги мураккаброқ иероглифлардан фойдаланишади.

Ҳисоб: 1 - 2

Савол муаллифи Латофат Зоирова 2 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. 

4-раунд. Савол муаллифи: Дилобар Абдиева

Бошловчи: 1986 йилда режиссёр Гарри Бардин томонидан яратилган “Банкет” мултфилмида персонажлар йўқ. Фақат предметлар ва кадр орти овозлари бор. Дубляж учун 10га яқин машҳур актёр ва актрисаларни таклиф қилишган. Мултфилмдаги бир персонажга овоз бериш учун таклиф қилинган тажрибали актриса режиссёр Гарри Бардиндан суви бор стакан талаб қилган. Бу актрисага овоз беришда ёрдам беради, деган.

Диққат савол: Аёл актрисага стакан ва сув нима учун керак бўлган?

Жавобни Назокат Абдусаитова беради: Менимча, бу актриса қари аёлнинг овозини ўхшатиш учун оғзига озгина сув олиб гапирган.

Тўғри жавоб: Актрисанинг ёши катта бўлган, унда ўз тишлари бўлмаган. Тишлари ясама танглай тиш бўлган. Дубляж вақтида ясама танглай тишини стаканга солиб қўйган. Образи шундай ўқишга мос бўлган.

Ҳисоб: 1 - 3

Савол муаллифи Дилобар Абдиева 3 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. 

5-раунд. Савол муаллифи: Каримжон Матхолиқов, Наманган вилояти, Чуст тумани

Бошловчи: Марҳамат, бир неча предметлар олиб чиқилсин!

XIX аср охирларида Қўқонда Уларнинг қўлболаси бор йўғи 4 та маҳсулотдан ясалган. Тери, сим, мумга ўралган гугурт ва хориждан келтирилган яна нимадир. 

Диққат савол: Ниманинг қўлболаси шу алфозда ясалган ва хориждан олиб келинадиган нарса нима эди?

Жавобни Нодира Турғунова беради: Айтайлик, Қўқонда қўлбола усул билан камарлар ясашган, чет элдан махсус металл олиб келинган.

Тўғри жавоб: Улар терининг ичига порохни жойлаб, ичига мум солиб, сим билан ўраб боғлаб, ёқиб туриб отишган. Қўқонда XIX асрда шу тариқа граната ясашган. Ҳатто қўқонлик темирчилар милтиқ ва тўпларгача ясашни ўрганишган.

Ҳисоб: 1 - 4

Савол муаллифи Каримжон Матхолиқов 4 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. 

6-раунд. Савол муаллифи: Шерали Сулаймонов, Сирдарё вилояти, Гулистон тумани

Бошловчи: Марҳамат, "Заковат" сандиқчаси олиб чиқилсин! 

Қуйидаги 4 мисрага қулоқ беринг: 

Кундуз авқотим сенинг хажрингда нолон кечадур.

Кеча ҳам зулфинг каби ҳолим паришон кечадур,

Анбаринг зулфинг хаёлимдан кўзимга, эй пари,

Ой-у, ҳафта-ю, кун бори яксон кечадур. 

Биринчи қатордаги авқотим сўзининг маъносини билдирувчи нарса сандиқча ичидан жой эгаллаган.  

Диққат савол: Сандиқчада нима бор?

Жамоа клуб ёрдамидан фойдаланди.

Жавобни Нодира Раҳмонова беради: Авқотим сўзи вақт сўзига ўхшаш, шунинг учун сандиқчада соат бор.

Тўғри жавоб: Сандиқчада соат бор. Авқотим сўзининг маъноси – вақт.

Ҳисоб: 2 - 4

Савол муаллифи Шерали Сулаймонов 3 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. 

7-раунд. Блиц саволлари. Савол муаллифи: Моҳичеҳра Эралиева

Бошловчи: Бу машҳур ёзувчи одатдаги кунларнинг бирида газеталарни варақлаб ўтириб, шапалоқдек келадиган хабарни ўқиб қолади. Унда бир навниҳол йигитни Гренобл шаҳар суди ўлимга ҳукм қилганлиги ёзилган. 19 ёшли тарбиячи бу йигитнинг фожиали ҳаёти, бу ёзувчини қаттиқ таъсирлантиради. Шундан кейин у, шу хабар асосида дунёга машҳур асарни ёзади.

Диққат савол: Қайси ёзувчининг, қайси асари ҳақида гап кетмоқда?

Жавобни Нодира Турғунова беради: Бу асар "Жиноят ва жазо", ёзувчи Ф. Достоевский.

Тўғри жавоб: Стендалнинг “Қизил ва қора” романи ҳақида

Ҳисоб: 2 - 5

Савол муаллифи Моҳичеҳра Эралиева 5 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. 

8-раунд. Савол муаллифи: Қосимхон Аҳроров, Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани

Бошловчи: 2009 йилда дунё бўйлаб катта иқтисодий инқироз рўй бергач, ҳамма халқлар инқироз даврида ўта тежамкор бўла бошладилар. Масалан, корейс аёллари эрларига қўнғирроқ, кулрангроқ кўйлаклар сотиб ола бошлайдилар. Камроқ ювиш учун албатта. АҚШда “текинга бераман” деган сайтларга кирувчилар кўпайган ва ҳоказо. Французлар баъзи кунлари ўз ҳисобларидан отгул, дам олишга чиқишар экан.

Диққат савол: Қачон улар ўз ҳисобларидан отгул олишган?

Жавобни Мадина Мирзараҳматова беради: Дам олиш кунлари

Тўғри жавоб: Хорижда шундай анъана бор. Йилда 2-3 марта йирик дўконларда 70-80 фоизлик чегирмалар бўлади. Бундай кунлар улар соатлаб, туни билан навбатда туриб, катта-катта уй жиҳозларини сотиб олишади.

Ҳисоб: 2 - 6

Савол муаллифи Қосимхон Аҳроров 6 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Энг яхши савол муаллифи - Каримжон Матхолиқов, порох ҳақидаги савол билан

Каримжон Матхолиқов 10 млн сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Ўйиннинг тўлиқ видеосини ушбу ҳаволада томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид