Жамият | 22:09 / 24.12.2023
34318
15 дақиқада ўқилади

Баъзи колхоз ҳайдовчилари бир маҳсулотни ўнқир-чўнқир йўллардан ташиб қандай айёрлик қилган? – «Заковат» қишки мавсуми учинчи ўйинидан репортаж 

ХХ асрнинг 70-йилларида баъзи колхоз ҳайдовчилари қайси маҳсулотни ташиётганда юк машинасини қишлоқнинг ўнқир-чўнқир кўчаларидан ҳайдаш орқали айёрлик қилган? “Даволаб бўладиган пайтда сезилмайди, юзага чиқиб сезилганида даволашга кеч бўлади” – Отто фон Бисмарк сиёсатдаги хатоларни қайси касалликка қиёслаган? Ўзбекларда мўл-кўллиги, французларда дизайни, немисларда сон-саноғи муҳим. Ниманинг?  – “Заковат” телеўйини қишки мавсумининг учинчи ўйинида Отабек Хамзаев жамоаси иштирок этди.

Жамоа аъзолари (суратда чапдан ўнгга):

Шоҳзодбек Бектурсунов - файласуф;

Алишер Орифжонов - туризм мутахассиси;

Отабек Ҳамзаев - шифокор (жамоа сардори);

Шоҳрух Жўраев - ЎзДЖТУ докторанти;

Абдунайим Абдушукуров - тарихчи;

Ёқубжон Холматов - “Wisdom” хусусий мактаби директори.

Ўйинни суратга олиш жараёнидан лавҳалар 

Отабек Хамзаев жамоаси 2023 йилнинг қишки мавсум учинчи ўйинида иштирок этади.

1-раундда ниманинг Ўзбекистонда мўл-кўллиги, французларда дизайни, немисларда сон-саноғи муҳимлиги сўралди. Савол ўқилиши билан бир неча иштирокчи тўғри вариантни айтди ва якунда ҳам адашмасдан тўғри жавоб берилди. Ҳисоб – 1:0.

2-раундда 1999 йилда Пенсилвания университетининг тиббиёт факултетида узоқни яхши кўролмайдиган 479 нафар инсон билан тадқиқот ўтказилгани, уларнинг 56 фоизи ҳар куни қайси одатни қилиши кузатилгани ҳақида савол ўйналди. Ушбу саволда Алишер Орифжонов жамоасига иккинчи очкони келтирди. Ҳисоб – 2:0.

Жамоа аъзоси Алишер Орифжонов 

3-раундда Мигел де Сервантес бўлган кемани денгизда жазоирлик денгиз қароқчилари қўлга олгани, қароқчилар Сервантеснинг ёзувчилигини билишмаса-да, нега ҳукуматдан энг катта пулни у учун талаб қилишгани ҳақида савол ўйналди. Муҳокамада жамоада тўғри жавоб кузатилмади ва телетомошабинлар илк очкони қўлга киритди. Ҳисоб – 2:1.

Жамоа аъзоси Шоҳрух Жўраев 

4-раундда гугурт олиб чиқилиб, қайси ишда гугурт қутиси иккита оёқ тўпиғига қистирилса, у талафотдан сақлаши сўралди. Ушбу саволда ҳам жамоа жавобга яқин келмади. Ҳисоб 2:2 кўринишини олди.

Жамоа аъзоси Абдунайим Абдушукуров 

5-раундда Отто фон Бисмарк сиёсатдаги хатоларни “даволаб бўладиган пайтда сезилмайди, юзага чиқиб сезиладиган бўлганида даволашнинг иложи қолмаган бўлади” дея тиббиётдаги қайси касалликка қиёслагани ҳақидаги савол ўйналди. Ушбу саволда ҳам  бу саволга ҳам жавоб топа олмади. Ҳисоб – 2:3.

Жамоа сардори Отабек Хамзаев 

Кейинги раундда Франциядаги Баун шаҳридаги автомобил йўлларида нега ноодатий қинғир-қийшиқ чизиқлар чизилгани ҳақидаги савол берилди. Тўғри олиб борилган муҳокама натижасида жамоа ўзининг учинчи очкосини олди. Ҳисоб – 3:3.

Жамоа аъзоси Шоҳзодбек Бектурсунов 

7-раундда турли расмли саволлардан иборат блиц саволларида жамоа яхши ишлаб, саволларнинг барчасига тўғри жавоб берди. Ҳисоб – 4:3.

Жамоа аъзоси Ёқубжон Холматов 

8-раундда турли ижодкорлар ижод вақтида қон айланишини яхшилаш учун турли усуллар қўллагани, адиб Жон Милтон бу иш учун нима иш амалга оширгани сўралди. Ушбу савол ҳам жамоа учун қийинлик қилди ва ҳисоб тенглашди – 4:4.

Кейинги раундда ўрта асрларда ислом оламида айрим кишилар узукни нега фақат бош бармоққа тақиб юргани ҳақидаги савол ўйналди. Жамоа ушбу саволнинг жавобига ҳам етиб бора олмади ва ҳисобда ортда қола бошлади. Ҳисоб – 4:5.

10-раундда ХХ аср 70-йилларида баъзи колхоз ҳайдовчилари қайси маҳсулотни юк машинасида ташиётганда машинани қишлоқнинг ўнқир-чўнқир кўчаларидан ҳайдаш орқали айёрлик қилгани ҳақидаги савол ўйналди. Ҳар қанча уринмасин, жамоа ушбу ажойиб саволни ҳам топа олмади ва мағлубиятни тан олишга мажбур бўлди.

Шундай қилиб, мавсумнинг учинчи ўйини Отабек Ҳамзаев жамоасининг 4:6 ҳисобидаги мағлубияти билан тугади. Ушбу ҳисоб жамоанинг кейинги мавсумга ўтишини таъминлаган бўлса-да, финалга чиқиш имкониятидан мосуво қилди. 

Ўйин стенограммаси билан қуйида танишиб чиқишингиз мумкин. 

1-раунд. Савол муаллиф: Абдуҳошим Мамажонов, Андижон вилояти, Марҳамат тумани

Бошловчи: Ўзбекистонда унинг мўл-кўллиги муҳим, французларда – албатта дизайни, инглизларда – ўзини тутиши, одоби муҳим, немисларда сон-саноғи муҳим.

Диққат савол: Гап нима ҳақида кетмоқда?

Жавобни Алишер Орифжонов беради: Гап дастурхон ҳақида кетмоқда, дастурхоннинг безатилиши ва таомлари ҳақида.

Тўғри жавоб: Ўзбек меҳмондорчилигида таомларнинг мўл-кўллиги муҳим, француз меҳмондорчилигида таомнинг дизайни, кўриниши муҳим, инглиз меҳмондорчилигида меҳмоннинг таомни одоб билан ейиши муҳим, немис меҳмондорчилигида таомнинг саноғи муҳим.

Ҳисоб: 1 - 0

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. 

2-раунд. Савол муаллиф: Мадина Исматуллаева, Тошкент шаҳри Янгиҳаёт тумани

Бошловчи: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Иймон” деган асарларида турли соҳаларидан кўп қизиқ маълумотлар келтирилган. 1999 йилда Пенсилвания университетининг тиббиёт факултетида узоқни яхши кўролмайдиган 479 нафар инсон билан тадқиқот ўтказилгани ёзилади. Уларнинг 56 фоизи ҳар куни бир одатни қилиши кузатилган. Бу одат уларга бирмунча сарф-харажатларни талаб этган.

Диққат савол: Бу илмий тажриба нимадан иборат деб ўйлайсиз? 

3-раунд. Савол муаллифи: Ҳадича Ғофурова, Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани

Бошловчи: Мигел де Сервантес ўз укаси Родириго билан 1575 йили Неаполдан Барселона шаҳрига кемада йўл олади. Очиқ денгизда кемани жазоирлик денгиз қароқчилари қўлга олади. Кўпчилик қатл қилиниб, бойроқ кўринган 15-16 чоғлик одамларни асрга олиб, улар учун ҳукуматдан товон пули сўрашади. Гарчи, Сервантеснинг ёзувчилигини билишмаса-да, ҳукуматдан энг катта пулни у учун талаб қилишади.

Диққат савол: Нега Сервантес учун энг кўп пул сўрашган?

Жавобни Шоҳрух Жўраев беради: Эҳтимол, Мигел Сервантес қароқчилар билан музокара ўтказган. Жазоирлик дейилди, араб тилида гаплашган бўлса, таржимонлик қилиб турган, яъни қароқчиларнинг тилини тушунгани учун юқори давлат мулозими деб ўйлашган бўлиши мумкин.

Тўғри жавоб: Унинг ёнида қироллик оиласи вакилларига тегишли хат-ҳужжатлар топилган. Уни қироллик оиласига тааллуқли деб ўйлашгани учун кўп пул сўрашган.

Ҳисоб: 2 - 1

Савол муаллифи Хадича Ғофурова 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. 

4-раунд. Савол муаллифи: Равшан Мамажонов, Наманган вилояти, Тўрақўрғон тумани

Бошловчи: Марҳамат, оддий гугурт олиб чиқилсин!

Бу гугурт сизга бир ишда керак бўлади. Уни иккита оёғингиз тўпиғига қистирсангиз, у сизни талафотдан сақлайди.

Диққат савол: Сиз нима иш қилаётганингизда бу гугурт ёрдам беради?

Жавобни Шоҳрух Жўраев беради: Балки балериналар оёқ кийимларини кийишаётганда унинг тўғриланадиган деталлари бор. Шунда улар гугурт чўпларидан фойдаланган.

Тўғри жавоб: Кўп ҳолларда улар гугурт билан бошлашади. Кимлардир танга, кимлардир тош билан бу ишни бажаради. Парашютдан сакрашни ўрганаётган вақтингиз агар гугуртни тушириб ё пачақлаб юборсангиз, инструкторлар сизга паст балл қўяди. Парашютдан сакровчилар иккала оёқлари билан ерга қўнишга шу тахлит ўргатилади. Йўқса, жароҳат олиб қолишлари мумкин. 

Ҳисоб: 2 - 2

Савол муаллифи Равшан Мамажонов 2 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. 

5-раунд. Савол муаллифи: Даврон Ҳакимов, Наманган шаҳри

Бошловчи: Германиянинг илк канцлери, "темир канцлер" тахаллуси билан машҳур Отто фон Бисмарк сиёсатдаги хатоларни тиббиётдаги бир касалликка қиёслайди. “У касаллик ғалати, даволаб бўладиган пайтда у дард ҳам сезилмайди. Юзага чиқиб сезиладиган бўлганида даволашнинг иложи қолмаган бўлади” – деган.

Диққат савол: Бисмарк сиёсатдаги хатоларни қайси касалликга ўхшатади?

Жавобни Алишер Орифжонов беради: Бизнинг жавобимиз - саратон касаллиги

Тўғри жавоб: Бисмарк канцлер бўлган йили 1871 йил эди. XIX аср охири, ХХ аср 30-йилларигача Европада бир касаллик ҳукм сурган. Ҳар бир салбий ибора борки, албатта, ўша касаллик қўшиб айтилган. У сил касаллиги эди. Касаллик авжига чиққанида даволаб бўлмайди. Даволаб бўладиган пайтда сезилмайди. Сиёсатдаги хатоликлар – худди сил касаллигига ўхшайди деган.

Ҳисоб: 2 - 3

Савол муаллифи Даврон Ҳакимов 3 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. 

6-раунд. Савол муаллифи: Самандар Нуралиев, Сурхондарё вилояти Узун тумани

Бошловчи: Экранга қаранг.

Бу сурат Франциядаги Баун шаҳрида олинган. Бу шаҳардаги автомобил йўлларида қинғир-қийшиқ чизиқлар чизилган. Бу қайсидир маънода йўл белгиси ҳисобланади.

Диққат савол: Бу чизиқлар нима маънони билдиради?

Жамоа клуб ёрдамидан фойдаланди.

Жавобни Ёқуб Холматов беради: Кўриб турибмиз, аҳоли яшайдиган жой, катта тезликда ҳаракатланиш мумкин эмас. Машина ҳайдаб келаётган ҳайдовчи бу белгиларга дарҳол тушуниб етмайди ва тезликни камайтиришга мажбур бўлади. Бу белгилар тезликни камайтириш учун ишлатилган.

Тўғри жавоб: Бу чизиқлар маълум жойларда чизиб қўйилган. Ҳайдовчилар тўсатдан бу белгили кўчага кириб қолади. Бу қандай белги эканлигини англаш учун тезликни пасайтиришга мажбур бўлар экан. Тезликни пасайтириш учун.

Ҳисоб: 3 - 3

Савол муаллифи Самандар Нуралиев 3 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. 

7-раунд. Блиц саволлари.

1-савол муаллифи: Абдуқаҳҳор Камолов, Фарғона

Бошловчи: Экранга қаранг.

Бу суратни машҳур ўзбек мусаввири Абдулҳақ Абдуллаев чизган.

Диққат савол: Рассом бу суратни нима деб номлаганлигини иккита сўз билан топинг.

Жавобни Абдунайим Абдушукуров беради: Сен етим эмассан.

Тўғри жавоб: Бу суратнинг номи Шомаҳмудовлар оиласи ёки Сен етим эмассан. Уруш вақтида 14 та болани асраб олган Шоаҳмад ва Баҳрихон ая Шомаҳмудовларга бағишланган.

2-савол муаллифи: Асқар Абатов, Нукус шаҳри

Бошловчи:Экранга қаранг.

Бир машҳур манбада бу суратлар сони 5 та бўлган. 

Диққат савол: Сиз манбани эмас, 5-бўш катакда нима бўлганлигини топинг.

Жавобни Алишер Орифжонов беради: Мушук

Тўғри жавоб: Мушук. Манба Бременлик мусиқачилар. Ушбу асардаги персонажлар, хўроз, эшак, кучукча, инсон ва мушукка бағишлаб чизилган сурат.

3-савол муаллифи: Абдулла Ишмуродов, Ғиждувон

Бошловчи: Экранга қаранг.

Суратдаги нишон яқинда Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси томонидан ишлаб чиқилди. Нишон, яъни юлдузча илгаридек игнабанд билан эмас, болт ва гайка билан яхшилаб қотириб тақилади.

Диққат савол: Сиз менга бу нишон билан қандай божхоначилар тақдирланишларини 2 та сўзда топиб беринг.

Жавобни Ёқуб Холматов беради: итларга

Тўғри жавоб: Божхона итлари.

Кинология итлари. Итлар хизмат вақтида югурганда тушиб қолмаслиги учун, бу нишонлар итнинг тасмасига қотириб қўйилади.

Ҳисоб: 4 - 3

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. 

8-раунд. Савол муаллифи: Қувончбек Маъмуралиев, Наманган вилояти, Чуст тумани

Бошловчи: Ҳар хил ёзувчи-шоирларнинг ижод усули турлича бўлган. Масалан, Шиллер оёқларини совуқ сувга тиқиб ўтирган. Жан-Жак Руссо қуёш остида бошяланг туриб ижод қилган. Байрон ва Пруст дори ичиб ишлаган. Бу уларнинг шахсий физиологик ҳолатларидан келиб чиқиб бажарилган. Айнан уларда бу ҳолатлар қон айланишини яхшилаган. Агар физиологларнинг бу фикри тўғри бўлса, энг мақбул ҳаракатни Шон Жон Милтон амалга оширган экан.

Диққат савол: Милтон ижод қилаётгандаги услубини топинг.

Жавобни Шоҳрух Жўраев беради: Жон Милтон эҳтимол, ўтириб эмас, тик туриб ёзган асарларни.

Тўғри жавоб: У ижодхонасида юмшоқ диванга ётиб олиб, бошини полга осилтириб ётган. Мияга қон оқими кучаяди. Кейин туриб ижод қилган. Яна ётган ва ҳоказо.

Ҳисоб: 4 - 4

Савол муаллифи Қувончбек Маъмуралиев 4 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. 

9-раунд. Савол муаллифи: Исмоил Мадғозиев, Тошкент шаҳри

Бошловчи: Марҳамат, ходимнинг қўлига қаранг.

Ўрта асрларда ислом оламида айрим кишилар узукни айнан шу бармоққа тақиб юришган. Бошқа бармоққа тақишмаган. Атрофдагилар ҳам билишган, бу одам нега шу бармоққа узук таққанини.

Диққат савол: Бу кишиларнинг кўрсаткич бармоғига тақилган узуклари нима маънони билдирган?

Жавобни Ёқуб Холматов беради: Қозилар таққан бўлса, адолатни тенг ушлаб тураман деб.

Тўғри жавоб: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг фиқҳга оид “Кифоя” асарларида, агарда бировга гаров эвазига пул қарз берган одам, эвазига шу узукни олган бўлса, одамлар билишлари учун шу бармоққа тақиб юришган.

Ҳисоб: 4 - 5

Савол муаллифи Исмоил Мадғозиев 5 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. 

10-раунд. Савол муаллифи: Шаҳзода Тиркашева, Фарғона вилояти, Бувайда тумани

Бошловчи: Шаҳзод, сиз ХХ аср 70-йилларида ўша пайтлардаги колхозлардан бирида ҳайдовчи бўлиб ишлайсиз. Сиз бир тонна юкни ортиб олиб, марказга олиб кетяпсиз. Сиз негадир қишлоқнинг ўнқир-чўнқир кўчаларидан юриб, айланиб юкни манзилга элтасиз. 

Диққат савол: Бу ҳайдовчи нега бу йўллардан юрган, у қандай юкни олиб борган?

Жавобни Алишер Орифжонов беради: Балки автомобилда ғалла олиб кетаётган бўлса, овлоқроқ жойга бориб, ўша ғалладан олади-да, манзилга етиб бориб, ўнқир-чўнқир йўлдан юрганим учун тўкилиб кетди, дейиши мумкин.

Тўғри жавоб: Бу айёр ҳайдовчи юриб-юриб, манзилга озгина қолганда овлоқроқ жойда тўхтаб, юкнинг қопқоғини очиб, ўзига керакли маҳсулотни олиб, яна йўлда давом этган. Ҳайдовчи колхоз фермасидаги сутни комбинатга олиб борган. Ўнқир-чўнқир йўлдан юриб, сутни чайқатиб, қаймоғини оширган ва бир идишга сутнинг юзидаги қаймоғини олган.

Ҳисоб: 4 - 6

Савол муаллифи Шаҳзода Тиркашева 6 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Энг яхши савол муаллифи - Шаҳзода Тиркашева, колхоз ҳайдовчилари айёрлиги ҳақида

Шаҳзода Тиркашева 10 млн сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Ўйиннинг энг фаол билимдони - Алишер Орифжонов

Алишер Орифжонов 10 млн сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Ўйиннинг тўлиқ видеосини ушбу ҳаволада томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид