Ўзбекистон | 14:51 / 26.12.2023
8895
3 дақиқада ўқилади

Расул Кушербаев экология назорат органини ҳукумат таркибидан чиқаришни таклиф қилди

Экология вазирлиги ҳукуматга бўйсунади. Ҳукумат бир вақтнинг ўзида қурилишлар қилиши ва параллел тарзда дарахтларни ҳам сақлаб қолиши керак. Бу эса манфаатлар тўқнашувига, қонунларнинг яхши ишламаслигига сабаб бўляпти, деди Экология вазири маслаҳатчиси.

“Улар” подкастининг сув ва экологияга бағишланган сонида қатнашган Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев экология бўйича назорат органининг бўйсунувини ўзгартириш кераклиги ҳақида тўхталди.

“Экологияни назорат қилувчи ва тартибга солувчи бош ислоҳотчи деганда биз ҳукумат ва мансабдор шахсларни назарда тутамиз. Сиёсий ислоҳотларни биринчи шу ердан бошлаш керак. Сабаби ҳозир ишлаётган жойимда аниқ кўрдимки, экология соҳасидаги назорат органини ҳукумат таркибига киритиб бўлмас экан.

Чунки ҳукуматда биринчи навбатда бизнесни ривожлантириш манфаатлари турса ва унга параллел экология масаласи ҳам бўлса, у экологиядан кўз юмишга ҳаракат қилаверар экан. Фақат Ўзбекистонда эмас, бутун дунёда шунақа.

Энг қизиғи, Экология вазирлиги ҳукуматдаги қурилиш йўналиши бўйича комплексга бўйсунади. Бир вақтнинг ўзида ҳукумат жойлар қуриши ва ўша вақтнинг ўзида дарахтларни ҳам сақлаб қолиши керак”, деди Расул Кушербаев подкастда.

Вазир маслаҳатчисига кўра, экология соҳасидаги назорат органини ҳукумат таркибидан ажратиш керак. Бу ташкилот ё предизентга, ё парламентга бўйсунадиган бўлиши лозим.

“Бу ерда манфаатлар тўқнашуви кетяпти. Масалан, катта йўл қиламиз, дейишса, биз [Экология вазирлиги] бунга рози бўлолмаймиз, деб бир кун, икки кун қарши туришимиз мумкин, лекин ҳукумат талаб қилиб, “Сен кимсан, менга бўйсунасанми?” деса қаерга борасиз? Қонунлар ҳам ишламай қоляпти.

Масалан, Ангрен иссиқлик электростанцияси қонун бўйича экологияга келтирган зарари учун компенсация тўлаши керак. Ва тўланган компенсация экологик масалалар учун ишлатилади. Ҳукуматнинг ёпиқ қарорлари билан компенсация тўланмасин, бўлиб тўлансин, деган имтиёзлар чиқартириб олинаверади”, деди Кушербаев.

Вазир маслаҳатчисининг айтишича, Экология вазирлигининг жойларда фаолият юритадиган ходимларидан маҳаллий ҳокимиятлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари югурдак сифатида фойдаланишади. Экология масаласи қолиб, улар бутунлай бошқа масалалар билан банд бўлиб қолишади. Сабаби ҳокимларда ҳудудлардаги ходимларни тайинлашда тақдимнома киритиш ваколати бор.

“Шундай бўлгандан кейин дарахт кесаётган ҳокимиятга қандай чора кўра олинади? Бу ерда структуравий ислоҳот керак. Экология йўналишидаги ташкилот халққа ҳисобдор бўлиши керак. Экология бўйича жуда кўп қарорлар қабул қилиняпти. Ярмидан кўпи ишламаяпти. Ишлатолмайсиз, иложи йўқ”, деб вазиятни тушунтиради Расул Кушербаев. 

Мавзуга оид