«Путин сизни ЕИ, НАТО, эркинлик ва демократияга қўшиб кечки овқатда ейди». Зеленскийнинг Economist’га интервюсидан асосий гаплар
Зеленский бугунги кунга келиб бутун дунёда ҳам, украин жамоатчилигида ҳам уруш бошида бўлгани каби Украина атрофида жипслашув йўқлигидан шикоят қилган. У ғарб мамлакатлари Украинага ёрдам бериш орқали ўзларини Путиннинг тажовузидан ҳимоя қилаётганини эслатган.
Украина президенти Володимир Зеленский Economist журналига интервю бериб, уруш ҳали якунланмаётгани ва бўшашишга ҳали эрталиги — Украинани қўллаб-қувватлаш орқали Европа ўзига ёрдам бериши ҳақидаги фикрларини ғарб жамоатчилигига етказишга ҳаракат қилди.
Унинг фикрича, Ғарб Украинада содир бўлаётган воқеалар аҳамиятини ҳис қилмай қўйган, аммо уларда Россия устидан ғалаба қозонишдан бошқа чиқиш йўли йўқ.
Зеленскийни Россиянинг жанг майдонидаги муваффақияти ва Украина қуролли кучларида ғалаба қозона олмаётгани эмас (унинг ўзи бундай деб ҳисобламайди), балки иттифоқчилар лагеридаги саросима ва иккиланиш ҳамда айрим ватандошлари ўзини чеккага олишидан ғазаблантиради.
Россиянинг 2022 йил 24 феврал куни бошлаган босқинининг иккинчи кунида Зеленский қисқа, бир ярим дақиқалик видеоролик эълон қилган ва унда шунчаки шундай деганди: «Биз шу ердамиз». У давом этаётган ҳамлалар ва бомбалашларга қарамай, ҳамон Киевдаги ҳукумат комплексида қолмоқда.
Аммо, дея қайд этади Economist, уруш бошланганидан қарийб икки йил ўтиб дунё энди унинг сўзларини аввалги каби диққат билан тингламаяпти, Зеленскийнинг ўзи эса энди воқеалар ривожини моҳирлик билан назорат қила олмаяпти.
«Украинада чарчоқ кучаймоқда. Ғарбда сарлавҳалар Владимир Путин, Россия президенти, ғалаба қозона бошладими, деган мазмунда чиқмоқда. Украинларга ёрдам масаласи Америка ва Европада сиёсий савдо предметига айланди», — дея қайд этади Economist.
Ғарб тезкор ҳаракат қилиш зарурлиги [Украинага ҳарбий ёрдам беришда] туйғусини, кўплаб украинлар эса — экзистенциал таҳдидлар туйғусини йўқотди, дейди Зеленский. «Биз [2023 йилги қарши ҳужумда] дунё истаган ишларга улгурмаган бўлишимиз мумкин. Баъзилар тасаввур қилганидек барчаси бу қадар тез бўлмаслиги мумкин», — дейди Украина президенти.
Путин урушда ғалаба қозонаётгани ҳақидаги фикрни, шунчаки «ҳиссиёт», шунчаки шундай туюлмоқда, деб ҳисоблайди Зеленский.
Унинг сўзларига кўра, реаллик шундаки, Россия армияси Украинада, жумладан Авдийивкада улкан йўқотишларга учрамоқда. «Минглаб, минглаб ўлдирилган ва жасадларини ҳеч ким олиб кетмаган россиялик солдатлар», — деган Зеленский 2023 йилда Россия бирорта йирик шаҳарни эгаллай олмагани, бу вақтда эса Украина Россиянинг Қора денгиздаги қамалини енгиб ўтишга муваффақ бўлгани ва энди Украина жанубий соҳиллари ҳудудида янги маршрут бўйлаб миллионлаб тонна ғалла ташиётгани ҳақидаги тезисни эслатиб ўтган. «Улкан натижа!» — деган президент.
- Британия разведкасининг баҳолари ҳам шунга мос келади, унга кўра, агар вазият радикал даражада ўзгармаса, 2025 йилга бориб Россиянинг йўқотишлари 500 000 мингга (ҳалок бўлганлар ва яраланганлар) етади.
Аммо Зеленский воқеликни идрок этиш реалликка айланиб, ўзини ўзи амалга оширадиган прогнознинг бир турига айланиши мумкинлигини тушуниб турибди. Айнан шу келгуси йилни янада муҳим қилади. Россиянинг ҳарбий саъй-ҳаракатлари кучайиб, Украинанинг ресурслари камайиб бораётган маҳалда эса, Америка ва Европанинг кўплаб мамлакатлари эътибори сайловлар йилида ички сиёсатга қаратилмоқда.
Зеленский Украинани қўллаб-қувватлаш орқали Европа ўзини Россия тажовузидан ҳимоя қилишини таъкидлайди. «Бизга пул бериш ёки қурол бериш орқали сиз ўзингизни қўллаб-қувватламоқдасиз. Сиз бизнинг болаларни эмас, ўзингизникини қутқармоқдасиз», — дея огоҳлантиради у. Агар Россияга украин болаларини олишга йўл қўйилса (катта эҳтимол билан, гап фронтга чақирув ҳақида кетмоқда — таҳр), «улар бошқа [европалик] болаларни ҳам олиб кетади». Агар Россия украинлар ҳуқуқини поймол этса, «у бутун дунёда ҳам ҳуқуқларни бузади». Агар Украина ютқазса, Путин урушни Ғарбга олиб ўтади.
«Путин худди ваҳший ҳайвон каби заифликни ҳис қилади, чунки у амалда ҳам ваҳший. У қонни ҳис қилади, у ўз кучини ҳис қилади. Ва у сизни бутун Европа иттифоқингиз, НАТО, эркинлик ва демократиянгиз билан бирга қўшиб кечки овқатга ейди», — деган Зеленский.
«Балки, нимадир етишмаётгандир. Ёки, кимдир етишмаяпти. Украина барчамизни ҳимоя қилаётгани ҳақида гапира оладиган кимдир». Европа мамлакатлари ўз манфаати учун Америкада Украинани қўллаб-қувватлашни лобби қилиши керак: «Европанинг бир неча мамлакатлари разведка хизматлари уларнинг ҳудудига Россия томонидан ҳужум бўлиши эҳтимолини [ўргана] бошлади… Ҳатто СССР таркибида бўлмаган мамлакатлар ҳам».
Музокаралар бўйича таклифлар хусусида, Зеленский «Россия томонидан тинчлик йўлида ҳеч қандай фундаментал қадамлар»ни кўрмаётганини айтган. «Мен фақат террорчи мамлакат қадамларини кўрмоқдаман», — дейди у. Унинг сўзларига кўра, агар айрим ғарб нашрлари ёзаётгани каби Россия можарони музлатиш истаги ҳақида сигнал бераётган бўлса ҳам, бу «улар адолатгўй бўлгани туфайли эмас». «Бу уларда ракеталар, ўқ-дорилар ва тайёрланган қўшинлар етарли эмаслиги учун. Бундай пауза уларга керак. Кучларни тиклаш учун. Кейин барча кучларни тўплаб, бу урушда янги саҳифа очиш учун», — дейди Зеленский.
Зеленский Украина 2024 йилда қўлга киритиши мумкин бўлган ютуқлар бўйича мулоҳазага берилмаган. Унинг сўзларига кўра, ўтган йил баҳорида қарши ҳужум ҳақидаги маълумотлар сизиб чиқиши Россияга мудофаага тайёрланишда қўл келган. Аммо унинг ҳисоблашича, асосий эътибор Қрим ва Қора денгиздаги жангга қаратилади. «2014 йилда Россия томонидан аннексия қилинган Қримнинг иҳоталаниши ва бу ерда россияликларнинг ҳарбий салоҳияти заифлашиши биз учун фавқулодда муҳим, чунки бу мазкур региондан қилинадиган ҳужумлар сони камайтирилиши томон йўлдир», дейди у.
Муваффақиятли амалиёт бутун дунё учун намуна бўлади, дея давом этган у. Бу шунингдек Россия ичкарисида ҳам кучли эффект беради. Кремл пропагандасининг марказий объекти бой берилиши «минглаб россиялик офицерлар фақат Путиннинг амбициялари учун қурбон бўлгани»ни кўрсатган бўларди.
Украина стратегик аҳамиятга эга бўлган яриморолда аллақачон ақл бовар қилмас ғалабаларга эришмоқда, Қора денгиз флотининг «анчагина миқдорда»ги кемаларини йўқ қилмоқда — британиялик мулозимлар тасдиқлашича, сўнгги тўрт ой ичида ушбу флотнинг бешдан бир қисми йўқ қилинган. Россия сўнгги 240 йил мобайнида ушлаб турган ҳарбий-денгиз базанинг бой берилиши Путин учун улкан шармандалик бўлган бўларди.
Аммо муваффақият тезлиги Украина ғарблик ҳамкорлардан оладиган ҳарбий ёрдамга боғлиқ бўлади, дейди Зеленский. У Украина қуролли кучларига немислар ишлаб чиқарган, катта радиусда ҳаракатланувчи ва Керч кўпригини вайрон қилиб, амалда Қрим яриморолини Россиядан ажратиб қўйишга қодир бўлган Taurus русумли қанотли ракеталарни етказиб беришни сўраган. «Россия биз учун бу ҳарбий объект саналишини билиши керак», — дея қайд этади у.
Зеленский Украинанинг шарқ ва жанубдаги мақсадлари бўйича янада ноаниқ гапирган. У томонидан олдин ҳам кўп айтилган стратегик мақсад — Украинани 1991 йилги чегараларига қайтариш — ўзгармаган ва ўзгармайди, аммо у энди Украина янги йилда қанча муддатда ва қанча ҳудудини озод этиши мумкинлиги ҳақида гапирмаяпти. Бугунги кунда биринчи галдаги вазифа — «шарқни ҳимоя қилиш, Украинанинг шарқи ва жанубидаги ўта муҳим шаҳарларни, Харкив, Днипро, Запорижжя, Херсон, Миколайивни сақлаб қолиш» ва мамлакатнинг жуда муҳим инфратузилмаларини муҳофаза қилиш.
2023 йилги қарши ҳужумдан ҳаддан ташқари кўп нарса кутилгани якунда қисман умидсизликка олиб келди, дея қайд этади Economist. Украина қўшинлари бош қўмондони Валерий Залужний мазкур нашрга 2023 йил ноябрида берган интервюсида жанг майдонида турғунлик юзага келганини тан олганди. Унинг бу сўзлари аввалига Зеленскийнинг ғазабини келтирган бўлса-да, генералнинг чиқиши президентга ўз риторикасини ўзгартириши учун ҳам имкон берди. Энди у ғалаба учун нафақат ғарбни, биринчи галда Украинанинг ўзини сафарбар этиш лозимлигини айтмоқда.
«Биз ўз кучларимизни ҳисобга олишимиз керак», — деган Зеленский. У ҳамон Америка якунда ҳарбий ёрдам кўрсатишига ишонса-да, Украина, унинг сўзларига кўра, ғарбдан келадиган ёрдам етарли бўлмай қолган тақдирда ўз ишлаб чиқариш ҳажмини ҳам ошириши кераклигини таъкидлаган. Бунинг учун у Америка ҳукуматидан Украинага артиллерия тизимлари ва ракеталардан тортиб ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларига қадар бўлган қуролларни ишлаб чиқариш учун лицензия тақдим этишни сўраган.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, уруш бошида сезиларли бўлган «украин жамияти ва бутун дунё сафарбарлиги» бугунги кунда сезилмаяпти. «Буни ўзгартириш зарур», деган у ва украин жамоатчилиги томонидан яхши қабул қилинмаса ҳам, сафарбарлик ёшини пасайтириш ҳамда хизматни кечиктириш учун асосларни қисқартиришдан бошқа муқобил йўқлигини таъкидлаган.
«Сафарбарлик — бу фақат фронтга йўл оладиган аскарлардан иборат эмас. Гап барчамиз ҳақида кетади. Бу барча кучларни сафарбар қилиш демакдир. Бу давлатимизни ҳимоя қилиш ва ерларимизни озод этишнинг ягона йўлидир. Келинг, ростгўй бўлайлик, биз ички сиёсат билан чалғиб қолдик, — дейди Зеленский. — Агар биз эътиборимизни ички сиёсатга қаратишда давом этсак, сайловлар белгилашимиз керак бўлади. Қонунларни, конституцияни ўзгартириш. Аммо у ҳолда қарши ҳужум ва деоккупация ҳаракатларини унутишга тўғри келади».
Зеленский ҳамон Украина Россияни мағлуб этиш режасидан чекина олмайди, деб ҳисоблайди. «Бугунги кунда украинлар учун энг муҳим касб — Украинада бўлишдир…, бизнинг ғарблик ҳамкорларимиз учун эса — Украина билан бўлиш… Агар кучингиз етмаса, четга чиқинг. Биз чекинмаймиз», — деган Украина президенти.
Биргина масала Зеленский дунёнинг қолган қисмини ҳам бу фикрга қўшилишга ундай олишида, дея қайд этади The Economist.
Мавзуга оид
17:55
WSJ: Украина ўзининг баллистик ракетасини яратиш устида иш олиб бормоқда
17:53
АҚШ разведкаси Путиннинг хориждаги мухолифлари ўлдирилишига оид махфий ҳужжатларни қисман очиқлади
16:33
Меркел: Менда ҳеч қачон Путин бўйича иллюзиялар бўлмаган
13:12