12 январ, жумага ўтар кечаси АҚШ ва Британия қуролли кучлари Ямандаги ҳусийчилар объектларига ҳужум қилди. АҚШ президенти Жо Байден ва Буюк Британия бош вазири Риши Сунак бир вақтнинг ўзида бу борада баёнот берди.
АҚШ Мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, АҚШ ва ҳамкорларининг Ямандаги зарбалари нишони ҳусийчилар дронлари, баллистик ва қанотли ракеталар, қирғоқ радарлари ва ҳаво кузатув тизимлари бўлган. Зарбалар қирувчи самолётлар, кемалар ва сувости кемаларидан берилган, деб ёзади Reuters манбаларга таяниб. CNN маълумотларига кўра, Қўшма Штатлар зарбаларни амалга ошириш учун Tomahawk бомбардимончи самолётлари ва қанотли ракеталардан фойдаланган.
Британия Мудофаа вазирлиги маълум қилишича, ҳусийчилар Қизил денгиз узра қанотли ракеталар ва учувчисиз учоқларни учириш учун фойдаланган Аббс аэродромига зарба берилган. Бундан ташқари, Бани шаҳрида разведкачи дронларни учириш учун фойдаланилган бир неча биноларга ҳужум қилинган.
Ҳусийчиларнинг Қизил денгиздаги «мисли кўрилмаган» ҳужумларига жавоб
Байденнинг таъкидлашича, зарбалар минтақадаги савдо ва навигация эркинлигига таҳдид солаётган хусийчиларнинг Қизил денгиздаги халқаро кемаларга «мисли кўрилмаган» ҳужумларига бевосита жавобдир. У мудофаа деб таърифлаган ҳужум Австралия, Баҳрайн, Канада ва Нидерландиянинг ёрдами билан амалга оширилди.
«Ушбу мақсадли зарбалар Қўшма Штатлар ва ҳамкорларимиз бизнинг ходимларга қилинган ҳужумларга тоқат қилмаслиги ёки душман томонга дунёдаги энг муҳим савдо йўлларидан бири бўйлаб навигация эркинлигини хавф остига қўйишига йўл қўймаслиги ҳақида аниқ сигнал беради», дейилади Байденнинг Оқ уй томонидан эълон қилинган баёнотида. У ўз халқини ва халқаро савдони ҳимоя қилиш учун керак бўлса, кейинги чораларни кўришга ваъда берди.
Сунак, шунингдек, Буюк Британия нуқтайи назаридан ҳусийчиларга қарши зарба ўзини ҳимоя қилиш эканлигини таъкидлади. «Сўнгги ойларда ҳусийчи жангчилар Қизил денгиздаги савдо кемаларига бир қатор хавфли ва беқарорлаштирувчи ҳужумлар уюштирди, бу Британия ва бошқалар халқаро юк ташувларига хавф туғдирди», деди Британия бош вазири. У ҳусийчиларни Қизил денгиздаги кемаларга ҳужумларни тўхтатишга ва вазиятни юмшатиш учун чоралар кўришга чақирди.
Ҳусийчилар етакчиси АҚШ зарбасига «каттароқ жавоб» билан таҳдид қилди
«Американинг ҳар қандай ҳужуми жавобсиз қолмайди. Жавоб 20 та дрон ва бир нечта ракеталар ёрдамида амалга оширилган ҳужумдан кўра каттароқ бўлади», - деди Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган, Яманнинг шимолий ва ғарбий қисмини назорат қилувчи гуруҳ раҳбари Абдулмалик ал-Ҳусий.
















