Танқидлардан кейин Экология вазирлиги масъуллари матбуот анжумани ўтказишди. Унда Kun.uz мухбири Тошкент шаҳри ҳавоси ифлосланиши ҳақида аҳолига вақтлироқ огоҳлантириш эълон қилинмагани, ҳаво таркибидаги зарарли моддалар ҳақида маълумот берилмаётганига оид саволлар берди.
12 январ куни Экология вазирлиги масъулларининг ОАВ учун узоқ кутилган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳри ҳавосининг ифлосланиш сабаблари ва кўрилаётган чоралар масалалари муҳокама қилинди.
Kun.uz мухбири масъуллардан нима сабабдан бир неча ойдан бери ўта актуал бўлиб келаётган муаммо юзасидан жамоатчиликка изоҳ берилмаганини сўради. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгариши вазирлиги вакили Фаррух Сатторовнинг айтишича, ташкилотнинг тизимида камчилик бўлган, вақтида огоҳлантириш тизими йўлга қўйилмагани боис шундай муаммо юзага келган.
“Одамларга вақтида ахборот бериш тизими йўлга қўйилмаган. Лекин бу йилдан президентнинг 81-сонли қарори [Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида] имзоланди, унга кўра, атмосфера ҳавоси билан боғлиқ бўлган масалаларда рақамлаштириш масаласи ҳам турибди. Ҳозирги кунда бу йўналишда ишлар олиб бориляпти. Вазирлигимизда ситуацион марказ ташкил этилди, ҳозирги кунда рақамлаштириш ишлари олиб бориляпти. Демоқчи бўлганим, бундай воқеалар ҳақида олдиндан аҳолини хабардор қилиш тизими йўлга қўйилган. Бунинг устида ишлар олиб бориляпти”, – деди у.
Kun.uz мухбири берилган жавоб юзасидан яна ҳам аниқроқ жавоб олиш учун яна мутахассисларга юзланди. “Ҳозирги белгиланган тартибга кўра, атроф-муҳит, ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ ўрганишларни Ўзгидромет олиб бориб, бу борадаги ахборотларни вазирликка тақдим қилиши, вазирлик эса шунга қараб фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солиши мумкин бўлган вазиятларни аниқлаши белгиланган. Нега ҳалигача шу тизим йўлга қўйилмаган?” – деган савол билан Экология вазирлиги масъулларига мурожаат қилди.

Фаррух Сатторовнинг берган маълумотига кўра, Ўзгидромет станциялари анча йил олдин олинган ва кўп жойда бу автоматик тизимга уланмагани сабаб маълумотларни йиғиш вақт олган. Ҳозир Ўзгидромет республиканинг 65 та нуқтасидан ўзининг кузатиш нуқталарига эга. Шундан ҳозир 8таси автоматлаштирилган ва яна 8таси автоматлаштирилиши кутиляпти.















