БМТнинг Ҳаагада жойлашган Халқаро суди Исроил Ғазода геноцид содир этгани ҳақидаги айбловларни кўриб чиқа бошлади. Хўш, Исроилни нега мусулмон давлатлари эмас, Жанубий Африка Республикаси судга берди? Бу қандай натижа беради? Нетаняҳу суд жараёнларига жалб этилиши мумкинми? Kun.uz мухбири шу каби саволлар билан Яқин Шарқ масалалари бўйича эксперт Фарҳод Каримовга юзланди.
— Халқаро судга нега бундай даъво билан бирорта қудратли мусулмон давлати эмас, Жанубий Африка Республикаси арз қилди?
— Ростдан ҳам, бундай даъволар мусулмон давлатларидан кутилган эди. 11 январда судда биринчи эшитишлар бошланди. Нега айнан ЖАР? Бу давлат бундан анча илгари – 30-40 йиллар олдин Фаластин билан бирга эканини билдирган ва шундан бери шу позицияда турибди. ЖАРда худди шундай муаммолар бўлган: Европадан кўчиб келганлар маҳаллий аҳолини сиқиб чиқаришга уринган, ирқий камситган, шу маънода бу дард уларга бегона эмас.
Бундан ташқари, геосиёсий сабаблар ҳам бор. Бугун халқаро муносабатларда глобал жануб ва коллектив ғарб каби тушунчалар шаклланмоқда. ЖАР эса глобал жануб вакили, шунинг учун ҳам БРИКСга аъзо, АҚШ ва Ғарб давлатларига баланс бўлоладиган ташкилотлар аъзоси. Шу нуқтайи назардан Исроилни қўлловчи давлатларга эътироз сифатида ҳам бу ишни қилди. Яна бир нарса. Бу иш билан ЖАРнинг ҳамкорлари бўлмиш Россия, Хитой каби давлатларга яқинлашишни билдиради. Учта сабабни келтирдик, лекин барибир энг асосийси – биринчи сабаб.
— Суд жараёнига Исроил бош вазири Нетаняҳу ҳам жалб этилиши эҳтимоли борми?
— Олдин суд масаласига ойдинлик киритсак. Ҳаагада 2 та суд бор: Халқаро жиноят суди (асоси – Рим статути) ва БМТнинг Халқаро суди. Ҳозирги бўлаётган суд жиноят судида эмас, БМТнинг халқаро судида кўриляпти. Бу суднинг қарорлари кўпроқ декларатив хусусиятга эга, чора кўриш, амал қилиш механизмлари тўлиқ ишламайди. Қайсидир жараёнга таъсир қилиш, санкциялар жорий этиш кабиларда хизмат қилиши мумкин, лекин ижро масаласида анча муаммолар бор.
Биринчидан, ҳали Нетаняҳуга нисбатан қарор чиққани йўқ. Иккинчидан, агар шахсан унга нисбатан Халқаро жиноят судига даъво киритилган тақдирда ҳам, Рим пактини ратификация қилган ва қилмаган давлатлар бор. Қабул қилмаган давлатлар учун бу суд ҳукмлари мажбурий эмас.
Ўйлайманки, Нетаняҳунинг мажбуран олиб келиб суд қилиниши эҳтимоли жуда паст. Чунки бугунги кунда халқаро ҳуқуқ кўпроқ куч омилига таяняпти. Кимнинг қўлида иқтисодий, ҳарбий куч бўлса, ўшанинг гапи ўтяпти. Шунинг учун кучли бўлмаган давлатларга қийин, ҳуқуқини талаб қилиши мумкин, лекин амалга ошириш механизмлари ишламайди. Шу нуқтайи назардан ҳам бу суд реал ҳолатда жавобгарликка тортади деб ўйламайман.















