Учтепа туманидаги маҳаллалардан бирига аҳоли билан учрашишга борган Nuz.uz журналисти Михаил Довлатов ҳуқуқ идоралари ходимлари томонидан ушланиб, 5 соат мобайнида қўйиб юборилмаган. АОКА ҳолатни аниқ ўрганиш ҳамда тегишли хулоса ва чоралар кўрилиши бўйича Бош прокуратурага сўров хати юборган.

14 январ куни Nuz.uz нашри мухбири Михаил Довлатов журналистик суриштирув олиб бормоқчи бўлганида Тошкент шаҳри Учтепа тумани ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ушланган. Бу ҳақда нашрнинг ўзи хабар берди.

Маълум қилинишича, журналист Учтепа тумани 11-даҳада яшовчи фуқаролардан келиб тушган сўров бўйича вазиятни ёритишга борган. Одамлар тахминан 150 та “гараж”и ва автотураргоҳ ҳудудидаги 98 туп дарахт ўрнида болалар боғчаси қурмоқчи эканликларидан шикоят қилган. Вазиятни жойида ўрганиш учун 14 январ куни соат 13:00 да учрашишга келишилган. Унга Учтепа тумани ҳокимлиги вакиллари, экологлар ва бошқа мутахассислар ҳам таклиф этилган.

«Автотураргоҳга кираверишдан 50 метр нарида бир гуруҳ эркакларга кўзим тушди, уларнинг баъзилари ҳуқуқ-тартибот идоралари кийимида эди, кираверишда Isuzu ҳам тўхтаб турганди. Уларнинг ёнидан ўтгач, менга гапиришаётганини эшитдим. Орқага ўгирилдим ва фуқаролик кийимидаги бир киши яна мени чақирди. Гап нимада эканини билиш учун унга яқинлашдим. У менга бу ерда чекиш тақиқланганини айтди. Мен унга бу ерда чекишни тақиқловчи белгилар борми, дея савол бердим. У эса бу ерда ҳамма нарса жамоат ҳудуди ва умуман чекиш мумкин эмаслигини таъкидлади», — дейди у.

Мухбирнинг сўзларига кўра, шундан сўнг у билан гаплашиб олишлари кераклиги айтилган ва тумандаги 2-сонли ички ишлар идорасига олиб борилган. Бу жараёнда унинг телефони ва жиҳозлари олиб қўйилган. Суҳбат давомида унга қонуннинг жамоат жойларида чекиш тақиқланган бандини кўрсатишгани, бундан ташқари, рухсат этилмаган митинг уюштиришга урингани айтилмоқда.

Михаил Довлатов мазкур жараёнда 5 соат давомида ушлаб турилганини таъкидлаган. «Кун охирида мени фуқаролик кийимидаги бошқа шахснинг олдига олиб келишди, у ерда тақдим этилган 194-моддани (Ички ишлар ходимининг қонуний талабларига риоя қилмаслик) эшитдим ва уни ўқиб чиққаним ҳақида имзо чекдим. Телефонимга жарима ҳақида SMS келганини ҳам пайқадим, у қандай асосда берилгани аниқ эмас», — дейди мухбир.

Таҳририятнинг қайд этишича, жараёнда қамоққа олиш тартиби ва қоидалари ҳам бузилган. Ҳибсга олинган ходимлар ўзларини таништирмаган ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни кўрсатмаган.

Ҳолат юзасидан АОКА ўз муносабатини билдирди ҳамда мамлакат қонунчилигида журналистлар ҳуқуқлари, ахборот олиш эркинлигига оид масалалар қатор нормалар билан мустаҳкамлаб қўйилганини эслатиб ўтди.