Kun.uz 17 декабр куни фойдаланувчилар ва хизмат кўрсатувчи компаниялар вакилларига таяниб Ўзбекистондаги электромобилларни қувватлаш учун ўрнатилган станцияларни ўчириб қўйиш бошлангани ҳақида хабар берган эди.
Шундан сўнг Энергетика вазирлиги баёнот бериб, станцияларни тармоқдан узиб қўйиш бўйича вазирлик томонидан топшириқ берилмаганини маълум қилди. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ҳам раддия бериб, “фақатгина қарздорлиги бор истеъмолчилар” тармоқдан узилаётганини билдирган эди.
“Ҳозир ҳам станцияларимиз ишламаяпти”
Ҳолат юзасидан Кun.uzʼга қувватлаш станциялари бозоридаги компаниялар яна мурожаат қилди.
“Ҳаммаси 9 декабр кунидан бошланди. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖга тегишли ташкилотлар Тошкент шаҳридаги станцияларимизни оммавий равишда ўчира бошлади. Айни пайтда ҳам 24 та станциямиз ишламаяпти, муҳрлаб кетишган. Сабаб сифатида электрдан қарзимиз борлигини келтиришяпти. Аксарият станциялар бошқа объектлар – савдо марказлари, ресторанлар, меҳмонхоналар ва супермаркетларнинг трансформаторларига уланган. Биз улар билан шартнома тузганмиз. Трансформатор эгалари ўз навбатида электр тўловларини амалга оширади.
Масалан, Indeх бозорига 4 та станция ўрнатганмиз, бу ерда биз субабонентмиз. Яъни ишлатган электр энергиямиз бўйича бозорга тўлов қиламиз. Шу нуқтайи назардан, кейинги ойлар учун ҳам олдиндан тўловларни амалга ошириб қўйганмиз. “Ҳудудий электр тармоқлари” ходимлари келиб, фақат бизнинг станциямизни ўчирган, бозордаги бошқа ҳамма объектда электр таъминоти мавжуд. Агар қарздорлик бўлса, бутун бозорда электр ўчиши керак, лекин фақат бизнинг ҳисоблагичимизни муҳрлаб кетишган.
Бундай ҳолатлар ресторанларнинг автомобил қўйиш жойларига ўрнатган станцияларимизда ҳам бўлди. Уларда станция ресторанга тегишли, биз хизмат кўрсатамиз. Олдиндан кейинги 1 ойлик тахминий тўлов ҳам ўтказиб қўйилган. Лекин электриклар фақат станцияни токдан узган, ресторан одатдагидай ишлаяпти.
Кейин, ақлли ҳисоблагичлар ўрнатилган бўлса, пул тугаган тақдирда тизимнинг ўзи автоматик ўчади-ку”, дейди Kun.uz суҳбатлашган компания раҳбарларидан бири.















