Ҳар йили бошида дунё сиёсатчилари, йирик бизнес эгалари, экспертлар ва бошқа фаол зиёлилар жаҳон иқтисодий форумида қатнашиш учун Швейцариянинг Давос шаҳрига йиғилади. Хўш, бу форумдан мақсад нима, унинг доирасидаги бу йилги асосий мавзулар нималар бўлди?
Узоқ 1971 йилда, асли германиялик иқтисодчи Клаус Шваб Швецариянинг шарқида жойлашган Давос шаҳрида кичикроқ бир конференция ўтказади. Бошида, бу Давос конференциялари анча камтарин ва торроқ доирада ўтарди. Унинг йиғилишларида дунёнинг таниқли сиёсатчилари, энг катта компаниялари эгалари, йирик файласуф ёки мутафаккирларни кўриб бўлмасди.
Лекин, мана йиллар ўтиб, расман Жаҳон иқтисодий форуми деб аталувчи Давос форуми халқаро майдонда жуда яхши танилган катта брендга айланди. Форумнинг мақсади – дунёдаги таниқли иқтисодчилар, сиёсатчилар, мутафаккирлар ва ОАВ вакиллари ўртасида фикр алмашиш, мулоқот учун қулай майдон яратиш ҳисобланади.
Бу форумда асосан иқтисодчилар, сиёсатчилар, мутафаккир ва файласуфлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этади. Форумда дунёда кечаётган энг йирик, муҳим иқтисодий, сиёсий, геосиёсий масалалар муаммолар муҳокама этилади. Албатта, бу форумда иштирокчилар ўз фикрларини жуда очиқ тарзда беришмайди, шундай бўлса-да, мулоҳазаларини ОАВга тушунарли шаклда баён қилишади.
Бу йилги Давос форумининг асосий мавзуси “Тарқоқ дунёда қандай қилиб ишончни тиклаш мумкин?” деган савол атрофида кечди ва унда жами 60 та давлатдан юқори мартабали амалдорлар, умуман, 120 та давлат делегациялари иштирок этди. Умумий иштирокчилар сони эса 2500 дан ортиқ бўлгани айтилди.
Дунёда жуда йирик тектоник геосиёсий ва геоиқтисодий ўзгаришлар кечмоқда. Бундай ўзгаришлар кейинги уч ўн йиллик давомида пишиб келаётган эди. Собиқ СССР қулагач, АҚШ бошчилигидаги коллектив ғарб совуқ урушдан тўлиқ ғалаба билан чиқди. Россия жароҳатланди. Хитой эса тинчгина иқтисодий ўсиш билан банд эди. Ўтган асрнинг охирги ўн йиллиги “мутлақ бир қутбли дунё” даври бўлди. АҚШ якка ҳукмронлик гаштини сурди.
2001 йил 11 сентябрдан сўнг ғарб ва мусулмон дунёси ўртасида ўзаро ишончга дарз кетди. 2000 йиллар давомида НАТОнинг шарққа кенгайиши фонида, Россия ва ғарб ўртасида ўзаро ишончсизлик чуқурлашди.
Кейинги 10-15 йилда Хитой билан АҚШ ўртасидаги ўзаро муносабатлар таранглашиб борди. Бугун, дунё экспертлари АҚШ-Хитой муносабатларини “21-асрнинг энг катта саволи” деб кўришади. Кейинги даврда кўплаб воқеалар юз бердики, бугун дунё давлатлари ва элиталари ўртасида, ўзаро ишонч худди совуқ уруш давридаги каби анча паст даражага тушди.















