Иқтисодиёт | 20:02 / 26.01.2023
22069
9 дақиқада ўқилади

«Давос-2023: Бўлинган дунёда ҳамкорлик». Жаҳон иқтисодий форуми қандай ўтди?

1971 йилдан бери Швейцариянинг Давос шаҳрида ҳар йили анъанавий равишда Жаҳон иқтисодий форуми ўтказиб келинади. Унда дунё мамлакатларидан экспертлар, ишбилармон доира вакиллари, ҳукумат раҳбарлари қатнашиб, бугунги кундаги глобал муаммоларга биргаликда ечим топишга уринади. Мақсад – дунёдаги аҳволни яхшилаш.

Фото: World Economic Forum

16-20 январ кунлари форумнинг 53-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Украинадаги уруш фонида геосиёсий вазиятнинг ниҳоятда кескинлашуви, иқлим инқирози, савдо уруши ҳамда глобал инқироз таҳдиди каби масалалар муҳокама қилинди.

Иқлим ўзгариши ва яшил энергетикага ўтиш

Халқаро энергетика агентлиги ижрочи директори Фотиҳ Биролнинг таъкидлашича, Россиянинг Украинага бостириб кириши энергетика хавфсизлигини таъминлаш ва қайта тикланадиган энергия манбаларига тезроқ ўтиш борасидаги ҳаракатларни кучайтирган.

Фотиҳ Бирол
Фото: World Economic Forum

«Ушбу инқироз тоза энергия тармоғининг ривожланишига катта туртки берди. Қайта тикланадиган манбалар улуши ўсиб бормоқда. Ҳозирги кунда глобал муқобил энергия манбалари ўсишининг энг муҳим омили бу энергетика хавфсизлигидир», деди у.

Россия Украинага бостириб киришидан олдин дунёдаги энг йирик энергия экспортчиси эди. Аммо рус газининг Европага экспорти босқичма-босқич чеклангани ва Ғарб давлатлари томонидан жорий қилинган санкциялар Европа ва бутун дунёни янада ишончли, маҳаллий энергия манбаларини излашга мажбур қилди.

«Қайта тикланадиган манбалар тинчлик энергиясидир. Энергия хавфсизлигимизнинг узоқ муддатли ечимлари қайта тикланадиган манбалар ҳисобланади», – дея қўшимча қилди Бирол.

Украинага молиявий ва ҳарбий ёрдам кўрсатиш

Украина президенти Володимир Зеленский Украина иттифоқчиларини иккиланишни бас қилиб, тезлик билан Киевга барча зарур қуроллар, жумладан танклар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етказиб беришга чақирди.

Володимир Зеленский
Фото: World Economic Forum

«Эркин дунё ўйлашга кетказаётган вақтни террорчи давлат одамларни ўлдиришга сарфламоқда. Дунё ортиқ иккиланмаслиги керак – бугун ҳам, келажакда ҳам. Дунёнинг сафарбарлиги бизнинг умумий душманимизнинг навбатдаги ҳарбий сафарбарлигидан илгарилаб кетиши керак. Украинани ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан таъминлаш Россиянинг навбатдаги ракета зарбаларидан тезроқ бўлиши керак. Ғарб танклари етказиб берилиши Россия танкларининг навбатдаги юришидан олдин рўй бериши керак», – деди Зеленский.

Украина президенти Россияда ким билан музокара олиб боришни тушунмаслигини ва Россия президенти Владимир Путиннинг тирик эканига ишончи комил эмаслигини ҳам қўшимча қилиб ўтди.

Германия канцлери Олаф Шолц Украинага чексиз ҳарбий ёрдам ваъда қилди. Шу билан бирга, у Киевга Leopard 2 танкларини етказиб бериш масаласини очиқ қолдирганди. Аммо кейинроқ, жанговар танкларнинг Украинага топширилишига рухсат берди.

Олаф Шолц
Фото: World Economic Forum

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ҳам Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттиришга ваъда берди. Унинг сўзларига кўра, чекловлар натижасида Россия иқтисодиёти ўнлаб йиллар давомида регрессияга дуч келади ва мамлакат саноати ҳар қандай замонавий муҳим технологиялардан маҳрум бўлади.

Урсула фон дер Ляйен
Фото: World Economic Forum

«Украинада ҳар куни инфратузилма объектлари вайрон қилинмоқда. Биз Украинани тиклайдиган биринчилардан бўламиз. Аммо қайта тиклаш харажатлари кундан кунга ошиб бормоқда. Масалан, музлатилган активлардан фойдалана олмаймиз, деган тахминлар мени қўрқитмоқда, чунки Россия тўлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олиши керак, деб ўйлайман. Украинанинг тикланишини молиялаштириши керак бўлган давлат бу – Россия», – деди Европанинг атроф-муҳит ва океанлар бўйича комиссари Виргиниюс Синкявичюс.

Финландия бош вазири Санна Мариннинг айтишича, агар Россия урушда ғалаба қозонса, ўнлаб йиллар давомида шунга ўхшаш хатти-ҳаракатлар яна давом этади.

Санна Марин
Фото: World Economic Forum

«Украинадаги уруш қачон тугашини билмаймиз. Аммо бу украиналикларнинг ғалабаси билан якунланишига ишонч ҳосил қилишимиз керак. Агар Россия ғалаба қозонса, бу сизнинг бошқа давлатга бостириб киришингиз, бошқа давлатга ҳужум қилишингиз ва ундан фойда олишингиз мумкинлиги ҳақида сигнал бўлади: ерлар, ҳудудлар ёки бошқа нарсалар, табиий ресурслар», деди у.

Савдо сиёсати

Жаҳон савдо ташкилоти раҳбари Нгози Оконжо-Ивеала АҚШнинг миллий хавфсизлик нуқтайи назаридан савдо тўсиқларини ўрнатиш ташаббусларини қоралади.

Нгози Оконжо-Ивеала
Фото: World Economic Forum

АҚШ импорт қилинадиган пўлат ва алюминийга тарифлар жорий этиш орқали ЖСТ мажбуриятларини бузган. Шунингдек, Ҳонгконгда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Хитойда ишлаб чиқарилган деб белгилашни талаб қилган.

«ЖСТ ўз аъзосига миллий хавфсизлик манфаатларини кўзлаб савдо тўсиқларини ўрнатишга рухсат беради, аммо АҚШнинг олиб борган сиёсати бу мезонларга жавоб бермайди», деган Оконжо-Ивеала.

АҚШ ҳукумати ушбу фикрларга эътироз билдирди ва миллий хавфсизлик нима эканини ЖСТ эмас, балки АҚШнинг ўзи белгилаши кераклигига урғу берди.

Глобал портлар оператори DP World раҳбари Аҳмад Бин Сулаем АҚШ ва Хитойни ўзаро савдо муносабатларини тиклашга чақирди.

Аҳмад Бин Сулаем
Фото: World Economic Forum

«Биз Хитой ва АҚШ ўртасидаги навбатдаги совуқ урушнинг пайдо бўлишига дош беролмаймиз. Мен протекционистик сиёсатни қўллаш бўйича кўплаб ҳаракатлар борлигини биламан, лекин ҳамма савдодаги ўзаро ҳамкорлик ва бозорларни очиш энг яхшиси эканини тушунади», деди у.

Технология

Intel компанияси бош ижрочи директори Патрик Гелсингернинг сўзларига кўра, Осиё мамлакатларига қарамликдан қутулиш учун Ғарбда яримўтказгичлар саноатини ривожлантириш борасида йирик лойиҳалар амалга оширилиши керак.

Патрик Гелсингер
Фото: World Economic Forum

«Таъминот занжирида ягона нуқталарга қарам бўлиб қолишимизга имкон берганимизни англаш учун глобал инқироз керак эди. Бизга келажак учун мустаҳкам таъминот занжирлари керак», деди у.

Гелсингернинг қўшимча қилишича, 30 йил олдин чип ишлаб чиқаришнинг 80 фоизи АҚШ ва Европада амалга оширилган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 20 фоизгача пасайиб кетган.

Автоном автотранспорт воситаларидан тортиб сунъий интеллектгача бўлган янги технологиялар мислсиз имкониятлар билан бир қаторда, янги хавфсизлик хатарларини яратмоқда, деди АҚШ Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) директори Кристофер Врей.

Кристофер Врей
Фото: World Economic Forum

У Хитойнинг сунъий интеллект дастурларидан хавотирда эканини, Украинада уруш бошланганидан кейин Америка инфратузилмаларига Россиянинг киберҳужумлари ортганини ҳам таъкидлаб ўтди.

Жаҳон иқтисодий форумида Microsoft бош директори Сатя Наделла ҳам иштирок этди. У технологиялар бизга иқлим ўзгариши, соғлиқни сақлаш ва таълимдаги муаммоларни ечишга ёрдам бераётганини, бу борада инклюзив жамият яратмоқчи бўлсак, давлат ва хусусий сектор биргаликда ишлаши кераклигини таъкидлади.

Иқтисодиёт

Давосдаги халқаро форумда Хитойдаги иқтисодий ҳолат ва инфляция хавфи муҳокама марказидаги асосий мавзулар бўлди.

«Вазият идеал эмас, лекин кутилган прогнозларга нисбатан анча яхши», деди JP Morgon президенти Даниел Пинто.

Даниел Пинто
Фото: World Economic Forum

 

Европа Марказий банки президенти Кристин Лагард жорий йилда ҳам фоиз ставкалари ошишда давом этишига ишора қилди.

Форум доирасида Оxfam хайрия ташкилотлари ассоциациясининг йиллик ҳисоботи эълон қилинди. «Энг бойларнинг омон қолиши» деб номланган ҳисоботда айтилишича, жами 26 триллион доллар ёки 2020 йилдан бери тўпланган глобал бойликнинг деярли 62 фоизи энг бой 1 фоиз одам қўлига ўтган. Аҳолининг қолган 99 фоизига атиги 16 триллион доллар тўғри келган. Ўтган йили миллиардерларнинг бойлиги «озиқ-овқат ва энергетика компанияларининг осмонга кўтарилган даромадлари» туфайли яна кўпайган. Охfam маълумотларига кўра, ушбу компанияларнинг 95 фоизи 2022 йилда ўз даромадларини икки баравардан кўпроққа оширган.

Германия иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт вазири Свеня Шулц Охfam ҳисоботидаги хулосаларни «хавфли» деб атади.

«Пандемия, можаролар ва охирги, лекин энг муҳими – Россиянинг тажовузкор уруши бизни қашшоқлик, очлик, соғлиқни сақлаш ва таълим нуқтаи назаридан бир неча йил орқага қайтарди, бойлар эса янада бойиб кетишди. Бутун дунёда тенгсизликни камайтирмасак, биз бу инқирозларни енгиб чиқа олмаймиз», – деди у.

Мавзуга оид