Ўзбекистон | 21:24 / 24.01.2024
10661
6 дақиқада ўқилади

Хитой билан ҳамкорликнинг асосий йўналишлари қайсилар?

23–25 январ кунлари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Хитойда бўлиб турибди. Икки давлат ўртасидаги олий даражадаги музокараларнинг йўналишлари ва аҳамияти ҳақида хитойшунос эксперт Шерзод Зиёев ўз фикрлари билан бўлишди.

— Президентнинг 23-25 январ кунлари Хитойга ташрифидан асосий кутилаётган натижалар нималар бўлиши мумкин?

— Бугунги кунда Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари навбатдаги босқичга кўтарилди ва бу жараён тезлашиб боряпти. Ўзбекистоннинг Хитой билан алоқалари кенг қиррали, турли соҳалар мавжуд: энергетика, транспорт-логистика, соғлиқни сақлаш, таълим, савдо, ижтимоий хавфсизлик набилар. Бугун Хитой Ўзбекистон учун асосий савло шерикка айланди, савдо айланмаси ҳам энг юқориси Хитой билан: 12 млрддан ошиқ, буни 20 млрдга чиқариш режа қилинган.

Президентимизнинг Хитойга ташрифи амалий масалаларни хал қилишга қаратилган. Шавкат Мирзиёев ва Хитой раҳбари Си Жинпинг билан тор ва кенг доирада стратегик масалалар муҳокама қилинади. Ўзбекистон ўзининг кейинги истиқболи учун Хитойнинг асосий савдо ва бошқа соҳалардаги ҳамкорига айланишдан манфаатдор. Бугунги беқарор вазиятда ўз ўрнига, мавқеига, иқтисодий тараққиётига эга бўлган Хитой билан алоқалар Ўзбекистон учун манфаатли бўлади деб ўйлайман.

Умуман, Хитой билан кўп қиррали алоқалар ўрнатилган, кўп соҳаларни қамраб олади. Энергетика таъминотини олсак ҳам, бугун Хитой компаниялари иштирокида қуёш панеллари ишлаб чиқариш, техник модернизация қилишда ишлар олиб брриляпти. Бундан ташқари, таълим, ижтимоий инфратузилма, ижтимоий сиёсат соҳаларида хам Хитой тажрибасини қўллаш назарда тутиляпти. Савдо, сармоявий соҳаларда алоқалар Ўзбекистон иқтисодий, ижтимоий нуқтаи назардан юқори босқичга кўтарилишида муҳим бўлади.

Хитой Ўзбекистон учун қанчалик стратегик аҳамиятга эга бўлса, Хитой учун ҳам Ўзбекистон шунчалик муҳим, икки давлат Марказий Осиёдаги масалаларни ҳал қилиш, муҳим таъминот занжирларига уланиш, озиқ-овқат хавфсизлиги, ҳарбий масалаларда ҳамкорликни ривожлантирмоқда.

— Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлиги айнан шу паллада жадаллашувига қайси омиллар туртки бўлмоқда?

— Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигини 3 та йўналиш бўйича таърифлашан бўлардим. Биринчиси, савдо-иқтисодий, сармоявий соҳаларда, бундан Ўзбекистон манфаатдор. Президентимиз ҳам давлатимизни ривожлантириш йўлида экспортни қўллаш, иқтисодиётни модернизация қилиш, транзит йўлларини кенгайтириш масалаларини кўтарди. Бу борада Хитой тажрибаси бизга қўл келади.

Иккинчиси, ижтимоий соҳа ва тараққиёт билан боғлиқ соҳалар. Транспорт соҳасида, бошқарув соҳасида Хитой тажрибасини қўллаш бўйича алмашувлар давом этяпти.

Учинчиси, геостратегик ҳамкорлик. Дунёдаги беқарор вазият фонида ривожланаётган Ўзбекистонда иқлим ўзгариши муаммолари, бошқа муаммолар пайдо бўляпти. Бу борада ҳам Хитой тажрибасини қўллаш, ҳамкорлик қилиш мумкин. Яшил энергетика, атроф-муҳитни яхшилаш бўйича ҳам ҳамкорлик муҳим.

Дунё бозорида Хитой капитал қўйилмаоари бўйича биринчи ўринда. Логистика имкониятлари ҳам жуда юқори, ташувчи компаниялари кўп дунё бўйича. Шу маънода Хитой билан стратегик ҳамкорликдан ианфаатдормиз.

— Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўли ва бошқа инфратузилма лойиҳалари ўзаро манфаатлими ёки муайян тўсиқлар ҳалиям мавжудми?

— Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигининг иуҳим йўналишларидан бири мамлакатлараро қатновни йўлга қўйиш. Хитой жаҳон бозорига тўғридан тўғри интеграциялашган давлат сифатида Марказий Осиё давлатлари билан транспорт логистик ҳамкорлик муҳим рол ўйнайди. Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўли бўйича анча ижобий ўзгаришлар бўляпти, Қирғизистон томони ишларни бошлаган ҳам. Ўзбекистон бу йўлни давом эттириб, Туркманистон орқали Эронга чиқиш режаси ҳам бор.

Давлат етакчилари орасидаги мулоқот анча кучайяпти охирги йилларда. Икки давлат ҳамкор сифатида бири-бирини қадрлайди, муносабатлар яхши. Баъзи тўсиқ бўлувчи масалалар ҳам вақти-соати билан ҳал бўлади. Сиёсий мулоқот кўп масалаларга ечим бўлади. Евроосиё жараёнларда Ўзбекистон дипломатияси ўрни ошиб боряпти ва Хитойда ҳам ўзбек дипломатиясига ишонч бор. Дунё тартиботидаги жараёнларида ҳам ўзбек воситачм сифатида ўзини яхши кўрсатяпти.

— Ўзбекистоннинг Хитой билан икки томонлама олий даражадаги мулоқоти Марказий Осиёда ва катта Евроосиёда қанчалик рол ўйнайди?

— Ўзбекистонга Хитойда қизиқиш ортиб бормоқда, бунинг биринчи сабаби Ўзбекистоннинг географик-стратегик қулай жойлашгани. Халқаро бозорга кириб бориш йўлида Хитойнинг Ўзбекистонга қаратаётган эътиборидан фойдаланиш мумкин. Ўзбекистондаги барқарор сиёсат Хитойнинг «Бир макон — бир йўл» лойиҳаси учун қулай. Ўзбекистон нисбатан кичик давлат бўлгани учун куч марказлари бўлмиш АҚШ, Россия иштирокидаги лойиҳалар ҳам мавжуд, лекин Ўзбекистон бу рақобат муҳитини ҳам ижобий томонга йўналтиришга уриняпти. Афғонистон масаласида, векторлар мувозанатини сақлаш борасида жадал ишлар олиб бориляпти. Афғонистон масаласида ҳам ўзбек дипломатияси ютуқларга эришяпти, минтақавий хавфсизлик, барқарорлик учун муҳим бу.

Хитой ташқари бошқа давлатлар билан ҳам алоқалар яхши, хусусан,ЕИ, Россия, АҚШ давлатлари билан. Бундай манфаатли алоқалар бизга керак, илмий-техникавий, сармоявий масалаларда Ўзбекистонга қизиқиш ортяпти. Шу вазиятдан фойдаланишимиз керак. Хитой билан яхши муносабатларимиз эса бошқа давлатлар билан алоқаларга салбий таъсир қилмайди деган умиддаман.

Мавзуга оид