2011 йилда ҳукуматнинг тегишли қарор билан тасдиқланган автомобил йўллари минтақасида хавфсизликни таъминлаш ва ташкил этиш қоидалари қабул қилинган.

Унга кўра, автомобил йўллари ва уларнинг хавфсизлик минтақаларида йўл ва йўл иншоотларини ҳар қандай элементлар билан: аравалар, техникалар, материаллар ва бошқалар билан тўсиб қўйиш, аркалар, шлагбаумлар ва бошқа иншоотлар қуриш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қуритиш, ҳар хил материалларни тахлаб қўйиш, чиқинди ва қорларни уйиб қўйиш тақиқланади.

Шунга мувофиқ, Тошкент шаҳрида маҳалла кўчаларидаги тўсиқлар олиб ташланмоқда. Бу ҳақда ИИББ ЙҲХБ ўзининг телеграм каналида хабар берди. Бошқарма матбуот хизмати ходими Қаҳрамон Худойбергановнинг Kun.uz’га маълум қилишича, шу вақтгача 100 дан ортиқ шундай тўсиқлар олиб ташланган.

Бошқарма эълон қилган видеога кўра, бундай тўсиқлар фавқулодда вазиятларда одамларга хизмат қилувчи машиналарнинг кириб чиқишига ҳалал беради.

Буёда қўйилган йўл тўсиқларини [қўйиш учун] рухсатнома бўладими деб булар [автомобил ҳайдовчи маҳаллий аҳоли] сўраган, рухсатнома бўлиши мумкин эмас. Чунки бу ўт ўчирувчи ёки тез ёрдам машиналарининг киришига ҳалал бериши тушунтирилган.

Тезлик билан кириши керак бўлган жойларда тез ёрдам машиналари киролмай қолган бўлиши мумкин. Прокуратура, ИИО, ФВХ(фавқулодда вазиятлар хизмати) ходимлари биргаликда бу тадбирни олиб боришларини тўғри деб ўйлайман. Чунки ҳар хил тўсиқларнинг қўйилиши ҳамма учун ҳам ноқулайликларни келтириб чиқаради”,– дейди Мирзо Улуғбек тумани “Оқибат” МФЙ раиси Муяссар Йўлдошева.

Айтиш лозим, 2022 йилда ҳукумат қарори билан тасдиқланган янги шаклдаги йўл ҳаракати қоидаларининг 4-бандига кўра, йўл ҳаракати қатнашчилари йўлдаги бошқа ҳаракат қатнашчиларининг ҳаракатланишига тўсқинлик қилмаслиги ва хавф туғдирмасликлари керак.