Бомбаланган Рафаҳ, қуролланишга чорлаган НАТО ва Орбаннинг Украина бўйича янги таклифи — кун дайжести
Дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотларни мухтасар кўринишда кундалик дайжестимиз орқали етказишда давом этамиз.
Ғазодаги вазият
Кўплаб огоҳлантиришларга қарамасдан Нетаняҳу Ғазонинг жанубидаги Рафақа шаҳрини бомбалашни бошлади. Тунда Исроил ҳарбий ҳаво кучлари Рафаҳдаги 50 дан ортиқ объектларга, жумладан ҲАМАС бош қароргоҳига ҳам авиазарбалар беришган.
Айни пайтда Рафаҳда 1,5 миллионга яқин фаластинлик қочқинлар жон сақлашмоқда. Уларнинг асосий қисми вайронага айлантирилган Ғазонинг шимолий ва марказий қисмидан кўчирилган.
Бугунгача Миср агар Исроил қўшинлари Ғазо секторидаги Рафаҳ шаҳрига кириб келса, Исроил билан Кемп Девид келишувларини тўхтатиб қўйиш билан таҳдид қилаётган эди.
1979 йилда Миср ва Исроил АҚШ ҳомийлигида тинчлик шартномасини имзоланган. Жараён Кемп Девид келишувлари деб номланади. Шартномага кўра Миср 1967 йилда Исроил томонидан босиб олинган Синай яриморолини қайтариб олади. Тинчлик шартномаси тузилгандан кейин томонлар дипломатик муносабатларни ўрнатган. Кемп Девид келишувига кўра, Миср Исроил билан чегарада чекланган ҳарбий контингентини сақлаб қолиши мумкин.
Миср ҲАМАС ҳаракати олдига ҳам ултиматум қўйган эди. Миср ҳокимияти ҲАМАСга Исроил билан ўт очишни тўхтатиш ва гаровдагиларни озод қилиш борасида келишув имзолаш учун икки ҳафта вақти борлигини етказган. Акс ҳолда Исроил қўшинлари Рафаҳ шаҳрига кириб бориши таъкидланган.
Мисрнинг жонсарак бўлишига сабаб — Агар Исроил рафаҳ шаҳрига ҳужум қиладиган бўлса, урушдан қочган фаластинликлар чегарани бузиб ўтиб, Синай яриморолига йўл олишлари мумкин.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу АҚШ президенти Жо Байден билан Рафаҳга ҳужум масаласини муҳокама қилмаганини айтди
“Мен Байден билан гаплашганим йўқ. Чунки у Исроилнинг ҳарбий жавобини ҳаддан зиёд деб ҳисоблайди. Бироқ биз бу урушда ҲАМАС ғолиб чиқишига йўл қўйиб бермаймиз”, — деган Нетаняҳу.
Бунгача АҚШ президенти Жо Байден Нетаняҳуни Рафаҳда 1 млндан ортиқ одамнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича “ишончли қозонадиган режасиз” ҳарбий операция бошламасликка чақирган эди.
Нетаняҳу Американинг ҳазир бўлиш ҳақидаги чақириқларини ҳам эътиборсиз қолдирган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Исроилнинг Ғазо жанубидан фаластинликларни эвакуация қилиш режаларидан ташвишда эканини маълум қилган.
Ташкилот бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус бу режани амалга ошириш “қаерга боришини билмайдиган ва амалда ҳеч қаерда тиббий ёрдам кўрсатилмайдиган” 1,5 миллион одам учун жиддий оқибатлар келтириб чиқаришидан огоҳлантирган.
Шу кунгача Исроилнинг ҳужумлари туфайли Ғазо секторида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 28 минг 64 нафарга етди. Уларнинг 8190 нафари аёллар, камида 12 минг нафари ёш болалардир. Яна 67 минг 611 киши турли даражада ярадор қилинган.
Урушга боғланган Россия иқтисодиёти
Украинада уруш якунланадиган бўлса Россия иқтисодиёти қулайди.
Россиядаги ҳозир кузатилаётган иқтисодий ўсиш фақат қурол-яроғ ишлаб чиқариш ҳисобига бўлмоқда, бироқ урушга асосланган иқтисодий юксалиш барқарор бўла олмайди, деган Оксфорд университетининг Авлиё Антония коллежида дарс берувчи Россия, Шарқий Европа ва Евросиё иқтисодиёти фанлари профессори Михаэл Рохлиц.
«Россияликлар Украинада сарфланаётган қурол-яроғларни қайта-қайта ишлаб чиқармоқда. Ишлаб чиқарилиши керак бўлган ҳар бир потенциал снаряд иқтисодий ўсишнинг ижобий омили бўлиб хизмат қилади. Лекин у келажакка инвестиция бўла олмайди. Бу иқтисодиёт уруш тугагани заҳоти қулайди», — деган Михаэл Рохлиц.
Айнан шу сабабга кўра бир пайтлар совет иттифоқи иқтисодиёти таназзулга юз тутган, деб ҳисоблайди профессор.
НАТО Европани қуролланишга чақирди
НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг қуролланиш ва Россия билан ўнлаб йиллар давом этиши мумкин бўлган қарама-қаршиликка тайёрланишга чақирди.
Столтенберг алянсга аъзо давлатларга Европа ҳудудида қурол-яроғ ишлаб чиқаришни кўпайтириш юзасидан мурожаат қилди. У Welt am Sonntag нашрига берган интервюсида ҳозирги ишлаб чиқариш суръатлари тинчлик ҳукм сурган даврлар учун хослиги, кенг кўламли қарама-қаршилик учун етарли эмаслигини урғулаган.
НАТО бош котибининг қайд этишича, алянс Россия билан урушга интилмайди, лекин узоқ давом этувчи қарама-қаршиликка тайёр бўлиши керак.
«Агар Путин Украинада ғалаба қозонгудек бўлса, Россия агрессияси бошқа давлатларга ҳам тарқалмаслигига ҳеч қандай кафолат йўқ», — деб ҳисоблайди Столтенберг.
Туркия учун F-16 сотуви маъқулланди
АҚШ Конгресси F-16 қирувчи ҳарбий учоқларини Туркияга етказиб бериш бўйича битимни маъқуллади. Тўғрироғи, эътироз билдирмади.
АҚШ Конгресси Туркияга 40 та янги F-16 қирувчи учоқларини сотиш, шунингдек, Туркияда мавжуд шу типдаги эски учоқларни модернизация қилиш бўйича битимни маъқуллаш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақида АҚШнинг Анқарадаги элчихонаси маълум қилган.
“Шу ҳафта ичида Конгресс томонидан қабул қилинган 40 та янги самолёт сотиш ва 79 та самолётни модернизация қилиб бериш тўғрисидаги қарор олдинга ташланган катта қадам бўлади. Туркиянинг F-16 учоқларидан иборат авиапарки иттифоқчиларнинг келгусида оператив ҳамоҳанглигини таъминлаш борасида НАТО кучлари учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга”, — дейилади элчихона баёнотида.
Орбаннинг янги таклифи
Венгрия бош вазири Украинада Россия ва Ғарб ўртасида буфер зона яратишни таклиф қилди.
“Бизга ва украиналикларга ёқадими-йўқми, Украина Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо бўлишдан коз кечиб, фақат Россия ва Ғарб ўртасида буфер зона бўлсагина давлат сифатида сақланиб қолиши мумкин”, — деган Орбан Австриянинг собиқ канцлери Волфганг Шюссел билан суҳбатда.
Унинг фикрича, агар бундай қилинмаса “Украина ўз мамлакатини йўқотади”. “Руслар яна ва яна уни вайрон қилиш билан машғул бўлади. Россия ҳеч қачон ўз остонасида Европа Иттифоқи ва НАТОнинг бундай аъзосини ҳазм қила олмайди. Ҳеч қачон”, — дея таъкидлаган Орбан.
Унинг фикрича, Киев бу тузилмаларга интеграция бўлиш имкониятини 2008 йили Бухарестда ўтган саммитда қўлдан бой берган. Орбаннинг сўзларига кўра, ўшанда “Россия ўшанда НАТОнинг кенгайишига монелик қилиш учун жуда ожиз давлат бўлган”, бироқ мамлакатлар бир тўхтамга кела олишмаган.
Дарвоқе, Венгрияда мамлакат президенти истеъфога чиқди. 2022 йилда халқ депутатлари томонидан сайланган Каталин Новак педофилия асосидаги жиноятни содир этган инсонни афв қилгани фонидаги машмашалардан сўнг истеъфога чиқишга мажбур бўлди. Унинг истеъфосини Венгриядаги барча мухолиф партиялар талаб қилган.
Президентлик сайловлари
Президентлар ҳақида гап борар экан, ўтган ҳафтада ўтган сайловлар натижалари билан ҳам гап орасида таништириб кетайлик.
Боку кўчаларида кенг байрам қилинган Озарбойжон президентлиги учун ўтказилган сайловларнинг расмий натижалари эълон қилинди. Озарбойжон Марказий сайлов комиссияси расмий баёнотига кўра Илҳом Алиев Озарбойжон президентлиги учун ўтказилган сайловларда 92,12 фоиз овоз тўплаб ғалаба қозонган.
Финландияда ҳам президентлик сайловлари натижалари эълон қилинди.
Иккинчи турда берилган овозларнинг 100 фоизи санаб чиқилганидан сўнг собиқ бош вазир, ўнгмарказчилар Миллий коалиция партияси етакчиси Александр Стубб ғолиб чиққани ойдинлашди. Финландиянинг 13-президентини 51,6 фоиз сайловчилар қўллашган. Унинг рақиби, собиқ ташқи ишлар вазири Пекку Ҳаавистога 48,4 фоиз овоз берилган.
Финландия давлатига 10 йилдан буён раҳбарлик қилаётган амалдаги президент Саули Ниинистё Александр Стуббни ғолиблик билан табриклади.
Мавзуга оид
14:01
Ғазода ўлдирилган журналистлар, Озарбойжон самолёти ҳалокати сабаби ва Яманга ҳужум уюштирган Исроил — кун дайжести
13:10 / 26.12.2024
Озарбойжон самолётининг ҳалокати, Ғазодаги энергетик инқироз ва Суриядан Ливияга кўчаётган Россия базалари — кун дайжести
13:45 / 25.12.2024
Кучли қамалда қолган Ғазо, Ҳанияни йўқ қилганини тан олган Исроил ва Россияга рад жавоби берган Судан — кун дайжести
14:14 / 24.12.2024