Ўзбекистон | 15:54 / 15.02.2024
9790
4 дақиқада ўқилади

Давомат яхши бўлиши учун таълим сифатини ошириш керак — Ботир Қобилов 1-ўриндаги масала ҳақида

Иқтисодчи Ботир Қобилов ўзбекистонликлар ҳозирги ҳолатдан бир эмас, ўн калла юқорироқ сакраши зарурлиги, бунинг учун меҳнат кучи сифатини, инсон капиталига сармояни ошириш талаб этилиши ҳақидаги фикрларини билдирди.

Фото: Ботир Қобиловнинг шахсий архивидан

Ўзбекистонлик иқтисодчи Ботир Қобилов ўз телеграм-каналида сўнгги воқеалар фонида ўзбек жамиятидаги муаммолар илдизи барибир таълимга бориб тақалишига эътибор қаратди.

Тўғриси – «улар» нима деб ўйлаши, нималарни деб жанжал қилиши мени умуман қизиқтирмайди. Менимча, бизни янада кўпроқ ўйлантириши ва ҳаракатларга чоғлантириши керак бўлган ва кун тартибида биринчи ўринда туриши керак бўлган масала бу таълим ва яна бир бор таълим.

Охирги кунларда бунга бир неча бор амин бўлдик. Ҳозирги аҳволимиздан бир калла эмас, ўн калла юқорироқ сакрашимиз керак деб ўйлайман. Ўзбекистонликлар фаровон яшаши учун ҳам, иқтисодиётда кўп айтиладиган структуравий ўзгаришларни қилишимиз учун ҳам меҳнат кучи сифатини, инсон капиталига сармояни биз оширишимиз керак.

Тан бериб оддий нарсани олайлик – аксарияти ўзбек тилида ўз исмини ҳам хатосиз ёза олмайдиган авлодни катта қилдик. Мен бундай дея оламан бемалол, чунки мен шу авлоднинг бир қисмиман. Тенгдошлар, дўстлар орасида бор шундайлар.

Таълим деганда мен 100 фоиз давоматни эмас, балки сифатни назарда тутяпман. Барча даражада. 

Масалан, мактабни олайлик. Агар мактаб ўқувчиси мактабга келмаяптими, демак, унинг сабаби нима бўлиши мумкин? Нега мактабга боргиси келмаяпти? Балки мактаб у учун қизиқ эмасдир? Нега қизиқ эмас? Келса бекорга ўтириб кетиб ҳеч нарса ўрганмаяптими, жараён умуман қизиқ эмасми? Физика ўқитувчиси йўқдир балки? Балки тарих ўқитувчиси тарихий воқеаларни қизиқтириб ўтмасдан, қайси йили қайси жангда қанча жангчи дарёнинг нариги тарафида турганини ёдлатаётгандир? Балки адабиёт ўқитувчиси ўзбек тилидаги шедеврларни қизиқарли ўқитиб, мулоҳазага чорламасдан балки шартли «Бобурнома»нинг йигирма бешинчи бетининг учинчи гапида нима ёзилганини ёдлатаётгандир?

Нега бундай? Дарс бериш методологиясини биз ҳалигача ҳал қилиб олмадикми? Мактабда биз ўзбекистонликларга нима ўргатяпмиз? Ўзи ўзбекистонлик инсон қандай билим билан ҳаётга қадам қўйиши кераклигини келишиб олдикми? Нега ўша шартли физика, адабиёт ёки математика ўқитувчиси мактаб ўқувчиси синфхонада қолишига қизиқиш уйғотадиган тарзда дарс ўтмаяпти? Нега ўз устида ишламайди? Ёки сабаб унинг ўз устида ишлашга вақти йўқлигидадир? Ёки уни бошқа юмушлар билан ҳокимиятлар, вазирликлар ва бошқалар банд қилиб қўйишяптими? Ёки вақти кўп бўлса ҳам, иқтидорли инсонларни ўқитувчиликка чорлайдиган рағбат – маош каммикан?

Маърифат соҳасида ишлайдиганларга маош кам, чунки бюджетда пул каммикан? Агар бюджетда пул кам бўлса унда кераксиз бўлган XYZ ёки ABC’га шунча маблағ исроф қилиш тўғримикан? Демак, ота-оналар фарзандларини солиқлари орқали молиялаштириладиган мактабга юборишдан манфаат кўрмаяптими? Унинг ўрнига фарзандларини мактабга эмас, пуллик репетиторга юборяптими? Чунки улар мактабда берилаётган билим етарли эмаслигини англаб етганми?

Хуллас, мана шу ва шунга ўхшаш саволлар кўп. Улар кун тартибида туриши ва уларга жавоб изланиши керакдир?

Мавзуга оид