Ҳиндистон деганда хаёлимизда бирдан Тожмаҳал гавдаланади. Лекин ўзининг уч асрдан ортиқ ҳукмронлиги даврида Бобурийлар ҳатто бугунги даврда ҳам Ҳиндистон бюджетига ҳар йили миллионлаб даромад келтираётган юзлаб обидалар қолдирган. Kun.uz мухбири Бобурийларга оид оммага маълум ва номаълум манзилларда бўлиб, сулоладан қолган маданий мерос ҳақидаги қизиқарли маълумотларни улашади.

Бобурийлар бугунги Ҳиндистон яримороли ҳудуди атрофида уч асрдан кўпроқ ҳукмронлик қилган бўлишса, шундан қарийб 200 йил давомида мамлакат сарҳадларини тобора кенгайтириб, фотиҳ ҳукмдорларга айланишган. Бугун Ҳинд диёрига саёҳат қилаётган хорижий сайёҳларнинг аксарияти ҳинд маданиятидан ҳам кўра кўпроқ Ҳиндистон тарихида 300 йиллик ўрни бўлган, Заҳириддин Муҳаммад Бобурдан давом этган сулола қолдирган меъморий обидаларни кўришга ошиқишади.

Бобурийлардан қолган айрим ёдгорликлар бугун ҳинд ибодатхоналарига айлантирилаётган бир шароитда сулоланинг маданий мероси асрлар ўтса-да, ҳамон мамлакат хазинасига мўмайгина даромад ҳам олиб кираётганини инкор қилиб бўлмайди.

Тўғри, келтираётган фойдасига кўра, темурийзода, бобурийзода Шоҳжаҳон томонидан қурдирилган Тожмаҳалга етадигани йўқ. Қанча дейсизми? Ўтган йили биргина шу масжид-мақбара давлат ғазнасига деярли 10 млн доллар ёки кунлик 27 минг доллардан фойда олиб келган. Йиллик ўртача 14 миллион даромад келтириши айтилса-да, бу миқдорнинг энг кўпи 30 млн АҚШ долларигача ҳам етган. Бу ҳали чипта нархлари холос.

Шу обидани кўриш учунгина келадиган ҳар йилги 6-7 миллион сайёҳ учун транспорт, овқатланиш, савдо, меҳмонхона, суғурта даромадлари ва бошқа хизмат кўрсатиш турларидан келадиган фойдалар ҳақида эса гапирмадик.

Тожмаҳалга тўланадиган 13 долларли чиптадан ташқари, хорижий сайёҳлар сулолага оид буюк Бобурийлар қароргоҳи