Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Яна ветони ишга солган АҚШ, Авдийивкада асир тушган украинлар ва Россия билан алоқани узаётган банклар — кун дайжести
Дунёда содир бўлаётган аҳамиятли воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотларнинг мухтасар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестимизда таништиришда давом этамиз.
Фаластиндаги вазият
АҚШ БМТнинг Хавфсизлик кенгашига Жазоир томонидан таклиф этилган Ғазодаги сулҳ ҳақидаги резолюциясига яна вето қўйди. Бу АҚШнинг бешинчи марта Исроилни ёқлаб вето қўйиши.
Вашингтоннинг таъкидлашича, ҳужжатнинг қабул қилиниши «барқарор тинчликка эришишга имкон бермайди».
Резолюцияни қўллаб Хавфсизлик кенгашининг 10 нафар муваққат ва 3 нафар доимий аъзоси овоз берган. Биргина АҚШ қарши бўлган, Буюк Британия иккиланган.
Ғазодаги қирғин тўхтамаётгани сабаб кундан кунга қурбонлар сони ошиб бормоқда. Исроил агрессиянинг 137-кунига келиб, қамалдаги Ғазода қурбонлар сони яна 103 тага кўпайган ва 29 минг 195 кишига етган. Сўнгги сутка ичида 142 киши ярадор қилинган. Ярадорларнинг умумий сони 69 минг 170 кишига етган.
Ҳаагадаги БМТ Халқаро суди Жанубий Африка Республикасининг Исроилга нисбатан Геноцид тўғрисидаги конвенцияни бузганлик тўғрисидаги даъво аризасини кўриб чиқишда давом этмоқда.
Январ ойида халқаро суд оралиқ қарор сифатида Исроил Ғазо секторини қамал қилишни тўхтатиши ва кўпроқ инсонпарварлик ёрдамини эксклавга киритиши тўғрисида қарор чиқарган эди. Суд қарори бандлари бажарилмаяпти.
БМТнинг бутунжаҳон озиқ-овқат дастури Ғазо секторида оммавий очлик юз бераётганини қайд этган.
ЮНИСЕФ ва БМТ бутунжаҳон озиқ-овқат дастури томонидан тайёрланган ҳисоботга кўра, Ғазо секторининг шимолида вазият тобора оғирлашмоқда ва икки ёшгача бўлган ҳар олтинчи бола тўйиб овқатлана олмаётганликдан азият чекмоқда.
Дастур Ғазо шимолида озиқ-овқат ёрдамини тарқатишга қийналмоқда ва хавфсиз шарт-шароитлар яратилгунга қадар уни тўхтатиб туришга мажбур бўлмоқда.
Қизил денгиздаги вазият
Ҳусийчилар Адан қўлтиғида Исроилнинг MSC Silver кемасига ракета зарбаси берганини эълон қилди. Америка ҳарбий кемалари бир нечта пилотсиз парвоз қурилмаларини уриб туширган. Шунингдек, ҳусийчилар Исроилнинг Эйлат шаҳрига дронлар билан ҳужум қилганини таъкидлаган.
Ҳусийчилар Адан қўлтиғида Америкага тегишли иккита кемага ҳам ҳужум қилган.
Эрон томонидан қўллаб келинаётган Яманнинг «Ансоруллоҳ» ҳаракатига аъзо исёнчилар Американинг Адан қўлтиғида сузиб юрган иккита кемасига ҳужум уюштирган. Бу ҳақда ҳаракатнинг ҳарбий вакили Яҳё Сария маълум қилган.
«Яманнинг ҳарбий денгиз кучлари бизга уюштирилаётган босимлар ва Ғазо секторидаги фаластин халқининг қамали ҳамда АҚШ ва Буюк Британиянинг мамлакатимизга ҳужумига жавобан АҚШнинг Адан қўлтиғидаги иккита кемасига ҳужум қилди», — деган у.
Сариянинг сўзларига кўра, Sea Champion ва Navis Fortuna кемалари нишонга олинган.
Тунда АҚШ яна Яман бўйлаб авиазарбалар берган. Бироқ борган сари бундай зарбалар бемаъни кўриниш олмоқда, чунки зарбалар натижасида ҳусийчилар тийилиш ўрнига ўз ҳужумлари интенсивлигини тобора оширмоқда.
Украинадаги вазиятга назар
Украина бош вазири мамлакат иқтисодиётининг учдан бир қисми йўқотилгани ва мамлакатни 10 млн фуқаролар тарк этганини таъкидлаб ўтди.
«Россия агрессияси туфайли биз иқтисодиётимизнинг 30 фоизидан, ҳудудларимизнинг 20 фоизидан ва 3,5 миллион иш ўринларимиздан айрилдик», — деган Денис Шмигал. Бундан ташқари, Украинада вайрон қилинган йўллар 8400 километрни ташкил этмоқда. Биргина Киев областида 29 мингдан ортиқ биноларга зарар етказилган. Ҳозиргача уларнинг 60 фоизи таъмирланган холос.
Шмигал Европа Иттифоқига чиқиб кетган фуқаролар хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар сабаб Украинага ҳозирча қайтмаётганини айтган.
Дунёнинг энг бой одами Илон Маск Украинанинг позицияси кундан кунга ёмонлашаётгани, агар сулҳ келишуви бир йил аввал имзоланганда минглаб одамларнинг ҳаёти сақланиб қолган бўлишини таъкидлади.
Маск шу йўл билан Х ижтимоий тармоғида Украинада ўт очишни тўхтатиб, Россия ва Украина ўртасида сулҳ музокараларини бошлаш фурсати етгани тўғрисидаги постга ўз муносабатини билдирган.
Хабарда қайд этилишича, Украина «урушни ютқазиб бўлган ва энди ҳеч нарса ўзгармайди». Чунки Киевда ғалаба қозониш учун одам етарли эмас.
Шунингдек Маскнинг постида Украина учун 60 млрд доллар Россиянинг «Қрим ва Украина шарқини ўзида сақлаб қолиш» фактини ўзгартира олмаслиги қайд этилган.
«Ҳа. Бу воқелик қабул қилинишидан аввал қанча одам ўлиши кераклигидаги савол очиқ қолмоқда холос. Сулҳ келишуви бир йил аввал имзоланиши керак эди. Ўшандан буён минглаб йигитлар ҳалок бўлишди, Украинанинг позицияси эса кундан кунга ёмонлашмоқда», — деган Маск.
Авдийивкадан чекиниш
Бу орада Авдийивкадан чекиниш асносида Украинанинг юзлаб аскарлари асирга тушган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқала бошлади. Баҳолашларга кўра, 850 дан 1000 нафаргача аскарлар асир тушган.
Бу ҳақда The New York Times ҳарбийларнинг баҳолашлари ва юқори мартабали ғарблик мулозимларга таяниб хабар бермоқда.
Ғарблик мулозимларнинг фикрича, украин қўшинларининг Авдийивкадан олиб чиқилиши жуда ёмон ташкиллаштирилган ва жуда кеч бошланган. Вазият Россия қўшинлари шаҳарни ҳар тарафидан қуршаб олиши билан янада ёмонлашган.
Бундан ташқари, чекиниш асносида алоқа билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлган, шу сабабли аскарлар асирга тушган ёки жанг майдонида ўлик ва ярадор ҳолда қолиб кетишган.
Катта йўқотишлар сабаб Украина қуролли кучларининг Авдийивкадан чекиниши Украина ва унинг иттифоқчилари аввал ҳисоблаганидан кўра каттароқ аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Асирдагилар ва бедарак йўқолганлар сони кўплиги армиянинг руҳий ҳолатига таъсир ўтказиши ва сафарбарликни қийинлаштириши мумкин, дейишмоқда америкалик мулозимлар.
Бироқ Украина қуролли кучларининг «Таврия» гуруҳи спикери бу ахборотларни рад этди.
Украинага ёрдам
Украинага АҚШ ва Европа давлатларидан ҳарбий ёрдам депсиниб қолган бир шароитда Швеция ўз ташаббуси билан чиқди.
Швеция мудофаа вазири уруш бошланган буён мамлакатнинг Украинага энг йирик ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди. Унинг умумий қиймати 700 млн АҚШ долларига тенг.
Янги пакетга артиллерия снарядлари, RBS70 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, танкларга қарши ракеталар, Carl Gustaf гранатомётлари, штурм катерлари, шунингдек, сув остидан ҳужум қилишга имкон берувчи қурол-яроғлар киритилган.
Россияга чекловлар
АҚШ Алексей Навалнийнинг қамоқхонада эҳтимолли ўлдирилганига жавобан Россияга нисбатан санкцияларнинг йирик пакети жорий этилишини эълон қилди.
23 феврал жума куни АҚШ Россиянинг Украинага бостириб кирган санаси ва Алексей Навалнинг ўлими туфайли янги йирик санкциялар пакети жорий этади. Бу хақда Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича вакили Жон Кирби маълум қилган, деб ёзади Reuters.
Санкциялар «Россияни жаноб Навалний билан содир бўлган ҳолат учун жавобгарликка тортиши керак», — деган Кирби чекловлар айнан нималардан иборат бўлишига аниқлик киритмасдан.
Бу орада Туркия АҚШ санкциялари остига тушиб қолишдан ҳазир бўлиб, Россияга маҳсулот жўнатишни қарийб тенг ярмига қисқартиргани маълум бўлди.
Шу пайтгача Россиянинг иқтисодиётини ғарб маҳсулотлари ўрнини босувчи товарлар билан таъминлаб келган, аксилсанкция ҳабларидан бирига айланган Туркия 2024 йилнинг бошида етказиб беришни кескин қисқартирган. Россия компанияларининг тўловларини оммавий блоклаётган турк банклари фонида, Туркиядан экспорт 39 фоизга қисқарган, деб ёзади Reuters.
2024 йилнинг дастлабки ойида турк компаниялари Россияга 631 млн долларлик маҳсулотлар етказиб берган, ҳолбуки 2023 йилнинг январида бу кўрсаткич 1 млрд доллар бўлган.
Хитойнинг энг йирик банклари — Industrial and Commercial Bank of China (ICBC), China Construction Bank (CCB) ва Bank of China Россиянинг санкция остига тушган молиявий ташкилотларидан тўловларни қабул қилишни тўхтатди.
ICBC ва CCB банклари қайси банклараро ўтказмалар тизимидан фойдаланилаётганидан қатъи назар, санкция остидан банклардан келаётган ҳар қандай тўловларни қайтариб юбормоқда.