Аҳоли ва тадбиркорларнинг валюта курси ўзгаришидан хавотирлари пасайган
Валюта курси ўзгаришидан хавотирланаётган респондентлар улушининг камайиши фонида умумий инфляцион кутилмалар пасайган. Ўз навбатида тадбиркорларнинг ҳам, аҳолининг ҳам ёқилғи ва энергия нархларининг қимматлашишидан хавотирлари ошган.

Фото: Kun.uz
Марказий банк январ ойи учун аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари бўйича маълумотларни эълон қилди.
Унга кўра, аҳолининг инфляция бўйича йиллик кутилмалари 0,5 фоиз бандга пасайиб, 13,1 фоизни ташкил қилган.
Аҳоли келгусида нархлар ошишига қуйидаги омиллар таъсир қилади деб ҳисоблайди:
- валюта курси ўзгариши (55 фоиз);
- ёқилғи ва энергия нархларининг қимматлашиши (49 фоиз);
- коммунал хизматларнинг қимматлашиши (39 фоиз).
- иш ҳақи ва нафақаларнинг ошиши (32 фоиз);
Январ ойида валюта курсидаги ўзгаришларнинг нархлар ошишига таъсирини қайд этган респондентларнинг улуши камайган бўлса, ёқилғи ҳамда энергия нархидаги ўзгаришларни ва коммунал хизматлар қимматлашишини асосий омил сифатида кўрсатганлар улуши сезиларли кўпайди.
Тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари
Январ ойи якунлари бўйича келгуси 12 ой учун нархлар ўсишига оид респондент тадбиркорлик субъектларининг кутилмалари 12,7 фоизни ташкил қилиб, ўтган ойга нисбатан 1 фоизга камайган.
Бизнес вакиллари нархлар ошишига қуйидаги омиллар таъсир қилади деб ҳисоблайди:
- валюта курсининг ўзгариши (59 фоиз);
- ёқилғи ва энергия ресурсларининг қимматлашиши (43 фоиз);
- коммунал хизматларнинг қимматлашиши (35 фоиз);
- иш ҳақи ва нафақаларнинг ошиши (28 фоиз).
Хомашё нархлари ва транспорт харажатларининг қимматлашишини нархларга оширувчи босим кўрсатиши мумкин бўлган асосий омил сифатида қайд этган тадбиркорлар улуши ошган бўлса, иш ҳақи ва нафақалар оширилиши ҳамда валюта курси ўзгаришини инфляцияга асосий сабаб бўлади деб белгилаганлар салмоғи камайган.
Сўровномада қатнашганлар орасида энг юқори инфляцион кутилма пенсионерлар (15,2 фоиз) ва ишлаб чиқариш (15,1 фоиз) соҳасида ишловчиларда кузатилган. Энг паст кутилмани савдо соҳасида фаолият юритувчилар белгилаган. Тадбиркорлик субъектлари орасида энг пессимистик кутилма маданият (13,9) соҳасига, энг оптимистик кутилма эса ҳунармандчилик (11,1) соҳасига тўғри келган.
Ҳудудлар кесимида аҳоли инфляцион кутилмаларининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳри (14,9 фоиз) ва Самарқанд вилоятида (14,7 фоиз) кузатилган бўлса, энг паст кўрсаткич Қорақалпоғистон (11,2 фоиз) ва Андижонда (10,4 фоиз) қайд этилган. Ўз навбатида тадбиркорларнинг кутилмалари Самарқанд (17,1) ва Тошкент (14,7 фоиз) вилоятларида баланд, Хоразм (10,6 фоиз) ва Бухоро (10 фоиз) вилоятларида эса энг паст бўлган.
Даромадлари 4 млн ва ундан юқори бўлган аҳолининг инфляцион кутилмалари республика бўйича ўртача даражадан юқори шаклланган.