Феврал ойи охиридан бошлаб аввал пойтахтда, кейин бутун Ўзбекистон бўйлаб гўшт нархининг ошиши юз берди. Миллий статистика қўмитасига кўра, биргина март ойида қўй гўшти 9,1 фоизга, мол гўшти 8,8 фоизга қимматлаган. Хўш, бунга нима сабаб бўлмоқда?
Дунё бўйлаб 1 кг мол гўштининг ўртача нархи 6 долларни ташкил этади. Айни пайтда Ўзбекистондаги ўртача нархлар эса 8-11 доллар атрофида. Kun.uz мухбири суҳбатлашган маҳаллий қассобларнинг сўзларига кўра, яқин кунларда нархлар яна ошиши мумкин.
Охирги йилларда гўшт нархининг қимматлашишига бир нечта омиллар мажмуаси таъсир қилаётган бўлиши мумкин.
Биринчидан, чорва молларини озиқлантириш учун ажратилган ер майдонлари қорамоллар сонига мутаносиб эмас. Олдин мавжуд бўлган яйловларнинг ўрни экинзорга айланиши билан номутаносиблик кенгайиб боряпти. Яъни фермер чорвачиликни кенгайтиришни истаса ҳам, бунинг учун унда етарли ер майдони мавжуд эмас.
Яйлов чорвачилигида гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқаришга қилинадиган харажатлар қорамолчиликдагига нисбатан анча кам бўлиб, маҳсулот ишлаб чиқариш таннархнинг пастлиги туфайли гўшт нархини мувозанатловчи асосий омил ҳисобланади. Иқлим ўзгариши ва сув танқислиги сабабли яйловларнинг қисқариши табиий равишда кучайиб боряпти. Шунингдек, бута ва ярим бута ўсимликларини ўтин ва бошқа хўжалик эҳтиёжлари учун чопиб олиш ҳам яйловлар инқирози ва чўлланиш жараёнини тезлаштирган.
Ўз навбатида, яйловларнинг қисқариши мавжуд захиралардан кўпроқ фойдаланишни тақозо этади. Бунинг оқибатида ўсимликларнинг нормал ўсиб ривожланиши ва уруғ ҳосил қилиши, тупроққа уруғларнинг тўкилиши каби муҳим табиий жараёнлар секинлашади.
Яъни ҳозирги нархлар ошишини барқарорлаштириш, бозордаги таклифни ошириш учун биринчи навбатда мазкур кўп йиллик тизимли муаммони ҳал қилиш керак бўлади. Чўл яйловларининг ҳажми ва ҳосилдорлигини оширмай туриб, уларда боқилаётган чорва ҳайвонлари бош сонини кўпайтиришнинг иложи йўқ. Масалан, айрим мамлакатларда яйловлар ҳолатини яхшилаш учун ҳар йили бир йиллик ўсимлик уруғларини сепиш йўлга қўйилган.
Иккинчидан, гўштнинг катта қисми одамлар томонидан хонадонларда етиштирилади. Бунда қўшимча даромад олиш мақсадида ёш қорамол чорвадордан сотиб олинади ва семиртириб сотилади. Шрот ва кунжара каби маҳсулотлар нархининг тез ўзгарувчанлиги, ем-хашак учун ер майдонларининг етарли эмаслиги, маккажўхори каби экинларни экишга қўйилган норасмий чекловлар чорва учун озиқ-овқат нархларини қимматлаштиряпти.














