НАТОнинг собиқ бош котиби: Путин 20 йил олдин алянсга таклиф кутганди
Украинадаги урушнинг иккинчи йили охирига келиб Владимир Путин Россия ўзининг барча душманларини мағлуб этишини қатъият билан таъкидлашда давом этмоқда.
Унинг нуқтайи назарига кўра, душманлар — НАТО, АҚШ ва Евроиттифоқ, Украинадаги уруш эса — «коллектив Ғарб» билан кечаётган, адолат тантанаси учун, Россиянинг мавжудлиги учун олиб борилаётган урушдир.
Аммо, BBC’нинг Россия бўлими муҳаррири Стив Розенбергнинг эслашича, 20 йил муқаддам у НАТО билан иттифоқ тузишга интилаётган ва коллектив халқаро хавфсизлик зарурати ҳақида гапирган бутунлай бошқача Путин бўлганди.
Бу вақт ичида нималар бўлиб ўтди ва Россия президентининг Ғарб ва НАТОга муносабати нега бунчалик ўзгариб кетди?
Стив Розенберг шу саволлар била НАТОнинг собиқ бош котиби Жорж Робертсонга юзланди. Путин у билан ўзаро гаплашганида Россия Шимолий Атлантика алянсига қачон таклиф этилиши ҳақида сўраганди.
BBC: Биз бугун телевизор орқали кузатаётган Путин сиз НАТО раҳбари сифатида мулоқот қилган Путиндан нимаси билан фарқ қилади?
Жорж Робертсон: Мен ўшанда учрашган Путин яхши ишлар қилган, Россия-НАТО кенгашини тузган, ҳозирги [Путин]дан, амалда манякдан буткул фарқ қиларди.
Ўйлайманки, Путин жуда жиззаки, шу билан брига унинг ўз мамлакати бўйича улкан амбициялари бор. Кўп жиҳатдан нореал амбициялар — СССР эквиваленти бўлиш. Советлар иттифоқи дунёдаги иккинчи супердержава бўлган, Россия эса бунга даъво қила олмайди. Ўйлайманки, бу унинг нафсониятига тегади, бу баъзида ғарб кўрсатадиган заифлик билан қўшилиб, аввалига НАТО билан ҳамкорлик қилишни истаган, энди эса унда улкан хавф кўраётган одамнинг шахсиятини ўзгартирди.
BBC: Сизда қачондир Путин НАТОга аъзо бўлмоқчи деган тасаввур уйғонганми? У сиз билан бу ҳақда гаплашганми?
Ж.Р.: Мен Путин билан иккинчи учрашувимни эслайман, ўшанда у тўғридан тўғри сўраганди: сиз Россияни НАТОга қачон таклиф этмоқчисиз?
Бунга мен шундай жавоб қайтарганман: «Биз мамлакатларни НАТОга махсус таклиф қилмаймиз, улар ўзи ариза беришади». У эса деганди: «Хўш, биз аҳамиятсиз мамлакатларнинг барчаси билан бирга навбатда турмаймиз».
У унга таклиф билан чиқилишини хоҳларди, чунки, менинг фикримча, у ҳамиша Россия жаҳон саҳнасидаги буюк давлат эканига ва советлар иттифоқи қозонган ҳурматга сазовор бўлишига ишонган, айниқса янада кучлироқ ишонади.
BBC: Путин Ғарб НАТОни шарққа томон кенгайтирмаслик тўғрисидаги ваъдасига амал қилмаганини айтади ва россиялик мулозимлар буни доимо эслатиб туришади. Ғарб, НАТО ёки АҚШ советлар иттифоқи ёки Россияга НАТО кенгаймаслигини ваъда қилганмиди?
Ж.Р.: Бу борада, албатта, ҳеч қандай ёзма ҳужжатлар бўлмаган, ҳеч қандай келишув ва шартлашувлар ҳам. Бу яна Путин вазият бўйича ўз қарашларини илгари сураётганида ўз ҳақлигини тасдиқлаш учун ҳамма нарсадан фойдаланишини кўрсатувчи ҳолатдир. Масалан, Горбачёвни алдашгани, Елцин Хелсинки келишувларини, Будапешт меморандумини, Париж шартномасини, Россия-НАТО кенгаши тузиш тўғрисидаги актни имзолаётганида маст бўлгани ҳақида айтганидек.
Аммо Владимир Путиннинг ўзи ҳам Рим декларациясини имзолаганди. 2002 йил 28 май куни Путин мен билан бирга ўша ҳужжатга имзо қўйган, унда ҳудудий яхлитлик ва бошқа мамлакатларнинг ишларига аралашмасликнинг асосий тамойиллари мустаҳкамланган. Буни унинг ўзи имзолаган ва бунда бошқа ҳеч ким айбдор эмас!
BBC: Сизнингча, ҳозирда ишлар ўлик нуқтадан олдинга силжиши учун нималар бўлиши керак?
Ж.Р.: Россия элитаси фақат битта нарсани тан олади — кучни. Аммо Путинда барчаси жойида эмас. У НАТОнинг кенгайишига халақит қилмоқчи эди, аммо Алянсга янги давлатлар қўшилмоқда. У европаликларни бўлиб юбормоқчи эди, аммо улар бугун ҳар қачонгидан ҳам якдил, у европаликлар ва америкаликларни уруштириб қўймоқчи эди, аммо улар жипслашишди.
Агар Россия ғалаба қозониб, Украинани бўйсундирса ва суверен мустақил давлат сифатида йўқ қилса, унда Владимир Путин ва дунёдаги авторитар режимлар бу билан тўхтаб қолмайди. Ва биз уларга керакли вақтда керакли сигнални юборишимиз керак.
Мавзуга оид
09:22
Украиналик фаоллар яна Навалнаянинг нутқини тўхтатишга уринди
07:56
Пентагон Украинага ёрдам учун қолган пул миқдорини эълон қилди
22:15 / 12.11.2024
ОАВ: Путин Трампнинг инаугурациясигача Курскни қайтаришни буюрди
21:13 / 12.11.2024