Агар «Байер» «Кёлн» устидан ғалаба қозонса, Бундеслигадаги биринчи ва иккинчи ўринлар ўртасидаги фарқ 10 очкога етади. Баҳорги Бундеслига учун бу одатий ҳолат, аммо бу сафар пешқадам «Бавария» эмаслигини эътиборга олсак, бу мавсум Европада анча катта воқеага гувоҳ бўламиз шекилли. Испания ва Англияда эса ҳали ҳаммаси қоронғу, хусусан ушбу ҳафтада ҳам вазиятни ойдинлаштирувчи, балки чигаллаштирувчи бир қатор эътиборли баҳслар бўлиб ўтади. «Барселона» ўзи учун энг қийин сафарлардан бирида ғалаба қозонишга ҳаракат қилса, Манчестерда навбатдаги дерби бўлиб ўтади.

ВАЛЕНСИЯ – РЕАЛ МАДРИД (3 марта ўтар кечаси, 01:00)

«Валенсия» анча йиллардан бери, жумладан ушбу мавсумда ҳам турнир жадвалида ўртамиёнага айланиб қолган бўлса-да, барибир бу қарама-қаршилик испан футболининг классикаларидан бири сифатида қолаверади. Рубен Бараха шогирдлари қандай вазиятда бўлишмасин, айниқса, катта ўйинларда худди ўша Бараха футболчилик давридаги тарихни эслаб қолишини кўп марта исботлашди ҳам – жамоа бу мавсумда «Барселона» билан дуранг ўйнади, «Атлетико» устидан ишончли ғалабага эришди. Айнан «Месталья»даги ўйинларда «Валенсия» сентябрдан буён ютқазмаётганини ҳам эътиборга олсак, «Реал»га бу сафар ҳам осон бўлмаслиги шубҳасиз.

Бунинг устига, «Валенсия» икки ҳафтадан буён майдонга тушмади, яъни ушбу учрашувга тўлақонли равишда тайёрланиш учун етарлидан кўпроқ вақтга эга бўлди. «Реал» эса ўтган ҳафтад «Севилья»га қарши яна бир қийин ўйин ўтказди, келаси ҳафта эса Чемпионлар Лигасидаги жавоб учрашув кутиб турибди. Табиийки, диққатни жамлаш ва таркибнинг тетиклиги борасида ҳам мезбонларда қўшимча устунликлар пайдо бўлиши мумкин.

Албатта, бу факторлар имкониятларни тенглаштириб, сизларни бироз қизиқтириш учун ёзилгани табиий, зеро, шубҳасиз, бу ўйинда ҳам «Реал» фаворит ҳисобланади. Мадридликлар Ла Лига доирасидаги баҳсларда деярли мағлубиятга учрамаяпти, турнир жадвалида ҳам ««Жирона» билан фарқ (6 очко) етарли даражада босимсиз ўйнашга имкон беради. Бундан ташқари, жароҳат туфайли охирги ўйинларни ўтказиб юборган Жуд Беллинҳэмнинг машғулотларга қайтгани ва катта эҳтимол билан бугун таркибда бўлиши ҳақида ишончли хабарлар бор. Ҳатто Тибо Куртуа ҳам шуғулланишни бошлаган, ушбу ўйинда бўлмаса-да, мавсумнинг энг масъулиятли палласида «Реал» яна оптимал ҳолатга яқинлашаётгани қувонарли.

Яна ўзаро учрашувлар статистикасига қайтадиган бўлсак, «Месталья»да ўтган охирги 6 ўйининг ярмида мезбонлар ғалаба қозонганини ҳам эътироф этиш керак. Жумладан ўтган мавсумда Диего Лопезнинг голи «Валенсия»га уч очкони тақдим этганди. Биринчи даврадаги баҳсда эса «Реал» 5:1 ҳисобида осон ғалабани қўлга киритган. Родриго ва Винисиус ўз ҳисобларига дубл ёзиб қўйишганди.