Спорт | 17:24 / 09.11.2024
8070
16 дақиқада ўқилади

Лондонда дерби, Конте «Интер»га қарши, «Барса» ва «Ливерпул» учун ҳақиқий синов. Ҳафта ўйинлари анонси

Фото: Getty images

Жорий йил ҳисобидан сўнгги марта миллий жамоалар билан боғлиқ танаффус рўй беради. Демак икки ҳафтадан сўнг бошланиб то янги йилгача давом этадиган клублар футболи марафони олдидан охирги тин олишга яқин турибмиз. Табиийки, қизиқарли ўйинларсиз, дербиларсиз Европа футболини тасаввур этиш қийин. Англияда юқори ўринлар учун ўзаро курашлар, Италияда пешқадамлар тўқнашувидан ташқари Турин дербиси бизни кутиб турибди. «Сосиедад» «Барселона»нинг навбатдаги қурбони бўладими? «Манчестер Сити» ва «Арсенал»нинг инқирози давом этадими? Жавобини билишимизга оз қолди.

БРАЙТОН – МАНЧЕСТЕР СИТИ (9 ноябр, 22:30)

Танаффус олдидан Англия чемпионати юқори қисмида ўзгаришлар кутилмоқда, зеро кучли саккизликдан уч жуфтлик айнан мана шу ҳафтада ўзаро тўқнаш келишади.

«Брайтон» Гвардиола шогирдлари учун анча қулай рақиб ҳисобланади. «Брайтон» элитага қайтганидан сўнг бўлиб ўтган ўзаро 16 ўйиндан фақат бир ғалаба ва бир дурангга эришган. Эътиборли жиҳати, мана шу икки ўйин ҳам мавсум охирига тўғри келиб, «Манчестер Сити» чемпионликни қўлга киритиб бўлганидан сўнг бўлиб ўтганди. Демак ғалаба керак бўлган пайтларда доим манчестерликлар ўз мақсадига етган. Аммо шу билан бирга айни пайтда «Манчестер Сити» кичик инқироз кўчасига кириб қолгани ҳам мезбонларга қўл келиши мумкин. Барча мусобақаларда мағлубиятсиз бораётган жамоа сўнгги уч ўйинни ҳам бой бериб қўйди. Борнмутдаги мағлубият билан лигадаги пешқадамлик «Ливерпул»га топширилган бўлса, Лига кубогида «Тоттенҳэм» тўсиқ бўлди. АПЛ доирасидаги кейинги ўйинлар «Тоттенҳэм» ва «Ливерпул» билан эканини ҳам ҳисобга олсак, айни пайтда «шаҳарликлар»нинг очко йўқотишга ҳаққи йўқ.

Шу ўринда натижаларнинг бу қадар ёмонлашишига жароҳатлардан ташқари, Эрлинг Ҳоланднинг спорт формаси ҳам таъсир кўрсатганини таъкидлаш керак. Норвегиялик ҳужумчи АПЛдаги охирги беш ўйинда атиги бир гол урди холос. Жуда кўп қулай вазиятларни кўкка совурмоқда, Лиссабондаги Чемпионлар Лигаси ўйинида эса пеналтини ҳам аниқ амалга ошира олмади. Албатта, ҳар бир чизиқда энг етакчи футболчиларнинг жароҳатини ҳам эсламасдан бўлмайди – Диаш, Родри, де Брюйне. Матбуот анжуманида Пеп Гвардиола таркибда ўзгаришлар йўқлигини, Лиссабонга борган футболчилар Брайтонда ҳам майдонга тушишини айтиб ўтди. Демак биз фақат ўша ўйин охирларида захирадан туширилган Кевин де Брюйнеда энди кўпроқ дақиқалар бўлишини тахмин қилишимиз мумкин. Мезбонлар таркибида Марч, Милнер, Уэбстер, Минте, Данк, ҳамда Жоао Педроларда муаммолар бор ва улар асосий таркибда кутилмаяпти.

«Манчестер Сити» ҳафта ўртасида Португалияда ўйнади ва юқорида айтилганидек, айни ўша футболчиларга таянилади. «Брайтон» бир ҳафта дам олиш имконига эга бўлганини эътиборга олсак, жисмоний томондан мезбонларда бироз устунлик бўлади. Яна бир факт, ушбу мавсумда «Брайтон» ҳали ўз майдонида мағлубиятга учрагани йўқ.

ЛИВЕРПУЛ – АСТОН ВИЛЛА (10 ноябрга ўтар кечаси 01:00)

Яхши стартдан сўнг Арне Слот шогирдларини бироз оғирроқ тақвим кутиб турганди. «Ливерпул» қаторасига ҳам Чемпионлар Лигаси, ҳам Англия чемпионатида жиддий рақибларга тўқнаш келиши керак ва айнан мана шу давр жамоанинг ҳақиқий кучига баҳо бериш имкониятини беради. Зеро янги мураббий билан Европада энг яхши жамоалардан бири бўлиб турган «қизиллар»ни қийинроқ шароитларда кўриш кўпчилик учун қизиқ эди.

Айтиш мумкинки, бу синов ҳозирча аъло баҳога топширилмоқда. «Ливерпул» «Брайтон»ни икки марта мағлуб этди, енгилмас «Байер» йирик ҳисобда тор-мор қилинди. Лондондаги «Арсенал» билан дурангни ҳам жамоа ютуғи сифатида эътироф қилишимиз мумкин. Жамоани танаффусдан сўнг «Манчестер Сити», «Реал» ва «Нюкасл» билан ўйинлар ҳам кутиб турибди. Табиийки, Эмерининг «Астон Вилласи» ҳам жиддий рақиблар сирасига киради. Ўтган мавсумдаги жанговор 3:3 ҳам кўпчиликнинг эсида бўлса керак.

«Астон Вилла» айни дамда яхши вазиятда эмас. Чемпионлар Лигаси гуруҳини бошқариб борган бирминҳэмликлар сўнгги турда «Брюгге»га мағлуб бўлишди. «Кристал Пэлас» билан Лига кубоги ўйини ҳам бой берилди. АПЛ доирасидаги сўнгги икки турда эса «Вилла» ҳисобни очган бўлишига қарамасдан мағлубиятга учради. «Астон Вилла»нинг ушбу муваффақиятсиз даврини бир маънода «Манчестер Сити»даги инқироз билан ҳам ўхшаш дейиш мумкин. Худди Эрлинг сингари, «Астон Вилла»нинг ишонган ҳужумчиси Уоткинс ҳам жуда кўп имкониятлардан унумли фойдалана олмаяпти – унинг ҳисобида охирги тўрт ўйинда бирорта ҳам гол йўқ.

Таркибларга келадиган бўлсак, мезбонлар сафида Конате «Брайтон» билан баҳсда жароҳат туфайли майдонни тарк этганди, аммо у «Байер» билан асосий таркибда ҳаракат қилди, демак ҳаммаси жойида. Диогу Жота яна камида бир ойдан кейин сафга қайтади. Шунингдек, Алисон Бекер ва Федерико Кьезаларда жароҳат бор. Албатта, «Ливерпул» учун агар дарвозабонни қўшмасак, бу номлар у қадар катта йўқотиш ҳисобланмайди. «Брайтон» эса Метю Кэш ва Росс Барклининг ёрдамидан фойдалана олмайди.

ЧЕЛСИ – АРСЕНАЛ (10 ноябр, 21:30)

Бир пайтлар ушбу дербида узоқ вақт «Челси»нинг устунлиги таъминланди, «Арсенал» деярли ғалаба қозона олмаганди. Энди эса мувозанат ўзгарган – охирги беш ўзаро ўйинда «Чеоси» ғалаба қозона олмаяпти. Бу беш ўйиндан тўрттасида «Арсенал» устун келгани ва охиргиси 5:0 ҳисобида якунланганини ҳам таъкидлаш керак. Ўтган мавсумда «Стемфорд Бриж»даги ўйинда эса мезбонлар муносиб қаршилик кўрсатган ва натижа 2:2 бўлганди.

Почеттинодан фарқли равишда Мареска «Челси»нинг асосий таркибини аниқлаб олди. Таркибда жуда кўп футболчиларга эга бўлган клубда оз вақт ичида буни амалга ошириш ҳам осон эмас. Айни пайтда «Челси»нинг ҳар бир позицияси кимлар тўп суриши, жамоа қандай ҳимояланиб, ниманинг ҳисобига вазиятлар яратишини англаш у қадар қийин эмас. Бу ҳам яхши, шу билан бирга ноқулай томонлари ҳам йўқ эмас. Масалан, ўтган йили «Челси»дан нима кутишни билмасдик, жуда кўп топ-ўйинларда айнан шунинг ҳисобига жамоа анча ёрқин ўйинларни ҳам намойиш этганди. Ҳозирда «Челси»га қарши тайёрланиш мумкин, жамоани қуролсизлантириш йўллари ҳам бор. Эътибор берсангиз, «Челси»га қарши алоҳида тайёрланиб, ҳимояга жиддий эътибор қаратган жамоалар керакли натижани қўлга кирита олишяпти. «Кристал Пэлас», «Ноттингем» ёки «Манчестер Юнайтед» билан ўйинларда «Челси» доимий фишкаларидан етарлича фойдалана олмаганини кўриш мумкин. Ушбу мавсумдаги «Арсенал» айниқса ҳимоявий услуб танлаганда муваффақиятли бўла олаётганидан келиб чиқсак, бу сафар ҳам «Челси»га осон бўлмаслиги аниқ.

Албатта, «Арсенал»нинг ҳам жиддий муаммолари бор. Сўнгги натижалар қайсидир маънода «Манчестер Сити»даги ҳолатни эслатиб юборади. Фарқ шундаки, «Арсенал» мавсум бошидан бери кўрсатаётган ўйинини қила оляпти, фақат реализация борасидаги муаммолар панд бермоқда. Миландаги ўйинда жамоа яққол устунлик қилган бўлса-да, бой бериб қўйди.Борнмутда қизил карточка ўйинга жиддий таъсир ўтказди. Фақат Нюкаслдаги (0:1) мағлубиятда «Арсенал» ўзига ўхшамаганини айтиш мумкин. Табиийки, Эдегорнинг жароҳати жуда ноўрин паллада, яъни Мартинелли, Жезус каби футболчиларнинг ҳам ёмон спорт формасида бўлган пайтига тўғри келгани ҳам муваффақиятсизликнинг сабабларидан биридир.

Мартин сафга қайтди, «Интер»га қарши ўйинда сўнгги дақиқаларда майдонга тушди ҳам. Унинг илк дақиқалардан ўйнашга қанчалик тайёр экани номаълум, аммо ҳеч бўлмаса захира вариант сифатида Эдегорнинг бўлиши ҳам катта аҳамиятга эга. Маълумотларга қараганда Деклан Райсда ҳам кичик жароҳат бор. Аммо бу унинг муҳим ўйинда қатнашишига тўсқинлик қилмас экан. «Челси»да йўқотишлар деярли йўқ, аммо биргина Палмер ҳам катта таъсирга эгалигини биламиз. Мареска аниқ гап айтмади – Палмер айни пайтда тўлиқ куч билан шуғулланмаётган бўлса-да, дербига тайёр бўлиш эҳтимоли катта. Бунинг устига «Челси» Конференциялар кубогида иккинчи таркиб билан ўйнаб келмоқда. Табиийки, «Интер»га қарши тўлиқ таркиб билан жиддий ўйинда қатнашган «Арсенал»га жисмоний томондан бироз қийин бўлиши мумкин.

ИНТЕР – НАПОЛИ (11 ноябрга ўтар кечаси, 00:45)

Айни пайтда Италиянинг энг кучли икки жамоаси. Турнир жадвалида ҳам пешқадам жамоалар. «Наполи» энг кам гол ўтказган жамоалардан бири, «Интер» эса, энг кўп гол урган иккинчи жамоа бўлиб турибди. «Интер» охирги 9 ўйиндан 8 тасини ғалаба билан якунлаган, «Наполи» охирги 11 ўйиннинг 9 тасида зафар қучган. Охирги 25 ўзаро учрашувда 12 марта «Интер», 12 марта «Наполи»нинг қўли баланд келган. Пайқаганингиздек ҳозирда Италияда бу қадар муносиб рақибларни топиш мушкул.

Балким ўтган мавсумда услубан бир-бирига терсроқ бўлган рақиблар тўқнашувида кимнидир устунлиги осон таъминланиши мумкин бўларди, аммо ҳозирда маълумки, «Наполи»ни «Интер»нинг собиқ мураббийи Антонио Конте бошқармоқда. Юқорида айтилганидек, «Наполи» жуда кам гол ўтказмоқда ва баъзи жиҳатларда «Интер»га ўхшаб бораётгани ҳам табиий ҳол. Агар турли кўрсаткичларга эътибор қаратсак, ҳужум билан боғлиқ рақамларда «Интер» кўп жиҳатдан пешқадамлар сафида бўлса, Конте жамоаси кўпроқ ҳимоявий кўрсаткичлар бўйича пешқадам бўлиб турибди.

Шунингдек, «Наполи»нинг асосий ҳужумчиси бир пайтлар Конте билан бирга «Интер»ни узоқ танаффусдан сўнг чемпион қилган Ромелу Лукаку тўп суриши ҳам ўйин интригасини анчагина оширади. Ўз навбатида «Интер» таркибида ҳам собиқ «наполичи» бор. Петр Зеленски саккиз йил «Наполи»нинг муҳим футболчиларидан бири бўлган ва ушбу мавсумдан бошлаб «Интер» шарафини ҳимоя қилмоқда.

Нафақат ушбу ўйинда, балким бутун мавсум бўйича имкониятларни чамаласак, Конте жамоасида яна бир кичик устунлик бор.» Наполи» бирор еврокубокда иштирок этмаяпти ва жамоа бор эътиборини «А Серия»га қаратиш имкониятига эга. Бундай режимда Конте жамоалари қандай барқарор бўла олишларини илгари ҳам кўрганмиз. «Интер» эса Чемпионлар Лигасида ҳам қатнашмоқда. Ушбу ўйин олдидан ҳам «Интер» «Арсенал» билан оғир ўйин ўтказди, «Наполи» эса тайёргарлик учун камида бир ҳафтага эга бўлди.

РЕАЛ СОСЬЕДАД – БАРСЕЛОНА (11 ноябрга ўтар кечаси, 01:00)

«Барселона»нинг барча мусобақаларни ҳисобга олган ҳолда, ғалабали серияси 7 ўйинга етди. Нафақат шунчаки ғалаба, сериянинг яна бир эътиборли тарафи шундаки, бу ўйинларнинг ҳар бирида «Барселона» камида уч гол уришга муваффақ бўлди – 7 ўйинда 29 гол. Бу ҳатто бир ўйинга 4 голдан ҳам кўпроқ деганидир. Ла Лиганинг ўзида Флик шогирдлари 12 учрашувда 40 та гол уришни уддалашди, атиги 11 та гол ўтказиб юборишди холос. Умуман «Барселона» нафақат Испаниянинг ўзида балки бутун Европада энг яхши футбол намойиш этяпти, деб бемалол айтиш мумкин.

Аҳамиятлиси шундаки, Флик бундан ўсишга катта трансферлар ёрдамида эришмади. Жамоа таркибида жароҳатлар сони ҳам доимгидек кўп. Аммо мураббий ички имкониятлардан аъло фойдаланмоқда, машғулотлар орқали, айниқса, ҳар бир футболчига ўзи учун қулай позиция ва вазифалар тақсимлангани боис, жуда кўпчилик ўз даражасидан юқори ўйин намойиш эта оляпти. Рафинья, Кунде, Мартинес, Касадо каби футболчилар ўз фаолияти давомида бу қадар кучли ўйин кўрсатишмаган, Левандовски ва Педрилар ҳам ўша эски спорт формасига қайта олишди. Бундай жамоа одатда ўзи учун қулай ҳисобланган ва сўнгги ўзаро 34 ўйиндан 23 тасини ўз фойдасига ҳал қилган рақибга қарши очко йўқотиши мумкинми? Гўёки барчаси «Барселона» фойдасига ишлаши керакдек, аммо фақат бир жиҳат бу ўйиндан ҳам нимадир кутишимизга умид беряпти.

«Сосиедад» прессинг борасида Испанияда энг яхши жамоалардан бири саналади. Айнан сифатли прессинг балки «Барселона»нинг ўзи ўрганиб қолган услубида қулай тўп суришига тўсқинлик қилиши мумкин. Биз «Осасуна»га қарши ўйинда ожиз «Барселона»ни кўргандик, аммо ўшанда асосий сабаб сифатида Флик баъзи етакчи футболчиларга дам бергани кўрсатилганди. Агар ундай бўлмасачи? Ростанам «Осасуна» кўрсатган дадил футбол Флик учун ноқулай бўлсачи? Биз балки Сосиедаддаги ўйинда бу саволларимизга ҳам жавоб топишимиз мумкин.

Яна бир қизиқ факт, одатда ўз майдонида жуда кучли ўйин кўрсатадиган «Сосиедад» бу мавсумда айнан ўз мухлислари қаршисида керакли натижани кўрсата олмаяпти. Жамоа сафардаги натижалар бўйича Ла Лигада 3-ўринда, аммо ўз майдонида энг ёмон кўрсаткичга эга – атиги 1 ғалаба ва 1 дуранг. «Реал» ёки «Атлетико» майли, ҳатто «Алавес» ва «Райо» ҳам Сан Себастиандан уч очко билан кетишга муваффақ бўлишди. Бу серия ижобий томонга ўзгарадими ёки йўқ?

Таркибларга эътибор қаратганимизда ҳар икки тарафда ҳам жуда кўп йўқотишларни кўрамиз. «Барселона» тер Стеген, Кристиансен, Араухо, Ферран ва Берналсиз ўйнашни ўрганиб олди. Кубарсининг жароҳати эса янги – у Сербиядаги ўйинда майдонни эрта тарк этган эди ва камида ой охиригача шерикларига ёрдам бера олмайди. Мезбонлардан Агуэр, Траоре, Захарян, Марин ва Барренечаелар майдонга туша олишмайди.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

9 ноябр. РЕАЛ – Осасуна (18:00), Бохум – БАЙЕР (19:30), Майнц – БОРУССИЯ Д (19:30), Санкт Паули – БАВАРИЯ (19:30), Кальяри – МИЛАН (22:00), ЛАНС – Нант (23:00) ЮВЕНТУС – Торини (10 ноябрга ўтар кечаси, 00:45) Анже – ПСЖ (10 ноябрга ўтар кечаси, 01:00)

10 ноябр. АТАЛАНТА – Удинезе (16:30), МЮ – Лестер (19:00), ТОТТЕНҲЭМ – Ипсвич (19:00), Мальорка – АТЛЕТИКО (20:15).

Мавзуга оид