21:12 / 19.03.2024
27823

Таниқли шарҳловчи Василий Уткин вафот этди

Унинг соғлигида муаммолар бор эди — юраги хаста бўлган.

Фото: Getty Images

Россиялик таниқли шарҳловчи, журналист ва «Эгриси» футбол клуби эгаси Василий Уткин 52 ёшда оламдан ўтди. Бу ҳақда журналист Иван Карпов ўз телеграм-каналида хабар берган.

«Юрагига нимадир бўлибди. Қўрқинчли!» — дея ёзган Карпов.

Baza маълумотига кўра, 19 март куни Уткин шошилинч равишда Москвадаги Пирогов номидаги шифохонанинг кардиология бўлимига олиб кетилган. Шифокорлар унга ўткир қон-томир етишмовчилиги ташхисини қўйишган. Журналистни сунъий нафас олдириш аппаратига улашган, аммо реанимация ҳаракатлари самара бермаган. Ўлимнинг дастлабки сабаби сифатида ўпка артерияси тромбоэмболияси келтирилган.

Василий Уткин 1972 йил 6 мартда Балашихада туғилган. Москва педагогика давлат университетида филология факултетини тамомлаган.

Уткин 1990-йиллар ўрталарида НТВ ва «НТВ-Плюс» каналларида футбол шарҳловчиси, журналист ва «Футбол клуби» кўрсатуви телебошловчиси сифатида шуҳрат қозонганди. 2010 йил 1 сентябрдан 2015 йил 31 августига қадар Уткин «НТВ-Плюс» спорт каналларида бош муҳаррир лавозимида ишлаган. Шунингдек, «Матч ТВ» ва Eurosport телеканалларида фаолият кўрсатган.

2018 йил июнда Уткин «Футбол клуби» дастурини YouTube’даги муаллифлик каналида қайта тиклаганди.

«ТЭФИ» 2004 ва 2005 йилларда «Энг яхши спорт шарҳловчиси» номинациясида «ТЭФИ» мукофоти лауреати бўлган.

Top