19:04 / 20.03.2024
13560

Имом Бухорийнинг «Ат-тарихус-сағир» асари илк марта ўзбек тилига таржима қилинди

Асар ҳадис ривоят қилган машҳур саҳобалар ва уларнинг издошлари ҳақида ёзилган илк китоблардан бири ҳисобланади. 

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Имом Бухорийнинг ислом оламида машҳур бўлган «Ат-тарихус-сағир» (Кичик тарих) асари илк марта ўзбек тилига таржима қилинди. Бу ҳақда марказ директори Шовосил Зиёдов маълум қилди. 

«Имом Бухорийнинг «Ат-тарихул-кабир» (Катта тарих), «Ат-тарихул-авсат» (Ўрта тарих) ва «Ат-тарихус-сағир» (Кичик тарих) номли 3 та китоби мавжуд бўлиб, таржима қилинган асар ҳадис ривоят қилган машҳур саҳобалар ва уларнинг издошлари ҳақида ёзилган илк китоблардан бири ҳисобланади. Имом Бухорий китобнинг дастлабки нусхасини 18 ёшида ёзиб тугатган ва бутун умри давомида тўлдириб борган. Унинг устози Исҳоқ ибн Роҳавайх унинг тарих китобларига «ҳар қандай кишини сеҳрлаб қўядиган асар», «ақл бовар қилмас китоб» деб юксак баҳо берган», деди Зиёдов. 

Қайд қилинишича, асар 42 бобдан иборат бўлиб, 2997 нафар ҳадис ривоят қилувчилар ҳақида маълумот беради. Унда ўқувчига тушуниш осон бўлиши учун 305 та изоҳ ва шарҳ, 145 та тушунтириш ёзилган, 150 га яқин географик жой номлари берилган. Китоб ҳадис илми ва ҳадис ривоят қилувчилар тарихи билан шуғулланувчи тадқиқотчилар учун мўлжалланган қимматли илмий манба ҳисобланади. 

Таржима ишлари Миср, Туркия ва Россиядаги таниқли исломшунос олимлар билан мунтазам илмий маслаҳатлашувлар асосида амалга оширилган. 

Китоб Халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази, Мусулмонлар идорасининг етакчи мутахассислари томонидан таҳрир қилиниб, Дин ишлари бўйича қўмита экспертизасидан ўтказилган. 

Шунингдек, китоб Туркиядаги ислом тадқиқотлари маркази, Мисрнинг Ал-Азҳар университети, Россиянинг шарқшунослик институти, Буюк Британиянинг Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази, Бирлашган Араб амирликларидаги Жума ал-Мажид фондига араб, инглиз ва рус тилларидаги аннотацияси билан юборилиши таъкидланмоқда.

Top