Дунёда содир бўлган воқеа ва ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотларнинг кундалик шарҳи билан таништиришда давом этамиз.
Ғазодаги вазият
Исроил агрессиясининг Ғазодаги қурбонлари сони 34 мингдан ошди. Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ҳалок бўлганлар сони 34 минг 49 кишига етган. Уларнинг камида 14 минг 685 нафари вояга етмаган болалар, камида 9670 нафари аёллардир. Ярадорлар сони 76 минг 901 кишини ташкил этмоқда.
Сўнгги сутка ичида Исроил ҳужумлари туфайли 37 киши ўлдирилган, 68 киши яраланган.
Бу орада Барбадос Фаластин давлати мустақиллигини тан олиш истагини эълон қилди. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири Керри Симмондс баёнот берган. Бу амалга ошса, Фаластиннинг мустақиллигини тан олган ва у билан дипломатик алоқа ўрнатган БМТга аъзо давлатлар сони 139 тага етади. Улар орасида Ўзбекистон ҳам бор.
АҚШ Вакиллар палатаси Исроилга 26 млрд долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Фаластин президенти матбуот котиби Набил Абу Рудайна Фаластиндаги тинчлик минтақа ва дунёда барқарорликка олиб келадиган ягона йўл эканини таъкидлади.
«АҚШнинг Исроилга бераётган ёрдами Фаластин халқига қарши зулмни янада авж олдириш ва тажовузни ифодалайди, Исроилга минтақадаги барча мамлакатларни қамраб олиши учун уруш кўламини кенгайтиришда яшил чироқ ёқади», — деган Рудайна.
Туркия Яқин Шарқ ҳақида
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳанияни қабул қилди. Эрдўған Ҳания билан Исроилнинг Фаластин ерларига ҳужумини муҳокама қилган.
Учрашувда Эрдўған Исроил фаластинликларга қилаётган зулми учун куни келиб албатта жавоб беришини таъкидлаган. Шунингдек, Туркия томони Исроилга бир қатор санкцияларни қўллагани айтиб ўтилган. Эрдўған адолатсиз уруш чоғида фаластинликларнинг бир тан-у бир жон бўлиб ҳаракат қилиши муҳим омил эканлигига урғу берган.
Туркия жаҳон ҳамжамияти эътибориини фаластинликларга нисбатан қўлланаётган зулмга қаратиш борасида дипломатик саъй-ҳаракатларни давом эттиришини билдирган.
Anadolu агентлигига кўра, ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания жанговар ҳаракатлар тугагач, Ғазо сектори фаластинликлар томонидан бошқарилишини таъкидлаган ва Фаластин ички сиёсатини ислоҳ қилиш режаси билан бўлишган.















