Жаҳон | 13:47 / 11.11.2024
7858
9 дақиқада ўқилади

Ғазо шимолидаги сўнгги шифохона, Яманга авиаҳужум ва жиноятини тан олган Нетаняҳу — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Исроил Ғазонинг шимолида омон қолган сўнгги шифохонани бомбалади. Камол Адван шифохонаси доктори Ҳуссам Абу Сафия ўз видеомурожаатида сўнгги ҳафталарда Исроил шифохонани аёвсиз бомбалаётганини маълум қилди.

31 октябр куни бошланган илк зарбада Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан етказилган тиббий захиралар йўқ қилинган.

3 ноябр кунги ҳужумда шифохонанинг учинчи қавати йўқ қилинган.

Ҳужумлар натижасида шифохонанинг сув ва электр таъминоти узиб қўйилган, 6 киши яраланган, улардан бири яқинда операция қилинган 13 ёшли қиз.

Шифохона ходимлари яраланган, шунингдек бинога етказилган зарар туфайли беморларга ёрдам бериш учун бўлимлар орасида ўтиб-қайтиш имконсиз бўлиб қолган.

БМТ маълумотларига кўра, бутун шимолий Ғазода 300 га яқин бемор шифохоналарда қамалиб турибди, уларнинг олдига бирор тиббиёт бригадаси ўтолмаяпти. Камол Адван шифохонаси ҳам қамалда ва критик ҳолатда.

Бу орада Ғазода ўлдирилган инсонлар сони 43,5 мингдан ошди. Уларнинг 17,2 мингдан зиёди ёш болалар ва 17,7 минг нафарини аёллар ташкил этади. Бир йилдан зиёд вақт ичида яраланганлар сони 102 минг 884 кишига етган.

Ўлдирилган инсонларнинг реал сони 5 баробар юқори, яъни 200 мингдан ошиқ бўлиши мумкин. Жуда кўп инсонларнинг жасади вайроналар остида қолиб кетмоқда. Бу эса ғазо аҳолисининг қарийб 10 фоизини ташкил этади, деб ёзади нуфузли тиббиёт журнали Lancet.

Ливанга ҳужум

Исроил армиясининг сўнгги кунларда Ливаннинг турли туманларига ҳужумлари натижасида 53 киши ҳалок бўлди ва 99 киши яраланди, деб хабар бермоқда Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Ливаннинг марказий қисмида жойлашган Жабал Ливан аҳоли пунктининг Жубайл мавзесига берилган зарбалар натижасида 20 киши ўлдирилган. Уларнинг уч нафари ёш болалар.

Шунингдек, Байретнинг шимолий шарқидаги Аъалмат мавзесига берилган зарбалар натижасида камида 20 киши қурбон бўлган ва 6 киши яраланган. Қурбонлар орасида аёллар ва болалар бор.

Бир йилдан зиёд вақт ичида Исроил агрессияси туфайли Ливанда қурбон бўлган инсонлар сони 3189 нафарга етган. Ярадорлар сони эса 14 минг 78 киши ташкил этмоқда.

Яманга авиаҳужум

АҚШ ва Буюк Британия Яман бўйлаб авиазарбалар уюштирди. Ҳусийчиларнинг маълум қилишича, учта авиазарба пойтахт Сано шаҳрига тўғри келган.

Ҳусийчиларга қарашли «Ал-Масийра» телеканалининг хабар беришича, пойтахт Санодаги Ан-Наҳдайн, Ал-Ҳафа ва Ас-Сабин туманларига авиазарбалар берилган.

Ҳозирча қурбонлар тўғрисида аниқ маълумотлар берилмаган. «Воқеани ўзи кўзлари билан кўрганлар Санонинг турли туманлари узра интенсив парвозлар ва портлашларни эшитишган», дейилади хабарда.

Пентагон эса Адан қўлтиғи ва Қизил денгизда ҳаракатланаётган ҳарбий ва фуқаролик кемаларига ҳужум қилиш учун ишлатиладиган қурол-яроғлар сақланаётган объектларга зарбалар берилганини маълум қилган.

Собиқ вазирнинг иқрори

Исроилнинг ишдан бўшатилган мудофаа вазири Йоав Галлант Ғазода гаровда ушлаб турилганларнинг оилаларига Исроил армияси Ғазода ўз вазифасини уддалаб бўлгани ва «секторда ортиқ қиладиган иши қолмагани»ни айтган.

Галлант шунингдек, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Исроил хавфсизлик хизматларининг маслаҳатларига терс ўлароқ, гаровда ушлаб турилганларни алмашиш ва тинчликка эришиш бўйича битимни рад этган.

Галлант бу баёнотни Нетаняҳу уни Ғазони оккупация қилишга қарши чиққани учун ишдан бўшатганидан сўнг айтган. У гаровдагиларнинг оиласи олдида чиқиш қилар экан, «Ғазода қиладиган ишимиз қолмади», деган.

Собиқ мудофаа вазири Нетаняҳунинг Ғазода қолавериш талабини танқид қилиб, бу аскарларнинг ҳаётига ўзини оқламайдиган таҳдид эканини таъкидлаган.

Нетаняҳу тан олди

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳам жинояткорона қилмишларидан бирига иқрор бўлди. У вазирлар девони йиғилишида сентябр ойида «Ҳизбуллоҳ» ва унга алоқадор инсонларнинг пейжерлари ва бошқа алоқа воситаларининг портлатилиши ортида Исроил турганини тан олди.

«Пейжерлар ва Ҳасан Насруллоҳнинг ўлдирилиши билан боғлиқ операция мудофаа идорасидаги ҳамда ҳарбий операциялар учун масъул сиёсатчиларнинг қаршилигига қарамасдан ўтказилди», — деди Нетаняҳу, ўзининг айбловларида армия ва разведка раҳбарлари ва яқинда ишдан бўшатилган мудофаа вазири Йоав Галлантга шама қилиб.

Ўшанда — сентябр ойида Ливан ва Суриянинг айрим ҳудудларида минглаб пейжерлар портлаган ҳужум учун Исроил жавобгарликни ўз зиммасига олмаган эди.

Британиядан хафа Украина

Буюк Британияда ҳукумат алмашгач, Украинага ракеталар етказиб бериш тўхтатиб қўйилгани маълум бўлди.

Ёзда Британияда ҳукумат тепасига лейбористлар партияси келгач, Киев ва Лондон ўртасидаги муносабатлар ёмонлашган. Бу ҳақда Guardian нашрига юқори мартабали украин мулозимлари маълум қилишган. Улар Британия узоқ масофага уча олувчи қўшимча ракеталар етказишни бас қилганидан норозилигини билдиришган.

Шунингдек, улар Британиянинг янги бош вазири Кир Стармер ҳанузгача Киевга келмаганидан ҳайрон.

Агар Стармер Storm Shadow ракеталарининг захирасини тўлдиришни ваъда қилмас экан, унинг Киевга эҳтимолли ташрифидан ҳам маъни йўқ, дейишган улар.

«У турист сифатида келишидан маъни йўқ. Биз бир неча бор ташрифни муҳокама қилдик. Турли муддатлар таклиф этилди. Бирортаси амалга ошмади. У бир неча борт ташрифни ортга ташлади», — деган Зеленский маъмуриятидаги вакиллардан бири.

Украинага ёрдам

Британиядан фарқли ўлароқ, Франция Украинани узоқ масофаларга уча олувчи ракеталар билан қуроллантиришга жазм қилган.

Франция мудофаа вазири Себастян Лекорню Украина учун SCALP қанотли ракеталарининг янги партияси тайёрлаб қўйилганини маълум қилган.

«Украина фронт чизиғи бўйлаб зарба бериши учун Макрон Зеленскийга ваъда қилганидек, сўнгги кунларда мен ўнта SCALP ракеталарини топшириш учун янги қарор имзоладим», — деган вазир.

Лекорнюнинг сўзларига кўра, Украина ҳукумати келгусида сиёсий қарорлар қабул қила олиши учун ҳамкорлар Украинани барқарор қўллаб-қувватлашлари керак.

АҚШнинг кетаётган маъмурияти Байден муддати тугагунга қадар Киевга маъқулланган ёрдамни беришга улгуриб қолмоқчи. Бу 6 млрд долларни ташкил этади, деган Оқ уй маслаҳатчиси Жейк Салливан.

Салливан шунингдек, Россияга қарши санкциялар Москванинг Украинада уруш олиб бориш имкониятига тўсиқ бўла олмаганини ҳам таъкидлаган.

Бу орада Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларнинг 15-пакетини ҳам тайёрлаётгани маълум қилинди.

Путинга қўнғироқ қилган Трамп

Доналд Трамп ўтган пайшанба куни Россия президент Владимир Путинга қўнғироқ қилгани маълум бўлди. Washington Post газетасининг ўз манбаларига таяниб ёзишича, Трамп Путинни Украинада можарони авж олдирмасликка чақирган ва АҚШнинг Европадаги ҳарбий иштирокини эслатиб қўйган.

Нашрнинг ёзишича, Трамп Украинани қўллаб-қувватлаш Америка солиқ тўловчилари учун қимматга тушаётганидан ташвиш билдирган ва тинчликка эришиш Украинадан айрим ҳудудлари, масалан Қримдан воз кечишни талаб қилиши мумкинлигини тахмин қилган.

Президентлар «Европа қитъасида тинчликка эришиш имкониятларини муҳокама қилишган ва Трамп Украинадаги урушни тезроқ тугатишни муҳокама қилиш учун келгуси суҳбатлардан манфаатдор эканини маълум қилган», — деган нашрнинг бир неча манбалари.

Украина ҳукумати қўнғироқ тўғрисида огоҳлантирилган ва улар эътироз билдирмаган. Украина раҳбарлари «Трамп Украина масаласини дипломатик йўллар орқали ҳал қилиш учун Путин билан яқин алоқада бўлишини аллақачон тушуниб етишган», демоқда манбалар.

Россияда нефт гиганти тайёрланмоқда

Россия ҳукумати «Роснефт», «Газпром нефт» ва «Лукойл»ни бирлаштириш имконини кўриб чиқмоқда, деб ёзмоқда The Wall Street Journal нашри ўз манбаларига таяниб.

Хабар қилинишича, сценарийлардан бирига кўра, «Роснефт» қолган иккита компанияни ютиб юборади ва натижада Саудия Арабистонининг Saudi Aramco нефт ишлаб чиқарувчи компаниясидан сўнг жаҳонда иккинчи ўринда турувчи яна бир йирик нефт компанияси пайдо бўлади.

Бундай бирлашув Россияга Ҳиндистон ва Хитойга мақбул нархларда нефт етказиб бериш имкониятини яратади ҳамда санкциялардан ҳимояни кучайтиради. Бу ҳолда жаҳон бўйлаб нефт савдоси «Лукойл»нинг Дубайдаги бўлинмаси — Litasco орқали олиб борилиши мумкин.

Шуҳрат Шокиржонов
Муаллиф Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид